Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг ривожланишига жиддий путур етказади

17.05.2021, 15:49

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг  ривожланишига жиддий путур етказади

Абу Наср Форобий “Фозил одамлар шаҳри” асарида шундай ёзади: “фуқаролик жамиятини қуришда тўғаноқ бўладиган муаммолардан бири коррупциядир”. Коррупция кенг қамровли тушунча бўлиб, у жамиятнинг айрим қатламлари, тоифалари, гуруҳлари кундалик фаолиятига айланиб, ўзаро бир-бирига боғланиб кетганлигидан кўз юмиб бўлмайди.

Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, долзарб масалалар қаторидан ўрин эгаллаган. Мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими яратилган.
Лекин Ўзбекистон Республикасининг корруцияга қарши курашиш фаолиятини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларида содир этилган, содир этилаётган ёҳуд тайёрланаётган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларнинг шахсига оид маълумотларнинг сир сақланишини кафолатловчи нормалар мавжуд эмас.

Масалан, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунининг 28-моддасида (Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни ҳимоя қилиш) коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахслар давлат ҳимоясида эканлиги, уларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган. Аммо коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни моддий ёки бошқача тарзда рағбатлантириш, шахсига оид маълумотларнинг сир сақланиши бўйича нормалар киритилмаган.

Бу ҳақда бугун, 17 май куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда депутатлар “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Таклиф этилаётган лойиҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга, уларнинг яқин қариндошларига зўрлик ишлатиш ёки мол-мулкини йўқ қилишга таҳдид қилинаётгани тўғрисида асосли маълумотлар мавжуд бўлганда коррупцияга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи органлар уларнинг ҳаёти, соғлиғи, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулкини ҳимоя қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг “Жабрланувчиларни, гувоҳларни ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талаблари асосида зарур чораларни кўриши шартлиги белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган давлат хизматчилари ва бошқа шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига тажовуз қилиш, иш берувчи томонидан тақиб этилиши (асоссиз ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказиш, аттестациядан ўтказиш, иш шароитларини ўзгартириш, юқори лавозимга тайинлашни рад қилиш, иш ҳақини қисқартириш ва бошқа шу кабилар) қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутиляпти.

–Коррупция — тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят ҳисобланади, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов. – Чунки коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. У билан жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди. Шу сабабли жойларда ушбу иллатга йўл қўймаслик, ёш авлод онгида коррупциянинг салбий оқибатлари ҳақида зарур тушунчаларни шакллантиришга қаратилган турли учрашувлар, давра суҳбатлари ташкил этиб келяпмиз. Асосий мақсадимиз ҳам коррупция устидан ғалаба қозониш, мамлакатимизнинг коррупцияни рад этадиган ва бу борада “ноль тоқатлилик”ка эришган давлатлар қаторига киришига эришишдан иборат.
Халқ вакиллари қонун лойиҳасининг қабул қилиниши жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилишини таъкидлаб, уни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.

  • Кўрилди
    713
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+