Қарор гематология ва онкологик касалликларни самарали ва тизимли даволашнинг замонавий босқичига асос солади

29.05.2021, 14:45

Қарор гематология ва онкологик касалликларни самарали ва тизимли даволашнинг замонавий босқичига асос солади

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Айтиш керакки, бу қарор мазмун-моҳиятига кўра тиббиётнинг ушбу йўналишида шу кунга қадар ечимини кутаётган масалаларни ижобий ҳал қилиш баробарида соҳани янги, инновацион босқичга кўтаради, десак тўғри бўлади. Биринчи навбатда соҳада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, кўлами ва самарадорлигини ошириш назарда тутилмоқда. Иккинчидан, беморлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда уларни зарур дори воситалари билан узлуксиз таъминлаш, шифохоналарни замонавий диагностика лабораториялари ва тиббий техникалар билан жиҳозлашга хизмат қилади.

Кўпчилик яхши билади суяк кўмиги ўзак ҳужайраларини кўчириб ўтказиш тиббиётда жуда қиммат ва кўп меҳнат талаб қиладиган жарроҳлик амалиёти ҳисобланади. Негаки, суяк кўмиги трансплантацияси оғир қон касалликларини даволашда асосий чоралардан бири ҳисобланади. Шу кунга қадар ушбу дардга чалинган беморлар айниқса ёш болалар даволаниш учун хорижга кетишга мажбур бўлаётган эдилар.

Қарорда ушбу масала юзасидан аниқ амалий вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, 2021 йил 1 сентябрга қадар Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, Арнасой кўчасида янги барпо этилган тиббиёт муассасаси негизида 300 ўринли замонавий Республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти илғор хорижий тиббиёт муассасаларининг тажрибасидан келиб чиққан ҳолда йўлга қўйилиши белгиланди. Бунда кадрлар салоҳиятини ошириш, зарур тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш ва бошқа ташкилий масалалар ҳам аниқ кўрсатиб берилди.

Эътиборга молик жиҳати бу ишларнинг молиявий манбалари ҳам аниқ белгилаб берилди. Унга кўра Молия вазирлиги онкология ёрдамини такомиллаштириш ва онкология хизматини янада ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар учун Давлат бюджетидан 2021 йилда қўшимча 60 миллиард сўм ҳамда 2022 йилдан бошлаб 125 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда маблағ ажратилишини таъминлайди.

Халқимизда касални даволагандан кўра уни олдини олган афзал деган гап бор. Шу маънода қарорда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Онко-назорат” (Cancer-назорат) хоналари ташкил этиш, аҳолининг онкогематологик саводхонлигини ошириш, шифокорларининг гематологик ва онкологик касалликлар тўғрисидаги ҳушёрлигини ошириш, гематологик ва онкологик касалликларни эрта аниқлаш, беморларни даволаш ва уларнинг профилактикасини кучайтириш учун хорижий грантлар, техник ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этишнинг мақсадли кўрсаткичлари белгилаб берилди.

Бу эса ушбу касалликни эрта аниқлаш ва ўлим ҳолатларининг камайишига катта ёрдам беради.

Умуман олганда мазкур қарорнинг ижроси халқ тилида “оққон” номи билан аталадиган касаллик – лейкозни самарали ва тизимли даволашнинг замонавий босқичига асос солади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    585
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+