Чуст тажрибаси республика бўйлаб кенг оммалаштирилади

26.05.2021, 16:08

Чуст тажрибаси республика бўйлаб кенг оммалаштирилади

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида бозор муносабатларини жорий этиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, мулкдорлар синфини шакллантириш ҳамда уларнинг мустақиллигини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Ислоҳотларнинг дастлабки босқичида фермер ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда уларни етакчи кучга айлантириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос ва зарур шарт-шароитлар яратилди.

Бу жараёнда аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун ҳудудларда фаолияти йўлга қўйилган «Томорқа хизмати» МЧЖлар одамларнинг томорқаларга экин экиб, олинган ҳосилни харидорга етказгунига қадар уларга кўмакдош бўлиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDeP фракцияси раҳбари A.Ҳаитов Наманган вилоятида сафари чоғида ёш фермер ва томорқачилар билан учрашди.

Спикер ўринбосарининг вилоятга ташрифи Норин туманидан бошланди. Тумандаги «Боёвул» МФЙда бўлиб ўтган мулоқотда ёшлар учун ажратилган ер майдонлари кўздан кечирилди. Ёшларни қийнаётган муаммолар ўрганилиб, улар томонидан кўтарилган масалалар тегишли мутасаддилар иштирокида ҳал этилди.

Мазкур учрашувлар доирасида шу маҳаллада яшовчи Т.Отамирзаев хонадонида бўлиб, ўз томорқасидан оқилона фойдаланаётган томорқачи билан дилдан суҳбат қилди. Унинг томорқада лимон, картошка, помидор ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштираётгани иштирокчиларни қувонтирди.

Норин туманида иссиқхоналар ташкил этиб, у ерда лимон кўчатларини етиштиришни йўлга қўйган ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқотлар ҳам кўтаринки руҳда ўтди. А.Ҳаитов ёш фермерларнинг истаклари ва таклифларини эшитиб, уларнинг таклифларини қўллаб- қувватлади.

Ишчи гуруҳ аъзолар вилоятга учрашуви чоғида Чуст туманидаги «Чуст томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

2018 йилда ташкил этилган жамият юқори навли кўчат ва уруғ етиштириш ва тарқатиш, аҳоли томорқасига техник хизмат кўрсатиш, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш, сақлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланмоқда.

Мулоқотлар давомида жамиятда жойлашган чорвачилик иншооти халқ вакилларида катта таассурот қолдирди. Чорвачилик, томорқа, иссиқхона, кўчат етиштириш бўйича зарур тавсиялар берилиб, Чуст тажрибасини республика бўйлаб оммалаштириш таклиф этилди.

Корхона ҳудудига қисқа муддат ичида минг тонна маҳсулотни сақлаш сиғимига эга бўлган совутқич, 300 тонна сиғимли музлаткич ўрнатилган. Бу ерда аҳоли томорқаларида етиштирилган мева-сабзавотлар сақланади. Энг муҳими, олма, ўрик, нок ва бошқа мевалардан тайёрланган қуритилган маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларини топган.

Масалан, пандемия шароитида 110 тонна ана шундай маҳсулотлар Россия аҳолисига юборилди. Сутни қайта ишлаш цехида тайёрланаётган қаймоқ, сариёғ, пишлоқ маҳсулотларига Қозоғистон Республикасидан буюртма тушган. Ҳозирда Чуст туманининг бир қатор қишлоқларида аҳолидан сутни қабул қилиб олиш пунктлари иш бошлаш арафасида.

Иссиқхонада етиштирилаётган помидор, булғор, карам кўчатлари томорқа эгалари эҳтиёжига қараб етказиб берилмоқда. Мутахассислар жойига бориб кўчатларни парваришлаш бўйича амалий маслаҳатлар бераётир.

Дарвоқе, корхонада чорвачилик бўйича ҳам тажриба тўпланган. Ҳозир Австрия, Россия, Қирғизистон давлатларидан олиб келинган 30 бош зотдор моллар боқилмоқда. Жамият томонидан аҳолига сифатли ва арзон гўшт ва сут маҳсулотлари тайёрланиб, мактабгача таълим ташкилотлари ва шифохоналарга етказиб берилмоқда.

Эътиборга молик томони, «Чуст томорқа хизмати» МЧЖда айни вақтда 200 нафарга яқин «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»га киритилган аёллар ва ёшлар иш билан таъминланган. Қолаверса, корхонани кенгайтириш, томорқа эгаларига кўрсатиладиган хизматлар турини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари А.Ҳаитов томорқа хизматида яратилган шароитлар билан танишар экан, бу ерда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. Томорқадан қишин-ёзин даромад олиш, аҳолининг томорқадан фойдаланиш маданиятини ошириш ҳозирги пайтда ғоят муҳимлигини таъкидлади.

  • Кўрилди
    806
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+