Ангор туманидаги “Бақтрия агро томорқа хизмати” МЧЖ 120 гектар ер майдонни ўзлаштириб боғ ташкил қилди

31.05.2021, 17:14

Ангор туманидаги “Бақтрия агро томорқа хизмати” МЧЖ 120 гектар ер майдонни ўзлаштириб боғ ташкил қилди

Ангор туманидаги «Илғор» маҳалласи ҳудудида сўнги вақт ичида 400 гектарга яқин очилмаган қўриқ ерлар ўзлаштирилди. Хусусан, “Илғор” маҳалласидаги 120 гектар ер майдони «Бақтрия агро томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари тадбиркор Ислом Худойбердиев томонидан ўзлаштирилиб, боғ ташкил этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O'zLiDep фракцияси раҳбари Сурхондарёга ташрифи давомида Ангор туманидаги ушбу янги ташкил этилган боғга ташриф буюрди.

Барпо этилган боғда мевали дарахтлар орасида полиз маҳсулотлари ҳам етиштирилмоқда. Боғ ерлари тумандаги ишсиз ёшларга ижарага берилиб, уларнинг бандлиги таъминланган. Айни пайтда ёшлар қатор ораларига тарвуз, қовун уруғини қадашиб, уларни парвариш қилишмоқда.

Ташриф давомида А.Хаитов келгуси икки йил ичида яна 500 гектар ер майдонини ўзлаштириш, у ерга маблағ ажратиш, сув чиқариш каби масалаларда тадбиркорлар билан музокара ўтказди. Учрашувда ўзлаштириш учун қўшимча заҳираларни излаб топиш бўйича маслаҳатлашилди.

Излаган имкон топар, деганларидек Спикер ўринбосари ўзимизда мавжуд имкониятларни топиб, улардан унумли фойдаланиш лозимлигини, бу меҳнатнинг орқасидан яна қанча киши ишли бўлишини таъкидлади ва бу борада ўзининг қимматли тавсияларини ҳам бериб ўтди.

Шунингдек, маҳаллалардаги аҳоли томорқаларини ҳам кўздан кечирди. Хусусан, Бобомурод Жовлиевнинг хонадонида бўлди.

Суҳбат давомида хонадон эгаси бу йил мавсумда томорқасига биринчи экин сифатида эккан карамлари яхши ҳосил берганини, бундан анча-мунча даромад қилганини билдири. Ҳозирда иккинчи экинга чорва озиқаси учун маккажўхори экканини айтди.

Томорқа атрофидаги анор кўчатларини кўрган Спикер ўринбосари Б.Жовлиевга анор боғ ташкил этиш ва иссиқхона қуриш бўйича тавсия берди. Бунинг учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши томонидан кўчатлар етказиб берилиши ва иссиқхона қуришда ҳам ёрдам берилишини айтиб ўтди.

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    676
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+