Аҳоли фаровонлиги йўлидаги улуғвор мақсадлар ижроси барчамиздан якдиллик ва фаоллик талаб этади

31.05.2021, 12:14

Аҳоли фаровонлиги йўлидаги улуғвор мақсадлар ижроси барчамиздан якдиллик ва фаоллик талаб этади

Уйсизлик,ижарама-ижара, сарсон бўлиб яшаш азобини бошидан кечирган яхши билади.Уй эгасининг қош-қовоғига қараб яшаш осон эмас. Агар инсон ўз уйига эга бўлса, ҳаётда катта мақсадлар билан яшайди, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлади. Ватанли бўлиш бахти эса инсонга ўзгача руҳият бахш этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев вазифасига киришган илк паллаларданоқ одамларни уй-жой билан таъминлаш бўйича зарур чораларни кўриб, шаҳар ва қишлоқларни янгилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитлари яратишга катта эътибор қаратиб келмоқда. Бугун қурилиш ишлари нафақат азим пойтахтимизда, балки ҳудудларда ҳам жадал тус олди. Охирги уч йилда 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилиб, кўп квартирали уй-жойлар сони 2 бараварга ошгани бунинг амалий ифодасидир.

Аммо янги уйлар, замонавий массивлар кўпайиши билан уларга хизмат кўрсатишнинг долзарблиги ҳам ортиб бориши сир эмас. Аҳоли орасида ўтказилган сўровларда кўп қаватли уйларда яшовчи 35 фоиз фуқаролар кўрсатилаётган хизматлардан норози эканини, 65 фоизи ширкатлар ишини амалда сезмаётганини билдирган. Назаримда, бу уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатилаётгани, бюджет маблағлари талон-торож қилинаётгани туфайлидир.

Кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан жорий йилнинг 28 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги муаммолар таҳлил қилиниб, узоқ муддатга мўлжалланган аниқ, мақсадли вазифалар белгилаб берилди.

456 та авария ҳолатидаги уйлар таъмирланади

Кўп ҳолларда, ширкатлардаги қарздорлик хизматлар нархидаги номутаносиблик туфайли келиб чиқишини яхши биламиз. Шу сабабли энди уй-жойларни сақлашнинг минимал хизматлари ва меъёрларини маҳаллий кенгашлар аҳоли билан келишган ҳолда тасдиқлайди. Бу борада ҳудудий коммунал хизмат бошқармаси тариф параметрларини бандма-банд асослаб, қиладиган ишлари ва кўрсатадиган хизматлари бўйича режаларини тақдимот қилади.

Кўп квартирали уйларда яшовчи юртдошларимиз томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига уй-жой мулкдорлари ширкатларининг хизмат кўрсатиш фаолияти яхши йўлга қўйилмагани, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Жорий йилда авария ҳолатидаги 212 та икки қаватли уйларни реновация асосида янгидан қурилиши, 456 та авария ҳолатидаги икки қаватли уйларни таъмирлаш ишлари якунига етказилиши, шунингдек, 2 минг 400 та кўп квартирали уйлар таъмирланиши айни муддао бўлди.

Бу жараёнда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида уйларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича махсус жамғарма ташкил этилиб, унинг маблағлари тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан шакллантирилиши юқорида юзага келаётган муаммоларга барҳам беришига аминман. Чунки эндиликда кўп қаватли уйларни таъмирлаш харажатларининг 30 фоизи мулкдорлар томонидан, қолган 70 фоизи эса жамғарма маблағларидан амалга оширилади.

 Икки мингдан зиёд кўп қаватли уйлар марказий

 иссиқлик тармоғига уланади

Аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари учун қулай шарт-шароит яратишда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш энг муҳим, кечиктириб бўлмас вазифа саналади.

Таҳлилларга кўра, республикамиз миқёсида жами 37 400 та кўп квартирали уйлар мавжуд бўлиб, шундан 16 394 таси марказлашган ва индивидуал иссиқлик тизими таъминоти ҳамда қолган 21 006 таси альтернатив усулда, яъни қўлбола печлар, голланд печлари, иссиқ сув колонкалари, электр иситгичлар ёки бошқа турдаги лойиҳасиз иситиш тизимидан фойдаланиб келмоқда. Республикадаги мавжуд 648 та қозонхоналардан 495 та қозонхона фаолият юритаётган бўлса, шундан 153 таси носоз ҳолатда деб топилган.

Йиғилишда иссиқлик тизимини модернизация қилиш масалаларига эътибор қаратиларкан, шаҳарларимизда 15 мингта кўп қаватли уй марказлашган иссиқлик тармоқларига улангани, лекин 2 минг километр қувурлар яроқсиз аҳволда бўлиб, тармоқдаги йўқотишлар ўртача 40 фоизни ташкил этаётгани таъкидланди. Жорий йил якунига қадар 56 та қозонхона қуриш ва реконструкция қилиш, 205 километр тармоқларни таъмирлаш орқали 2 мингдан зиёд кўп қаватли уйларни марказий иссиқлик тармоғига улаш чоралари белгиланди.

Умуман, бугунги кунда кўп квартирали уйларни, ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумида иссиқлик энергияси билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд қозонхоналарни барқарор ишлаши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этилган. Турар жойларни замонавий иссиқлик таъминотига ўтказиш, бунга хусусий секторни кенг жалб қилиниши эса энг тўғри ва оқилона йўлдир.

Йиғилишда бу йил 183 та янги уй-жой массивлари қурилаётгани, уларга 185 километр ичимлик суви, 290 километр оқава тизими, 130 километр электр, 110 километр табиий газ тармоқлари тортилиши айтилиб, мутасаддиларга ушбу массивларни инфратузилма билан сифатли таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди. Осиё тараққиёт банкининг 50 миллион доллар кредити ҳисобидан аҳоли зич, уй-жойга талаб юқори бўлган туманларда камида 3 мингта хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши эса минглаб юртдошларимиз учун муҳим янгилик бўлди.

Субсидия бериш муддати қисқартирилади

Субсидиялар — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағлардир. Бу маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади.

Президентимизнинг жорий йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони йиллар давомида умид билан яшаётган минглаб инсонлар қалбига ишонч туйғусини олиб кирди.

Мазкур фармон билан ипотека кредити бўйича бир қатор имтиёзлар белгиланиб, шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилди. Даромади паст, уй-жойга эҳтиёжманд бўлган оилалар учун ўша 15 фоизлик бадал миқдорининг 10 фоизи давлат томонидан субсидия сифатида тўлаб берилиши белгиланди.

Бундан буён ижтимоий реестрга кирган эҳтиёжманд оилаларга уй-жойларни сақлашга мажбурий тўловлар учун субсидия ажратилиши, уй-жойнинг бошланғич бадали учун субсидия тўлаш тартиби соддалаштирилиб муддати қисқартирилиши кўплаб оилалар ҳаётига қувонч, бахт олиб кирди, десак муболаға эмас.

Хулоса қилиб айтганда, кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳар доим давлатимиз ва ҳукуматимизнинг диққат марказида бўлади. Чунки уй – ҳар бир инсоннинг ватани, хотиржам яшаши учун макондир. Уйи бор одам келажакка ишониб, бемалол умргузаронлик қилади. Шу жиҳатдан йиғилишда белгилаб берилган аниқ вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли амалга оширилиши барчамиздан якдиллик ва фаоллик талаб этади.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари

  • Кўрилди
    637
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+