Орол минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар

22.05.2021, 12:00

Орол минтақасида экологик инновациялар ва технологиялар

тарихий ташаббус амалга ошади

Орол денгизининг қуриши инсониятнинг табиатга нисбатан вайронкор муносабатининг фожиали мисолларидан биридир. Атиги 3 авлод олдин, ҳажми бўйича тўртинчи ўринда турган ёпиқ денгиз ҳозирда деярли қуриган. Илгари Орол денгизи табиий комплекснинг бир қисми эди. Шу боис унинг қуриши бутун минтақа иқлими ва барқарор табиий ривожланишига кескин тарзда салбий таъсир кўрсатди.

Денгизнинг қуриган қисмида 5,5 миллион гектар майдонни эгаллаган яхлит туз саҳролари пайдо бўлди. Улардан қум бўронлари орқали тонналаб чанг ва заҳарли тузлар атмосферага тарқалмоқда. Минтақадаги нафақат ов балиқларининг нодир турлари, балки оқ қарқара, оққуш, гепард, йўлбарс каби қушлар ва ёввойи ҳайвонлар ҳам йўқ бўлиб кетди.

Бундай экологик ҳалокат миллионлаб инсонларнинг ҳаёти ва саломатлигига зарарли таъсир кўрсатмоқда. Бу денгиз атрофидаги аҳоли орасида нафас олиш, кўз касалликлари, сил касаллиги, саратон касалликларининг ортганида ҳам яққол намоён бўлди. Қорақалпоғистон Республикасида болалар ўлими Ўзбекистон бўйича ўртача кўрсатгичдан анча юқорилиги Орол фожиасининг оғир оқибатларидан яна биридир.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида бу борада ўткир ва долзарб халқаро ташаббусларни илгари сурган эди. Давлатимиз раҳбарининг “Биз Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу муҳим ҳужжат тасдиқланган санани эса Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни сифатида нишонлаш мақсадга мувофиқ бўларди”, дея илгари сурган таклифлари БМТ ва халқаро жамоатчилик томонидан қизғин кутиб олинганди.

Жорий йил 18 май куни бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг навбатдаги ялпи мажлисида Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш тўғрисидаги ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқуллангани Ўзбекистон Орол муаммоси оқибатларини бартараф қилиш ва мавжуд хавф-хатарларнинг олдини олиш борасида муҳим тадбирларни амалга ошираётгани ва бу борада тўғри йўлдан бораётганини англатади.

Бинобарин, мазкур резолюция асосида Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон мелиорацияси усулларини барқарор қўллаш йўли билан чўлланишнинг олдини олиш, бу борадаги ҳамкорликни янада кучайтириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни рағбатлантириш ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа тадбирлар амалга оширилади. Ҳудудда яшаётган аҳолида тушкунлик кайфияти юзага келишига йўл қўймаслик, уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, янги иш ўринлари ҳамда даромад манбалари билан таъминланиши учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.

Оролбўйи аҳолиси учун зарур ҳаёт даражасини таъминлаб бериш ҳақиқатан, муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича барча чора-тадбирларни қабул қилиш, Оролбўйи ҳудудидаги вазиятнинг янада ёмонлашувига имкон қадар йўл қўймаслик ҳаракатида давлатимиз томонидан катта ишлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон бу ўзгаришларга қарши туриш учун тинимсиз ишламоқда. 2 миллион гектар майдонда янги ландшафт, ўрмонзорлар ва тупроқ қатламини шакллантириш ишлари шулар жумласидандир.

Оролбўйи ҳудудида миллий дастурлар амалга оширилиб, унга кўра “яшил” ва смарт технологияларни жорий қилиш, иқтисодий ривожланишни таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, Оролбўйи аҳолиси муҳтож бўлган йўналишларда соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш бўйича 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Жўқорғи Кенгеснинг 2020 йил октябрь ойида бўлиб ўтган сессиясида Президентимиз Орол денгизи муаммоларининг салбий таъсирини юмшатишга йўналтирилган Қорақалпоғистон Республикасини ривожлантиришнинг 10 та устувор йўналишларини белгилаб берди. Улар орасида парламент назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу сабабли Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси фаолият юрита бошлади.

Бугун ҳудудда амалга оширилаётган ишларни санаб охирига етиш қийин. Ўтган вақт ичида бу даражада катта ишлар қилинади, деб ҳеч ким ўйламаганди. Бунинг натижасини одамлар ишли бўлаётгани, рўзғорига барака кираётгани, аҳолининг ҳаётга муносабати ўзгариб бораётгани мисолида кўриб турибмиз. Зеро, Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини камайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Муболағасиз айтиш мумкинки, БМТ томонидан юқоридаги резолюциянинг қабул қилиниши давлатимиз раҳбарининг Оролбўйи минтақасидаги ўткир муаммоларни ҳал қилишга доир изчил ишларининг мантиқий натижаси бўлди. Унда Бош Ассамблеясининг Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган  минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаши маълум қилинади.

Резолюциянинг яна бир ўзига хос жиҳати — Оролбўйи Бош Ассамблея экологик инновациялар ва технологиялар  ҳудуди мақомини берган биринчи минтақа бўлганидир. Ундан ўрин олган долзарб вазифалар ижроси эса Оролбўйи ҳудудларидаги экологик вазиятни юмшатиши муқаррар.

Инчунин, ушбу ташаббус юқори технологик инновацияларни, экологик тоза, энергия ва сув тежамкор технологияларни ҳудуднинг халқ хўжалигига татбиқ этишга инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароит яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, яшил иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш, тупроқ деградацияси ва чўлланишнинг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш учун “Йўл харитаси” вазифасини бажаради.

Хулоса шуки, мазкур резолюция Оролбўйи ҳудудида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш, “яшил” иқтисодиёт тамойиллари, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни комплекс жорий этиш ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишда умумий саъй-ҳаракатларни бирлаштиришда тегишли асос бўлиб хизмат қилади. Шу жиҳатдан Ўзбекистоннинг ушбу ҳудудда барқарор ривожланишни таъминлашга қаратилган барча ташаббуслари БМТ томонидан тўла қўллаб-қувватланмоқда, деб баралла айта оламиз.

Актам Ҳаитов,

Олий Мажлис  Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари

 

 

  • Кўрилди
    654
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+