Мактаб директорлиги лавозимига кўрсатилган номзодларнинг сохта тасдиқловидан ким манфаатдор?

11.05.2021, 16:32

Мактаб директорлиги лавозимига кўрсатилган номзодларнинг сохта тасдиқловидан ким манфаатдор?

Жорий йилнинг 23 апрель куни ўтказилган Халқ депутатлари Асака туман Кенгашининг олтинчи чақириқ йигирма тўртинчи сессиясида тумандаги 12- ва 47-сонли умумтаълим мактаблари директорлигига номзодларнинг танлаган мактабларини ривожлантириш бўйича тузган 3 йиллик дастурларининг тақдимоти билан танишилган. Муносиб топилган номзодлар Маҳаллий Кенгашда муҳокама қилиниб, вилоят Халқ таълими бошқармасига тавсия этилиши керак эди. Бироқ сессия якунланмади, номзодларни танлаб олиш масаласи Кенгаш қарори билан қайта кўриб чиқиш учун белгиланди. Бунинг устига Кенгаш котибияти томонидан сессия якунланиш ва номзодларни танлаб тавсия қилиш куни белгиланмади.

Қарангки, амалдаги қонунларга суяниб, Кенгаш муҳокама кунини кутиб юраверибмизу, аммо айрим уддабурон мутасаддилар аллақачон “ошни дамлаб бўлишибди”. Назаримда, Асакада сессия ўтказилмасдан кўп масалаларни тасдиқлаш анъанага айланиб қолганга ўхшайди. Йўқса, сессиядаги масалалар тасдиғи учун халқ депутатлари маҳаллий кенгаш аъзоларининг ақалли 3/2 қисмининг иштироки таъминланган бўлармиди?

Очиқ қолдирилган сессиянинг якуни ўтказилмай халқ таълими бошқармасига мактаб директорлигига номзодларнинг тавсияси берилганини қандай изоҳлаш мумкин?

Осмонга қараб фол очаётган айрим мансабдорлар бу сохталик ортидан қандай манфаат топишни кўзлаганлари бизга сир, аммо улар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги ривожланиш даврида таълим ва тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари  тўғрисидаги” фармонида белгиланган меъёрларни унутганлари аниқ!

Бу қандай шошилинч заруратки, доимий комиссиянинг қонуний тасдиғини кутмай, номзодлар тавсияси тегишли бошқармага тақдим этилса?! Ёки самодаги кабутарлар парвозини томоша қилишга ўч биз билмаган айрим депутатлар тасдиғи борми?! Негаки, Кенгаш котибияти томонидан тасдиқланган ҳолда расмий хат билан вилоят Халқ таълими бошқармасига 12- ҳамда 47-сонли умумтаълим мактаблари директорлигига тавсия берилган.

Хўш, ўз-ўзидан савол туғилади: очиқ қолдирилган сессия энди қай важ билан қай тартибда чақирилади? Ёки котибият мудирини бундай қонуний асослар қизиқтирмайдими?

Хуллас, бундай кўзбўямачиликларга чек қўйиш вақти аллақачон келган бўлса-да, аллакимларнинг соя ортидан амалдаги қонунчиликка зид иш қилишлари камаймаяпти.

Хулосани ўзингиз беринг!

Сайдулло Эргашев,

Халқ депутатлари Асака туман

Кенгаши депутати.

  • Кўрилди
    900
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+