Шаҳрихонда O’zLiDePнинг тиббиётчи сафдошлари сони 62 нафарга ортди

17.05.2021, 17:16

Шаҳрихонда O’zLiDePнинг тиббиётчи сафдошлари сони 62 нафарга ортди

O’zLiDeP Шахрихон туман Кенгаши ташаббуси билан туман тиббиёт бирлашмасида “O’zLiDeP – сиёсий майдон ислоҳотларининг фаол ижрочиси!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, фаоллар билан тиббиёт ходимларининг самимий мулоқоти тарзида бўлиб ўтган мазкур тадбирда O’zLiDePнинг олдимизда турган муҳим сиёсий жараёндаги иштироки, сайловчиларнинг муаммоларига камарбасталикнинг масъулияти ҳамда партиянинг дастурий мақсад ва вазифалари хусусида атрофлича фикр алмашилди.

Учрашув давомида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзоднинг  дастури лойиҳаси муҳокама қилиниб, тегишли бандлари бўйича таклифлар билдирилди. Хусусан, партия фаоли Нодирбек Раҳимов томонидан билдирилган фикрлар йиғилганлар томонидан қўллаб-қувватланди.

-Ёшлар масалалари бўйича дастурга янги бандлар киритиш зарур, - деди у ўз сўзида. – Масалан, иқтидорли йигит-қизлар учун инновацион технологиялар асосида янги дастурлаш тизимларини яратишлари учун муносиб шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш, улар учун қўшимча минимал кредитлар жорий этиш, хорижий инновацион технологияларга рақобатбардош дастурлар яратган ёшлар учун янги мукофот ёки рағбат турлари жорий этилса, бу борадаги кўплаб оғриқли нуқталаримизга барҳам берилади.

Шунингдек, депутатлик сўровининг суд тизими ҳамда маҳаллий ҳокимликлар устидан таъсирчан ваколатини кучайтириш таклифи ҳам асосли фикрлар билан ўртага ташланиб, қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Давра суҳбати давомида тиббиёт бирлашмасининг 62 нафар ходимлари партияга аъзолик истагини билдирдилар. Уларни O’zLiDeP сафига қабул қилиш бўйича аризалари олиниши шу куннинг ўзидаёқ бошланди.

Садоқатхон МАҚСУДОВА,

O’zLiDeP Шаҳрихон туман Кенгаши

 ижрочи котиби

 

Теглар
БПТ
  • Кўрилди
    539
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+