Соғлиқни сақлаш соҳасида муҳим йўналишлар белгилаб берилди

19.05.2021, 16:29

Соғлиқни сақлаш соҳасида муҳим йўналишлар белгилаб берилди

Инсон ҳаёти учун тинчлик ва соғликдан бебаҳо неъмат бўлмаса керак. Негаки, тинчлик бўлса, хотиржамлик, ривожланиш, бунёдкорлик, ободлик бўлади, саломатлик мустаҳкам бўлса, барча неъматларга меҳнат ва омад билан эришиш мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар икки йўналиш давлатимиз ижтимоий сиёсатининг муҳим негизлари этиб белгиланган.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 18 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари муҳокамаси кун тартибига қўйилгани ҳам айни асос туфайлидир.

Ўтган давр мобайнида мазкур соҳа Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси асосида босқичма-босқич такомиллаштириб келинмоқда. Амалга оширилаётган тадбирлар замирида эса табиийки, қонуний меъёрлар мавжуд. Хусусан, сўнгги бир йилда тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ фармон ва қарорлар қабул қилинди. Бу йил соҳага бюджетдан 21 триллион сўм, яъни 2017 йилга нисбатан 3 баравар кўп маблағ ажратилди. Бу дегани имкониятларни суистъемол қилмай, самарали фойдаланиш, соҳага янги инновацияларни, ташаббусларни татбиқ этиш деганидир. Аммо тан олиб айтиш жоизки, тизимда ҳанузгача самарадорлик ва аҳолига қулайликларни ошириш бўйича муаммолар сақланиб қолмоқда. Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан жойларда ўтказилган сўровларда бор-йўғи 13 фоиз аҳоли тиббиётдаги ижобий ўзгаришларни сезаётгани айтилгани афсус билан таъкидлангани бежиз эмас. Демак, халқ ҳамон тиббиётдаги ислоҳотларни ҳаётида тўла сезмаяпти!

Шунинг учун ҳам йиғилишда давлатимиз раҳбари кўрсатиб ўтган соҳанинг 5 та йўналишидаги вазифаларга янада жиддий масъулият билан ёндашиш талаб этилмоқда. Булар бирламчи тиббиёт бўғинини касалликни эрта аниқлайдиган ва даволайдиган тизимга айлантириш, ихтисослашган марказлар томонидан жойларда тор доирадаги тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақамлаштириш орқали соҳада қоғозбозлик, бюрократия ва коррупцияни кескин қисқартириш, тиббиётнинг барча йўналишларида рақобатни ривожлантириш ва хусусий сектор иштирокини кенгайтириш, тиббиёт ходимлари билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш йўналишларидир.

Тўғри, бугунги кун биздан янгича ишлаш тизимини талаб қилмоқда. Лекин бунинг учун ҳамма жойда ҳам шароит намунали эмас. Масалан, айрим тиббиёт муассасаларида компьютер етишмайди. Ваҳоланки, соҳани рақамлаштириш учун жорий йил бюджетдан 28 миллиард сўм ажратилган, бироқ бу борадаги ишлар қониқарли эмас. Давлатимиз томонидан мазкур муаммога бирқадар ечим сифатида вилоят тиббиёт бошқармаларида рақамлаштириш ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бўйича ўринбосар лавозими ҳамда барча тиббиёт муассасаларида электрон тизим билан ишлайдиган 2 мингта оператор-ҳамшира вазифасининг жорий этилиши бўйича берилган топшириқдан мамнун бўлдик. Албатта, бу билан рақамлаштириш бўйича соҳада вужудга келаётган ва сақланиб қолаётган кўплаб муаммолар ўз ўрнида бартараф этилади.

Малоҳатхон ЯҚУБОВА,

Халқ депутатлари Андижон вилоят кенгашидаги

O’zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси.

  • Кўрилди
    909
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+