Вобкентлик партия фаоллари сайловолди дастури лойиҳасига таклифлар билдирди

28.05.2021, 15:38

Вобкентлик партия фаоллари сайловолди дастури лойиҳасига таклифлар билдирди

Муҳим сиёсий воқелик остонасида турибмиз. Бу янада масъулиятли бўлишга ундайди. Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партиямизнинг сайловолди дастурига таклифлар билдириш давом этмоқда. Бу жараёнда партия фаоллари, депутатларнинг ўринли фикрлари муаммолар ечимида хизмат қилиши шубҳасиз.

Жойларда бўлаётгани сингари Вобкент туманида мазкур масалада ташкил этилган давра суҳбатида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий таълим маркази раҳбари, иқтисод фанлари номзоди, доцент Насимжон Алимов иштирок этди. Тадбирни партиянинг туман Кенгаши аппарат раҳбари Бозор Одилов бошқариб борди.

Тадбирда долзарб масалаларда таклифлар билдирилди. Партия фаолларига кўра, банкдан чет эл валютасида кредит олгандан сўнг, тадбиркор чет элдан технология олиб киришида божхона харажатларидан ташқари, қўшимча қиймати солиғи тўлайди. Ўзи кредит олган бўлса, унга ҚҚС тўлашида бирор бир енгиллик қўллаш керак. Бундан ташқари, Бухоро вилоятида қишлоқ хўжалиги экин ерларини шўрини ювиш лозим. Шу боис мазкур вилоят деҳқонлари учун сув солиғида имтиёз қўллаш таклифи билдирилди. 

Бундан ташқари, кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан мазкур туманда депутатлик гуруҳи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди. Туман Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан Вобкентда Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси туман бўлими томонидан қилинаётган ишлар ҳолати ўрганилганди. Шундан келиб чиқиб, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экалогия бўйича доимий комиссия раиси Субҳон Зиёдуллоев ва доимий комиссия аъзоси Баҳодир Ғаффоровларнинг маълумоти ўқиб, эшиттирилди. Ўрганишлар давомида ютуқлар билан бирга соҳада йўл қўйилган камчиликлар ҳам айтиб ўтилди.

Таъкидландики, Вобкент туманида 2020 йилда 333 гектар майдонда сув тежамкор суғориш технологиялари жорий этилиб, эксплуатация қилинди. Шундан 273 гектарга томчилатиб суғориш, 120 гектарда кўчма эгилувчан қувур орқали суғориш ишлари олиб борилди.

Пахта хом ашёсини етиштиришда 12 та фермер хўжаликларида 189 гектар, 1 та кластерда 24 гектар, жами 213 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилди. Бунинг натижасида 596.4 минг м3 сув тежалди. Натижада, бир қатор фермер хўжаликларида  ҳосилдорлик 10 центнерга ошди.

Гарден Бухоро кластерида 60 гектар боғ майдонни томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди. Натижада, 127.2 минг м3 сув тежалди. Кўчма эгилувчан қувур орқали фермер хўжаликларининг 120 гектар майдонида суғориш ишлари олиб борилиши орқали 126 минг м3 сув тежалади.

Туман ирригация бўлими ҳисобидаги хўжаликлараро каналларда 85 дона гидропостлар мавжуд бўлиб, мазкур гидропостларнинг барчаси вегетация мавсумида атестациядан ўтказилган. Бироқ, Элач каналининг ПК 83 қисмидаги Кумушкент, Коми ака каналининг ПК 65 қисмидаги Ҳажувон гидропостларига сув ўлчаш кўприклари мавжуд эмас.

Сув талабномалар орқали, чекланган сув лимитлари асосида тарқатилади. Олинган  ва тарқатилган сувлар сувнинг олди-берди журналларига киритиб борилади. Вобкент туманининг суғориладиган майдони 24 768 гектарни ташкил қилиб, ушбу майдонларни суғоришда 85 та сув олиш нуқталари хизмат қилади. Бу каналларнинг барчаси олди-берди дафтарлари билан таъминланган.

Кун тартибидаги мавзу юзасидан депутатлар – Ойбек Рахимов ва Муборак Наимовалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Йиғилиш якунида мазкур масалани депутатлар томонидан янада атрофлича ўрганиб, навбатдаги сессия кун тартибига киритишга келишиб олинди.

O'zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши

Матбуот хизмати

  • Кўрилди
    336
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+