O’zLiDeP “Аёллар қаноти” Балиқчида бепул тиббий кўрик ўтказди

10.05.2021, 16:22

O’zLiDeP “Аёллар қаноти” Балиқчида бепул тиббий кўрик ўтказди

Гулчеҳра Нажмиддинова балиқчилик. Бир неча йилдан буён юрак хасталигидан азият чекади. Мунтазам даволанишга муҳтож. Бироқ ҳар доим ҳам стационар даволаниш учун моддий таъминоти етарли бўлмайди. Рўзғор камлари, оила-фарзандлар ташвиши билан аёл дардини унутишга мажбур. Аммо касалликка эътибор берилмаса, у авж олади.

O’zLiDeP Балиқчи туман Кенгаши Аёллар қаноти гуруҳи ташаббуси билан халқ депутатлари туман кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзоси Хурсаной Абдуллаева назоратида ташкил этилган тиббий кўрикка Г.Нажмиддинова сингари турли хасталиклар билан қийналаётган хотин-қизлар жалб этилдилар.

-Туманнинг “Тумор” ва “Ботир” маҳаллаларида истиқомат қилувчи хотин-қизлар вакиллари туман тиббиёт бирлашмасининг тор мутахассислари томонидан бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилдилар, - дейди депутат. – Гулчеҳра Нажмиддиновага ҳам айни кўрикда вилоят шифохонасида навбатдаги стационар муолажасини олиши учун бепул йўлланма берилди. Бундай тадбирлар мана шундай қишлоқ аёллари учун айни муддао бўлмоқдаки, ўз фурсатида бу билан уларнинг ҳам вақти, ҳам маблағи тежалмоқда.

Зулхумор Жўраева ҳам тиббий кўрикда амалий ёрдам олганлардан. Ҳомиладорлиги оғир ўтаётган аёлга зарурий дори-дармонлар бепул ажратилди. Алоҳида парвариши учун депутат кўмаги билан қишлоқ оилавий поликлиникаси патронажи назорати кучайтирилди.  

Аёллар қанотининг “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида ташкил этилган мазкур чуқурлаштирилган тиббий кўрикда ҳар икки маҳалланинг 50 нафардан зиёд хотин-қизлари соғломлаштириш тадбирларига йўналтирилди.

Дилрабо ИСОМИДДИНОВА,

O’zLiDeP Балиқчи туман Кенгаши ижрочи котиби

  • Кўрилди
    417
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+