Хизматлар соҳасида бизнес юритиш янада қулайлашади

15.05.2021, 13:55

Хизматлар соҳасида бизнес юритиш янада қулайлашади

Мамлакатимиз иқтисодий ўсишини таъминлаш учун хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Зеро, мазкур соҳа аҳолининг барча қатламларини қамраб олади ва жамиятда содир бўлаётган деярли барча ижтимоий-иқтисодий жараёнларга муайян таъсир кўрсатади. Қисқаси, бу омил юртимиз иқтисодий салоҳияти ўсишида катта аҳамиятга эга. Бинобарин, Президентимизнинг шу йил 11 майдаги «Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам мамлакатимиз равнақида алоҳида ўрин тутиши шубҳасиздир. Қарорда соҳани янада такомиллаштириш, самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар белгиланган.

Хусусан, иқтисодий ўсишни таъминлашда хизматлар соҳасини муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш, аҳолига тайёр бизнес режалар ва лойиҳалар тақдим этиш, уларни касбга ўқитишдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган босқичларни қамраб олувчи «комплекс хизматлар» кўрсатишни ташкил этиш кўзда тутилган.

Шунингдек, эндиликда кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион асосида сотилади.

Ҳокимликларга туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида ташаббускор тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилиши бўйича топшириқ берилиши ҳам, албатта, соҳа ривожига сезиларли туртки беради. Мазкур кўчалардаги барча тадбиркорлик субъектларига жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилиши ҳам айни муддаодир.

Шунинг баробарида 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб масофавий (онлайн) таълимга асосланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақида талаб бекор қилиниши тегишли йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун катта енгиллик бўлди.

Масъуллар зиммасига пойтахтимизнинг бир неча туманида давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган ер участкалари ва бино-иншоотларни хатловдан ўтказган ҳолда уларнинг майдонларини танқидий кўриб чиқиш ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратиш мақсадида мақбуллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси юклангани ҳам бу йўналишга янада кўпроқ аҳамият қаратилаётганидан далолат беради.

Мухтасар айтганда, қарорда баён қилинган чора-тадбирлар хизматлар секторида бизнес юритиш шарт-шароитларини янада қулайлаштиришга йўналтирилган.

Ҳазратқул Хўжамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    622
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+