Соҳага хусусий секторни жалб қилиш рақобат ва сифатни кучайтиради

31.05.2021, 12:17

Соҳага хусусий секторни жалб қилиш рақобат ва сифатни кучайтиради

Бугун мамлакатимизда шаҳар ва қишлоқларни янгилаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиш бўйича кенг кўламли ва манзилли тадбирлар ташкил этилиб келинмоқда. Хусусан, сўнгги уч йилда республика бўйича умумий майдони 41 миллион квадрат метр бўлган 155 мингта хонадон фойдаланишга топширилди. Кўп қаватли квартиралар сони 2 баробарга ортди. Бу эса, халқимизнинг уй-жойга бўлган талаби имкон қадар қондирилмоқда, деганидир.

Муҳтарам президентимиз раислигида жорий йилнинг 28 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айни мавзу доирасидаги фикрлар тизимли таҳлил этилгани, бу борадаги муаммолар ўртага ташлангани ҳамда уларга ечим излангани соҳадаги камчиликларни бартараф этишда тизимли иш ташкил қилинишига асос бўлди.

Ҳудудларда сайловчилар билан учрашганимизда аҳолининг шу соҳадаги айрим муаммолардан қийналаётганига дуч келамиз. Масалан, кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчиларнинг аксарияти ширкатлар хизматидан норози. Нима сабабдан? Чунки айрим ширкатлар иши амалда сезилмайди, хонадонларнинг баъзилари коммунал тизимда муаммолари билан бирга топширилади. Сабаб эса кўплаб ширкатларнинг молиявий оғир аҳволда эканлигига бориб тақалади.

Ширкат вакилларига юзлансак, уларга ажратилган маблағларнинг вақтида берилмаслиги, оворагарчиликларнинг кўплиги хонадонларни камчиликларсиз топшириб бўлмаслигини маълум қилишади. Шунингдек, кўп ҳолларда ширкатлардаги қарздорлик хизматлар нархидаги номутаносиблик туфайли ҳам келиб чиқади.

Айни муаммога ечим сифатида давлатимиз раҳбари томонидан уй-жойларни сақлашнинг минимал хизматлари ва меъёрларини маҳаллий кенгашлар аҳоли билан келишган ҳолда тасдиқлаш топшириғи берилгани айни муддао бўлди. Бунда ҳудудий коммунал хизмат бошқармаси тариф параметрларини бандма-банд асослаб, қиладиган ишлари ва кўрсатадиган хизматлари бўйича режаларини аҳолига тақдим қилади.

Йиғилишда яна бир муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилди. Турар жойларни замонавий иссиқлик таъминотига ўтказиш, бунга хусусий секторни кенг жалб қилиш керак, деган ташаббус илгари сурилди. Албатта, партиямизнинг асосий вазифаларидан бир ҳам хусусий секторни соҳаларда татбиқ қилиш билан боғлиқ бўлиб, бу ташаббуслар олдимизга янада янги мақсадлар қўйилишига хизмат қилди. Масалан, жорий йилда 183 та янги уй-жой массивлари барпо этилмоқда. Уларга 185 километр ичимлик суви, 290 километр оқава тизими, 130 километр электр, 11 километр табиий газ тармоқлари тортилади. Бунинг учун эса 415 милрд сўм маблағнинг манбалари аниқ. Жойларда сайловчилар билан мулоқотларда келгусида бу соҳада шу масалага эътибор қаратишимиз зарур бўлади. Соҳада қанча-қанча хусусий сектор вакиллари бор. Улар билан ҳамкорликда иш ташкил қилиш керак.

Давлатимиз раҳбари томонидан тизимдаги амалга оширилиши керак бўлган қатор масалалар қайд этиларкан, уларга паламент вакили сифатида, халқ ишонган депутат сифатида янада виждонан ва масъулият билан ёндашиш зарурлигини англашимиз керак. Зеро, ҳар бир топшириқ замирида халққа муносиб турмуш шароитини яратиш масаласи турибди.

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    345
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+