Саъй-ҳаракатларни бирлаштирмасак “яшил” ва барқарор тараққиётга эриша олмаймиз

31.05.2021, 17:13

Саъй-ҳаракатларни бирлаштирмасак “яшил” ва барқарор тараққиётга эриша олмаймиз

Тан олиш керак, ХХI асрда экология, биохилма-хилликни асраш, табиатни муҳофаза қилиш билан боғлиқ муаммолар бир минтақа ёки бир мамлакатгагина эмас, балки барча қитъаларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бугунги кунга келиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатга оқилона муносабатда бўлиш, флора ва фауна оламини асраб-авайлаш, глобал экологик инқирозга йўл қўймаслик инсоният олдидаги турган долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Ушбу глобал вазифани бажариш эса, ҳамжиҳатликни талаб этади.

Давлатимиз раҳбари Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтаётган “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммитида масаланинг айни шу жиҳатига эътибор қаратиб, “яшил” ва барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун бутун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш жуда муҳимлигини алоҳида таъкидладилар.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўн битта халқаро конвенция, битим ва улар доирасидаги еттита кўп томонлама халқаро шартномага қўшилди.

Жумладан, Париж битимини ратификация қилган томон сифатида 2030 йилга келиб иссиқхона газлари солиштирма ташланмаларини 2010 йилдаги даражага нисбатан 10 фоиз қисқартириш бўйича мажбурият олган.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистоннинг Париж битимига қўшилиши муносабати билан “яшил иқтисодиёт”га ўтиш бўйича давлат стратегияси ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимизда бу йўналишда экологик соф, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Мисол учун сўнгги йилларда Оролбўйи ҳудудида бир нечта лойиҳа бажарилди. Бунинг натижасида Орол денгизининг қуриб қолган ҳудудида саксовул ва чўлга чидамли бошқа ўсимликлар экилди.

Мўйноқ шаҳри инфратузилмаси кескин яхшиланди.

Умуман олганда, мамлакатимизда атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш кейинги 5 йилда янги босқичга кўтарилди.

Яна шуни айтиш керакки, бугунги глобаллашув шароитида саноат кескин ривожланмоқда.

Бу эса барча давлатлар олдига экология соҳасида жиддий бош қотириш, зарур қонунларни ишлаб чиқиш ва уни ҳаётга тадбиқ этиш масаласини қўймоқда.

Айтиш керакки мамлакатимизда бу борадаги ишлар тизимли ташкил этиб келинмоқда.

Хусусан, Президентимиз 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳукумат саноат ривожини экологияга таъсирининг олдини олиш бўйича 2025 йилгача мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқишини, шунингдек, нуфузли халқаро экспертларни жалб этган ҳолда Экология кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиши лозимлигини қайд этган эди.

Шу асосда Экология кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди ва бугунги кунда кенг жамоатчилик иштирокида муҳокамалардан ўтказилмоқда.

Эътиборга молик жиҳати мазкур лойиҳада экологияга оид қонунчилик базасини тизимлаштириш ҳамда уни кодификациялаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли давлат органининг фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, экологик назорат ва мониторинг турлари, экологик экспертизани ўтказиш тартиби, табиий ресурслардан фойдаланишга қўйиладиган талаблар ҳамда экологик маданиятни шакллантириш ўз ифодасини топган.

Хулоса қилиб айтганда, “Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030” иккинчи халқаро саммити ва ундан кейин қабул қилинган қарорлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, келажак авлодга табиий бойликларини бус-бутун етказиш, экологик муаммоларни бартараф этиш каби глобал мақсад ва вазифаларни амалга оширишда халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга хизмат қилади.

Шахноза Холмахматова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    405
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+