Иддаога ўрин йўқ!

31.05.2021, 11:06

Иддаога ўрин йўқ!

Жорий йилнинг 25 май куни “Human.uz” телеграмм каналининг “youtube.com” платформасида “Энди қабристон ерлари сотилмоқда” сарлавҳаси остида видео тарқалган эди.

Мазкур масала юзасидан O’zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда ушбу жойга чиққан ҳолда ўрганиш ишларини олиб бордик. Дастлаб бизни кутиб олган “Шермуҳаммад ота” қабристони жойлашган Андижон шаҳрининг “Садоқат” маҳалла фуқаролар раиси Баҳодиржон Ахунов билан муаммо бўйича атрофлича суҳбатлашдик. Маълум бўлишича, қабристон 1994 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Андижон шаҳрида яшаган турли миллат вакиллари дафн этилиши учун фойдаланишга топширилган. 40 гектар ер майдонини ўз ичига олган қабристоннинг ўтган 28 йил давомида атиги 6 гектар ери банд қилинган. Иддаога ҳожат қолмайди: яна 34 гектар ер майдони бўш! Ваҳоланки, 1994-2021 йиллар мобайнида 6 гектар ер майдонига майит қўйилган бўлса, яна 34 гектарнинг “ўзлаштирилиши” учун қанча-қанча йиллар керак. (Аввало, ҳамшаҳарларимизнинг умрлари узоқ бўлсин!)?..

Аниқлашимизча, мурожаатда танқид қилинган тадбиркор айни ҳудуд ортидаги бўш, қаровсиз, ташландиқ, қурилиши тугалланмаган биноларни бундан 25 йил аввал шартнома асосида харид қилиб олган. Бу ерда ўтган давр мобайнида “Қурилиш-монтаж” оилавий корхонаси фаолиятини йўлга қўйиб, 100 нафарга яқин аҳоли вакилларининг бандлигини таъминлаган. Бинолар атрофидаги мевали дарахтлар парваришига тадбиркор ва оиласи томонидан алоҳида эътибор қаратилган.

Олиб борилган тушунтириш ишлари, суҳбатлар натижасида муаммога ўрин қолдирилмади. Ушбу қабристон ерларини сотиб юбориш ҳолатлари аниқланмади.

Хулоса ўрнида айтишим лозим, сўнгги вақтларда масаланинг туб моҳиятини тўлиқ ўрганмасдан туриб, бирёқлама билдирилаётган эътирозлар, хабарларни тарқатишга муккасидан кетаётган оммавий ахборот воситаларини ўз зиммасидаги вазифаларни тўла тўкис бажаришга, ахборот маконининг барча иштирокчиларидан фикр олишига ва ундан кейингина кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этишига ундаб қолган бўлардим.

Умидахон ЗОКИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

Теглар
Кун мавзуси
  • Кўрилди
    479
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+