Ўзбекистон тадбиркорлари ЕОИИга ташқи сиёсатнинг энг муҳим йўналиши сифатида қарашмоқда

27.05.2021, 09:12

Ўзбекистон тадбиркорлари ЕОИИга ташқи сиёсатнинг энг муҳим йўналиши сифатида қарашмоқда

Ўзбекистон ишбилармонлари олами – тадбиркорлар ва фермерлар, ишлаб чиқарувчилар ва мулкдорлар – депутатлик корпуси билан учрашув чоғида Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан жадал мулоқот қилиш ва яқин амалий ҳамкорликни изчил ривожлантиришни таъминлаш бўйича вазифаларни ҳал қилишнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигини қатъий билдирганлар.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан мамлакатимизнинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан  кузатувчи давлат мақомида ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги таклифи маъқулланганидан сўнг ташқи сиёсий ҳодиса юз бериши амалиётда илк маротаба содир бўлмоқда. Ушбу тасдиқлаш ЕОИИ билан кузатувчи давлат сифатида ҳамкорлик қилишни таҳлилий ва комплекс баҳолаш асосида ишлаб чиқилган ва Олий Мажлис палаталарига тақдим этилган Ҳукуматимиз хулосалари ва таклифларининг таҳлиллари, муҳокамаларидан сўнг амалга оширилди.

Депутатлик корпусининг ижобий жавоби Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик қилиш халқаро шерикларимиз билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш жараёнларини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини беришига асосланади.

Айни дамда депутатлар Марказий Осиё доирасидаги амалий ҳамкорлик географиясининг кенгайиши шароитида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг халқаро нуфузи ва таркибий қисмининг ўсишини ҳам қайд этишмоқда.

2020 йилнинг декабрь ойида Олий Евроосиё иқтисодий иттифоқи Кенгаши йиғилишида бир овоздан Ўзбекистон Республикасига  кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди. Фикримизча, Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерларининг туб манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Евроосиё иқтисодий иттифоқида кузатувчи мақомини олгач, товар айланмаси тенденцияларини мустаҳкамлаган ҳолда, асосий савдо шериклари билан иқтисодий  алоқаларни  мустаҳкамлаш  имконини кенгайтирди.

Эътиборга молик томони, ўтган даврда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум ва уни амалга ошириш бўйича уч йиллик Чора-тадбирлар режаси имзоланди. Мамлакатимиз вакиллари ЕОИИнинг кўп томонлама тадбирларида иштирок этмоқда. Жорий йил апрель ойида Тошкент шаҳрида бирлашманинг Саноат сиёсати бўйича кенгаши йиғилиши ва халқаро “Иннопром” кўргазмаси ўтказилди.

Шу кунларда яна бир муҳим ҳодиса юз берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеоанжуман шаклида ўтган Олий Евроосиё иқтисодий иттифоқи кенгашининг навбатдаги йиғилишида янгича таркибда иштирок этди. Ушбу тадбир доирасида иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорлик қилиш, Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилиш таҳлиллари шуни кўрсатдики, Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳам аниқ натижаларга эришишга қаратилган фаол ва ташаббускор ташқи сиёсат юритмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбари ўз нутқида савдо муносабатларини, шу жумладан тўсиқларни бартараф этиш ва савдони нотариф тартибга солиш чораларини яқинлаштириш орқали янада кенгайтириш учун салмоқли салоҳият мавжудлигига, мамлакатларимизнинг етакчи корхоналари ва ҳудудларнинг саноат кооперациясини мустаҳкамлаш, Евроосиё тараққиёт банкини жалб қилган ҳолда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларида ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни илгари суриш муҳим аҳамиятга эгалигига алоҳида тўхталди. Бу борада транспорт-транзит соҳасидаги долзарб масалаларни ҳал қилиш ва юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида ўзаро имтиёзларни кенгайтириш  мақсадга мувофиқ.

Фракциямиз аъзолари Шавкат Мирзиёевнинг транспорт-транзит соҳаси Евроосиё иқтисодий иттифоқида иқтисодий алоқаларни  чуқурлаштириш учун катализатор ҳисобланади, деган сўзларини алоҳида тасдиқлашди. Ўз навбатида, юкларнинг чегаралардан ўтишини тезлаштириш, стандартларни уйғунлаштириш, назорат ўтказиш пунктларининг иш вақтини оптималлаштириш, чегаралардан ўтиш тартиб-таомилларини такомиллаштириш каби масалаларни ҳал қилиш керак.

Савдо муносабатларини либераллаштириш Ўзбекистоннинг ЕОИИ солиқ ва божхона маъмуриятчилиги, саноат, меҳнат миграцияси ва туризм бўйича рақамли платформаларига уланишига ёрдам беради. Айни дамда меҳнат миграцияси соҳасидаги яқин ҳамкорлик аҳоли бандлиги бўйича  кўплаб долзарб масалаларни ҳал қилиш ва иттифоқдаги мамлакатлар иқтисодиётининг мутахассисларга бўлган ўсиб бораётган эҳтиёжини  қондириш имконини беради.

Тадбиркорлар ва фермерлар ЕОИИ доирасида юқорида кўрсатилган ва бошқа чора-тадбирлар Ўзбекистон учун экспорт маҳсулотлари бозорини кенгайтириш, инвестицияларни ошириш, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги кооперацияни ривожлантиришга ҳисса қўшади, деган фикрдалар. Қишлоқ хўжалиги учун афзалликлар импорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги техникаси, технологиялар, чорвачилик учун дори воситалари ва бошқа воситалар учун Ўзбекистон фермерлари етиштирган маҳсулотлар таннархини пасайтиришдан иборат.

Маҳсулот ишлаб чиқарувчилар Ўзбекистон ва ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги транспорт коммуникациялари ва инфратузилмасининг яқин интеграцияси туфайли транспорт харажатларининг пасайиши ва тез бузиладиган товарлар транзитининг соддалаштирилишига эришадилар.

Фермерлар ва деҳқонлар ҳаракати вакилларининг фикрича, навларни синовдан ўтказиш ва қишлоқ хўжалиги ўсимликлари уруғчилиги соҳаларида давлатлар қонунчилигини бирлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар рўйхатини тасдиқловчи Олий ЕОИИ кенгашининг қарорлари ҳам Ўзбекистон учун шубҳасиз, қизиқиш уйғотади. Бу шунингдек, ЕОИИ мамлакатларини стратегик муҳим дори воситалари ва тиббиётда қўлланиладиган фармацевтика субстанциялари билан таъминланиш даражасини ошириш ҳамда Евроосиё ривожланиш институтларини жалб қилган ҳолда, Иттифоқда уларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича 2024 йилгача бўлган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш тўғрисидаги қарорга ҳам тааллуқлидир.

Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг ЕОИИда кузатувчи сифатидаги қисқа муддатлик иштироки даврида ушбу тузилма билан самарали алоқаларни ўрнатишга эришилди, деган мантиқий хулоса қилиш мумкин. Мамлакатимиз ишбилармонлари ЕОИИ билан ҳамкорликни изчил ривожлантириш зарур деб ҳисоблашади ва Қонунчилик палатасидаги фракциямиз бундан кейин ҳам парламентда ушбу нуқтаи назарни ифода этиш ишини давом эттирадилар. Зотан, ЕОИИда Ўзбекистоннинг шерикчилик муносабатларини ривожлантириш тенг ҳуқуқлилик, ўзаро манфаатдорлик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган мамлакатларнинг миллий манфаатларини қондириш учун ишлаб чиқилган.

Актам Ҳаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    510
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+