Аёлга нисбатан қабиҳликни кечириб бўлмайди!

17.05.2021, 20:39

Аёлга нисбатан қабиҳликни кечириб бўлмайди!

Ижтимоий тармоқларда Андижон туманида 18 яшар келинчакни олти эркак зўрлагани тўғрисида хабарлар тарқалди. Куппа-кундузи, маҳаллалар ёнгинасида содир этилган бу жиноят барчани, айниқса, опа-сингилларимиз, оиласида қиз бола ўстираётган ота-оналарни сескантириб юборди. Нақадар даҳшат!

Бир пайтлар қишлоқлардаги тўйлар муштлашув, жанжалларсиз ўтмасди. Шукрки, бу сингари нохуш ҳолатлар аллақачон ўтмишга айланди. Бутун дунё юртимизни дунёдаги энг тинч, осойишта ва хавфсиз мамлакатлардан бири сифатида эътироф этмоқда. Шу сабабли ҳам мазкур ҳодиса шов-шувни келтириб чиқарди. Ҳа, бу жиноят мамлакатимизда фавқулодда ҳодиса сифатида баҳоланиши ва шунга мувофиқ чора кўрилиши лозим. Айрим давлатларда эса шу сингари жиноятлар оддий, кундалик ҳол бўлиб қолганига ачинардик, лекин... Андижондаги даҳшатли бу воқеликдан кейин ор-номусли, мард, олийжаноб ўғил ва эркакларимиз билан фахрланадиган халқимизнинг боши бироз эгилиши унданда ачинарлидир...     

Эътиборлиси, кейинги йилларда Президентимиз бошчилигида хотин-қизларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган талай ишлар амалга оширилаяпти. Аёлларни қўллаб-қувватлаш,  ҳимоялаш бўйича янги тузилмалар ташкил қилинди, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.  Хусусан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сетябрдан кучга кирган қонун бу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.  

Шунга қарамай, баъзи кимсалар “шаҳар бедарвоза эмас”лигини унутиб қўймоқда, аёлларимиз ҳуқуқларини ҳимояловчи қонунларимизни ҳам, азалий ва эзгу қадрият-анънаналаримизни ҳам оёқости қилмоқда. Шу ўринда ички ишлар профилактика инспекторларини янада ҳушёрликка чорлашни бурчим, деб биламан. Номидан ҳам англашилиб турибдики, улар шу сингари кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиши  керак эди.

Ҳар биримизни муқаддас аёл, ОНА дунёга келтирган. Қолаверса, оиламизда опа-сингилларимиз, қизимиз бизни уйда интиқлик билан кутади, очиқ чехра билан кўнглимизга қарайди. Уларни еру кўкка ишонмаймиз. Худди шундай Андижондаги, таҳқирланган келин ҳам бизнинг яқинимиз, ҳамюртимиз, опамиз, синглимиздир. Унга қилинган ҳар қандай ноўрин ҳаракат менга, миллатга қарши қилинган ножўя ҳаракатдир.

Қабиҳ жиноятни содир этганларга нисбатан қонуний жазонинг муқаррарлиги тезда таъминланиши лозим. Шу билан бирга, уларнинг “афт-ангори” ОАВ орқали элга намойиш қилинишини таклиф қиламан. Токи, аёл шаънига доғ туширганларнинг  ўзлари ҳам бадномликни ўз танасида ҳис этиб кўрсинлар! Шундай номаъқулчиликларга мойиллиги борлар эса ҳуқуқий-демократик давлатда яшаётганликларини чуқурроқ тушуниб етсинлар!

Партия бундан буён ҳам, ўз дастурида эълон қилганидек, суд,  ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг адолатли судловга ишончини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш ва жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш йўлида бор куч ва имкониятларини ишга солаверади.

Мавлуда Ходжаева,

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси

раисининг аёллар масалалари бўйича ўринбосари

  • Кўрилди
    711
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-05-18 08:45:22

Хакикатдан хам жамиятимизда аёл кизларнинг урни ва мавкйеини оширишга каратилган катор карарлар ва конунлар, конун ости хужжатлар каъбул килинишига карамасдан айрим шу маколадаги каби муоммалали машколалар жиноятлар уринларда булиб турганлиги очинарли халат. Аёл бу хар бир уйнинг баракаси, тирикчилик асосчиси, файзи, уйимизнинг ярашиги ва суянчигимиз аклчимиз ва албатта тарбиячимиз саналади. Бу борада факат орган ходимлари эмас хар биримиз хаммамиз, махалла булиб, кушнилар булиб касбдошлар биргаликда жавобгар булишимиз лозим.


Сохиба Гаппарова2021-05-18 01:37:02

Мавлуда Ходжаева фикрлари жуда тўғри. Имкони бўлса очиқ суд қилиниб омма олдида жавоб бериш керак. Қачонгача спиртли ичимлик жиноятни яшириши керак. Нахот шу "эркаклар" ни синглиси, қизи бўлмаса. Агар уларни яқинига шундай муомала қилсачи. Ахир уни аёл дунёга келтирганку.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+