Андижонда томорқадан самарали фойдаланиш ҳолати ўрганилди

23.05.2021, 11:38

Андижонда томорқадан самарали фойдаланиш  ҳолати ўрганилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари А.Ҳаитов аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, ёшларга ажратилган ерларда экинларни парваришлаш борасидаги ишлар ҳолати билан танишиш мақсадида Андижон вилоятида бўлди.

Спикер ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳ вилоятнинг бир қатор туманларида бўлиб, томорқа майдонларидан унумли фойдаланиш, фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан агротехник тадбирларнинг олиб борилиши билан танишди.

Ўрганишлар давомида вилоятда 563,9 минг аҳоли хонадонлари ва деҳқон хўжаликларидаги 28 507 гектарда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши, аҳоли томорқаларида 17,6 минг гектар майдонда кузги тўқсонбости экинлар экилгани аниқланди.

Шунингдек, вилоятда 11 минг 596 гектар майдонга баҳорги экинлар, жумладан, 6069 гектар турли хил сабзавотлар, 2795 картошка, 823 дуккакли ва мойли экинлар, 1237 гектар полиз ҳамда 672 гектар майдонда бошқа турдаги экинлар экилган.

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғарма ҳисобидан жорий йилда 5,9 млрд сўм, май ойида 2 млрд сўм имтиёзли кредит ресурслари аҳоли томорқаларига баҳорги экинлар, мевали боғ ва узум кўчатлари экиш, ихчам иссиқхоналар барпо этиш, “Аёллар”, “Ёшлар” дафтарига киритилган фуқароларга кўмаклашиш, Томорқа хизмати корхоналари фаолиятини кенгайтириш учун ажратилган.

“Аёллар” дафтарида рўйхатда турган 1 минг 993 нафар хонадон эгаларига салоҳиятли фермерлар ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилиб, мевали, сабзавот кўчатлари эҳтиёжманд оилаларга бепул тарқатилган. Аҳолига 84 та ихчам иссиқхоналар қуриб берилган.

Ишчи гуруҳ аъзолари вилоятдаги учрашуви доирасида Андижон туманида “Истиқлол томорқа хизмати” МЧЖ томонидан оборотдан чиққан майдонларда боғ ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан ҳам танишди.

Айни вақтда ҳудудда боғ ва узумзор ташкил этиш учун ер ажратиб берилган. Кенгаш ҳузуридаги Жамғармадан ажратилган 2 млрд 16 млн сўм маблағ эвазига сув чиқарилиб, боғлар ташкил этилган. Хусусан, 105 гектар ер майдонида 60 минг тупдан ортиқ олма, гилос, шафтоли, олхўри, ўрик ва узум кўчатлари экилган.

Балиқчи туманидаги “Омонариқ” МФЙда яшовчи намунали томорқачи Шавкатбек Тошмирзаев хонадонида ташкил этилган амалий семинарда томорқадан йилига 4 маротабагача ҳосил олаётган томорқачининг тажрибаси ўрганилди. Тадбиркор 6 сотих томорқасида мевали ва манзарали дарахтлар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирмоқда. 4 сотих майдонда иссиқхона ташкил этиб, помидор, бодринг ва ситрус мевалар парваришламоқда.

Куннинг иккинчи ярмида Шаҳрихон туманидаги “Саҳоват текистил” МЧЖ кластер корхонаси томонидан ёшларга ажратиб берилган ер майдонлари кўздан кечирилди.

Мулоқотлар чоғида ёшларга бириктирилган тажрибали фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари билан суҳбатлашиб, ёшларга ердан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш бўйича зарур тавсиялар, услубий қўлланмалар тарқатилди.

Ишчи гуруҳ ўрганиши давомида аҳолини уруғлик, кўчат, ўғит билан таъминлаш масалаларига доир муаммолар ҳам таҳлил қилинди.

  • Кўрилди
    712
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-05-24 13:55:36

Томарка кушимча даромад манбайи эканлигини хар бир хонодан эгалари англаб етди ва хозирги кунда уз таморкаларидан унимли фойдаланиш учун барча харакатларини ишга солмокда. Бир тамонидан иш билан банд булса бир тамондан ойласига даромад киритади. Партиямиз фаолларининг жойларда таргибот таргибот ишларини мунтазаам равишда олиб борилганлиги куриниб тур.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+