Жаҳоннинг энг нуфузли ташкилоти Ўзбекистон ташаббусини тўла қўллаб-қуватлади

20.05.2021, 12:12

Жаҳоннинг энг нуфузли ташкилоти Ўзбекистон  ташаббусини тўла қўллаб-қуватлади

Орол денгизи ўз вақтида дунёда катталиги жиҳатидан тўртинчи ўринда турганини яхши биламиз. Яқин ўтмишда унинг майдони ороллар билан бирга деярли 68,0 минг кв. км.ни, сувининг ҳажми 1000 куб км. ни ташкил этган. Энг муҳими, минглаб одамларнинг иш жойи, ризқи бўлган бу денгиз.

Шу боис, кейинги йилларда Орол денгизини сақлаб қолиш борасида мисли кўрилмаган тажрибалар қўлланилиб, денгиз ўрнидаги саҳрони ўрмонга айлантириш бўйича катта ишлар қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ушбу экологик муаммони бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилиб, Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича кенг миқёсли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилди.

Масалан, биргина сўнгги 3 йилда Орол денгизининг қуриган ҳудудида чўлланиш ва эрозияга қарши 2 миллион гектар майдонда ўрмонлаштириш ишлари амалга оширилди. Орол денгизининг қуриган ҳудудларида қазилган артезиан қудуқлардан сув чиқарилиши туфайли жойларда сунъий кўллар, уларнинг атрофида қамишзорлар пайдо бўлди, дарахт ва буталар ўса бошлади.

Бугун амалга оширилаётган ишларни санаб охирига етиш қийин. Ўтган вақт ичида бу даражада катта ишлар қилинади, деб ҳеч ким ўйламаганди. Бунинг натижасини одамлар ишли бўлаётгани, рўзғорига барака кираётгани, аҳолининг ҳаётга муносабати ўзгариб бораётгани мисолида кўриб турибмиз. Зеро, Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Шуни инобатга олган ҳолда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида бу борада ўткир ва долзарб халқаро ташаббусларни илгари сурган эди. Бу Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги муҳим халқаро ташаббуслар ижодкорига айланиб бораётганини дунё жамоатчилигига яна бир бор намоён этганди, ўшанда.

Давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро анжуман иштирокчилари эътиборини Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатларига қаратиб, Оролбўйи ҳудудида мавжуд аҳволни яхшилаш учун бу ерда икки миллион гектар янги ўсимлик майдонлари ва дарахтзорлар яратиш, тупроқ қатламини шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётганини билдирганди.

Мамлакатимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилганини айтиб, ушбу фонд оғир экологик ҳудудда яшаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш учун халқаро ҳамжамиятнинг таянч платформаси бўлиб хизмат қилишини таъкидлаган эди.

Президентимизнинг сессияда “Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди”, дея илгари сурган таклифлари БМТ ва халқаро жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинганди.

Жорий йил 18 май куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқуллангани Ўзбекистон Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилиш ва мавжуд хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида муҳим тадбирларни амалга ошираётгани ва бу борада тўғри йўлдан бораётганини англатади.

Бинобарин, ҳужжатга дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлат, шу жумладан, Россия, Хитой, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Туркия, Япония, Покистон, Эрон Ҳиндистон, Миср, Малайзия, Сингапур, Вьетнам, Бангладеш, Иордания, Ўмон, Озарбайжон, Беларусь, Грузия, Венгрия, Руминия, Жазоир, Парагвай ва бошқа мамлакатлар ҳаммуаллифлик қилишди.

Бугун дунёдаги муҳим ва долзарб масалалардан бири экологик муаммолардир. Шу боис, мазкур резолюция асосида Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон мелиорацияси усулларини барқарор қўллаш йўли билан чулланишнинг олдини олиш, бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа тадбирлар амалга оширилади. Аслида бош мақсад ҳам шу ҳудудда яшаётган аҳолида тушкунлик кайфияти юзага келишига йўл қўймаслик, уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, янги иш ўринлари ҳамда даромад манбалари билан таъминланиши учун барча имкониятларни яратиб беришдан иборатдир.

Хулоса ўрнида айтганда, Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиниши чиндан-да тарихий воқеа бўлди. Ундан ўрин олган долзарб вазифалар ижроси эса Оролбўйи ҳудудларидаги экологик вазиятни юмшатиши муқаррар. Шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг ушбу ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган барча ташаббуслари БМТ томонидан тўла қўллаб-қуватланмоқда, деб баралла айта оламиз.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис  Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    396
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+