Қашқадарёда томорқачиларга артезиан қудуқлар қуриб берилмоқда

31.05.2021, 12:24

Қашқадарёда томорқачиларга артезиан қудуқлар қуриб берилмоқда

Бу йилги сув танқислиги томорқачилар учун ҳам муаммолар келтириб чиқармоқда. Айниқса, сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида бир томчи сувнинг қадри зар билан тенг бўлмоқда. Шу боис Қашқадарё вилояти фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши OʼzLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда Деҳқонобод туманидаги Бешбулоқ МФЙ ҳудудидаги сув таъминоти оғир қишлоқларда бўлишиб, аҳолининг томорқалардан фойдаланиш аҳволини ўрганишди.

Бешбулоқдаги машҳур томорқачилардан бири — Сайфулла Турдиев ўзининг 6 сотих томорқасини гуллатиб қўйибди. 2 сотихдан ортиқ иссиқхонасида сув танқислиги шароитига қарамасдан помидор, бодринг ва турли кўкатлар етиштирмоқда. Бундан ташқари у қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган 8 сотих жойда ҳам боғ яратиб, дарахтлар остида картошка ва бошқа экинлар парваришлаб, ички бозор тўкинлигини таъминламоқда.

—Бизда оқар сувнинг ўзи йўқ, — дейди томорқачи Сайфулла Турдиев. —Аҳоли артезиан қудуқлардан фойдаланади. Менда артезиан қудуқ йўқ, қўни-қўшнилардан сувни қарзга олиб ишлатяпман. Ишчи гуруҳи фаолиятимни ўрганиб, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошидаги жамғарма ҳисобидан артезиан қудуқ қуриш учун 20 миллион сўм 14 фоизли кредит ажратишни айтишганида жуда қувониб кетдим. Кредит фоизининг бир қисми жамғарма ҳисобидан қоплаб берилиши эса биз томорқачилар учун катта имтиёздир.

Шу ҳудудда яшовчи Гуллола Абдишукурова ҳам яхши томорқачи. Ҳовлисидаги 6 сотих ва уйи орқасидаги 8 сотих жойда боғ яратиб, дарахт остида турли туман полиз, сабзавот экинлари парваришлаб келмоқда. Оқар сув йўқ шароитда боғи яшнаб турган бундай томорқачилар давлат томонидан қўллаб-қувватланса, албатта, уларнинг фаолияти янада юксалади.

— Ишчи гуруҳи менга ҳам артезиан қудуқ қуриш учун 20 миллион сўм 14 фоизли кредит ажратишини айтишди, — дейди Гуллола Абдишукурова. — Албатта, ўзимнинг артезиан қудуғим бўлса яхшида, даромадим икки баравар ошади. Эл тўкинчилигини таъминлашга янада кўпроқ ҳисса қўшаман. Ҳозирги сув танқислигига қарамасдан 2 сотих иссиқхонамда ҳар томчи сувнинг қадри етиб, помидор, бодринг етиштиряпман. Боғларим боғларим кўзни қувнатади. Самарқанддан энг сара, пайвандли олма, нок, олхўри дарахт кўчатларини олиб келиб экканман. Насиб этса, артезиан қудуқни қуриб олсам, мендан ўтадиган томорқачи бўлмайди.

Деҳқонобод туманидаги маҳаллаларни ўрганиш жараёнида 15 нафар томорқачига Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари қошидаги жамғарма маблағи ҳисобидан артезиан қудуқ қуриб беришга келишиб олинди.

Фахриддин Бозоров,

«Халқ сўзи»

Теглар
Томорқа
  • Кўрилди
    482
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Og'abek2021-06-30 14:08:33

Qanday boglansak buladi menga ham kk edi


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+