Депутатлар назорати: Жиззахлик тадбиркорга ер ва бино ажратиб берилса 10 нафар фуқарони ишли қилмоқчи

31.05.2021, 17:17

Депутатлар назорати: Жиззахлик тадбиркорга ер ва бино ажратиб берилса 10 нафар фуқарони ишли қилмоқчи

“Депутатлар ва тадбиркорлар мулоқоти” Форуми доирасида ташкил этилган навбатдаги тадбир Жиззах шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳарда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ва масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ташкил этилди.

Мулоқот давомида тадбиркорларнинг бир қанча мурожаатлари атрофлича муҳокама қилиниб, ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан  ижобий ҳал қилинадиган бўлди.

Аксарият мурожаатлардаги муаммолар нега жойлардаги сектор раҳбарлари, мутасаддилар эътиборидан четда қолаётгани кишини ажаблантиради. Мисол учун, "Эльшодбек Бехрузбек Барака" МЧЖ раҳбари Дилшод Холмирзаев шаҳарда фаолият олиб бораётган нон пишириш цехи фаолиятини кенгайтириш ва ўқув маркази ташкил қилиш учун ер ва бино ажаратишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Агар унга амалий кўмак берилса, яна 10 нафар кишини доимий иш билан таъминлаш мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Тадбиркорнинг бу таклифи нега эътибордан четда қолиб келмоқда? Тушунарсиз.

Мулоқот давомида мутасадди ташкилот вакиллари мазкур мурожаатни атрофлича муҳокама қилиб, уни ижобий ҳал қилишга ваъда беришди. Мурожаат ижросини назорат қилишни депутат Шавкат Азимов ўз зиммасига олди.

Бу сафар ҳам тадбиркорларнинг доимий “бошоғриғига” айланган  кредит олиш муаммолари юзасидан иккита тадбиркор мурожаати муҳокама қилинди. Улардан бири - Аслбек Дониёров АТБ “Халқ банки” шаҳар филиалига чорвачилик билан шуғулланиш учун 30 млн.сўм кредит олишга ҳужжат топширганига бир йил бўлаяпти. Бироқ, ҳар галги “Эртага келинг. Индин келинг, кўрамиз”, деган муносабат унинг нафақат вақтини бекорга сарфлашга мажбур қилгани, балки асабини ҳам обдон чарчатгани яққол кўриниб турибди. Зуҳра  Ходжаева  эса тикувчилик бўйича тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун катта умидлар билан ўқиб сертификат олган аёллардан бири. Бироқ, тикув машиналари сотиб олиш учун 33 млн.сўм кредит олиш бўйича АТБ “Микрокредит” банкка топширган ҳужжатларига ҳали ҳамон ижобий жавоб ололмай сарсон. Мазкур мурожаатлар мутасадди ташкилот вакиллари билан атрофлича ўрганиб чиқилиб, қисқа муддатларда ҳал қилинадиган бўлди. Уларни фидоий, жонкуяр депутатлардан бири – Абдулазиз Хўжаков ўз назоратига олгани, мазкур мурожаатларнинг ҳақиқатдан ҳам ижобий ечим топишига тадбиркорларда ишонч уйғотди.

Тадбир давомида яна бир қанча кичик бизнес вакиллари, оилавий тадбиркорлар, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёллар ўз муаммолари билан тўғридан тўғри депутатларга, ҳамкор ташкилот вакилларига мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Баъзи муаммоли масалалар юзасидан тегишли мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқариладиган бўлди.

Ирода МАМАТҚУЛОВА,

O'zLiDeP Жиззах шаҳар Кенгаши консультанти

  • Кўрилди
    480
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+