Шахсга доир маълумотларни ноқонуний тарқатганлик учун жавобгарлик кучайтириладими?

11.05.2021, 15:19

Шахсга доир маълумотларни ноқонуний тарқатганлик учун жавобгарлик кучайтириладими?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда дастлаб “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда тайёрлаш жараёнида юридик техника талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартишлар киритилди. Хусусан, амалдаги “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги қонун “Ҳарбий хизматчилар (курсантлар, тингловчилар), ҳарбий йиғинларга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар ва сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўтаётган шахсларнинг моддий жавобгарлиги” деб номланувчи VIII бўлим билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, VIII бўлим номида моддий жавобгарликка тортиладиган шахсларнинг аниқ рўйхати кўрсатилди. Қолган моддаларга эса, аниқлаштирувчи ва қўшимча ўзгартишлар киритилиб, таҳририй тузатишлар қилинди. Етказилган зарарни аниқлаш усуллари ва уни ундириш тартиби қонун лойиҳасининг ўзида белгилаб қўйилди.

Халқ вакиллари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида ҳарбий хизматчиларнинг давлатга етказилган зарар учун моддий жавобгарлигини қонун даражасида белгиланишини ҳисобга олиб, уни маъқуллашди.

Йиғилишда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2020 йил 15 декабрда қабул қилиниб, Сенат томонидан 2020 йил 19 декабрда маъқулланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддаси ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу қонуннинг 13-моддаси билан 2019 йил 2 июлда қабул қилинган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга қуйидаги мазмундаги ўзгартиш киритилган.

Унга асосан 271-моддаси киритилди ва у қуйидаги мазмунда ифодаланади: “Мулкдор ва (ёки) оператор Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсга доир маълумотларига ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ишлов беришда, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ишлов беришда уларнинг жисмонан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган техник воситаларда ҳамда белгиланган тартибда Шахсга доир маълумотлар базаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган шахсга доир маълумотлар базаларида йиғилишини, тизимлаштирилишини ва сақланишини таъминлаши шарт”.

Шу билан бир қаторда, мазкур қонун талабидан келиб чиқиб, Жиноят кодексининг 1412-моддасига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддасига шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш масаласида ўзгартириш киритилмоқда.

Йиғилишда халқ вакиллари бугунги кунда ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида шахсга доир маълумотлардан (фотосуратлар, исм-шариф, лавозим ва ҳоказо) унинг розилигисиз фойдаланиш, тарқатиш ҳолатлари кўпайиб бораётганининг сабаблари билан қизиқди.

Қонун ташаббускорлари бу масалага тўхталар экан, шахсга доир маълумотлар — муайян жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни идентификация қилиш имконини берадиган ахборот эканини айтиб, шахсга доир маълумотларни йиғишнинг илгари билдирилган мақсадларидан четга чиқилган ҳолларда, ушбу маълумотларни тарқатиш маълумот ўзига тааллуқли бўлган шахснинг розилиги билан амалга оширилишини билдирди.

Шунингдек, юқоридаги тартибнинг ўрнатилиши инсоннинг шахсий ҳаётига, унинг шахсига доир маълумотларни қонунга хилоф равишда олиш, қайта ишлаш, сақлаш, тарқатишдан жисмоний ва юридик шахсларнинг жавобгарлик таҳдиди билан тийилиши ва умуман унга доир маълумотлар билан қонуний ишлаш самарадорлигини оширилишига хизмат қилишини маълум қилди.

Фракция йиғилишида яна бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилиб, кун тартибидаги масалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

  • Кўрилди
    832
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+