Қашқадарёда МТМларни ривожлантиришда O’zLiDeP депутатлари ҳам фаоллик кўрсатишмоқда

02.06.2021, 14:44

Қашқадарёда МТМларни ривожлантиришда O’zLiDeP депутатлари ҳам фаоллик кўрсатишмоқда

Вилоятда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан 200 та мактабгача таълим муассасаси очилгани байрамга янгича мазмун ва кўтаринкилик бахш этди. Бу қўшалоқ айёмни нафақат болажонлар балки ота-оналар, кенг жамоатчилик, партия фаоллари ва депутатлар ҳам зўр шоду хуррамлик билан тантана қилишди. Чунки мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш масаласи партиянинг дастурий мақсадларида ўз аксини топган.

Байрам арафасида фаолиятини бошлаган боғчаларнинг 169 таси оилавий, 30 таси давлат мактабгача таълим ташкилоти ва 1 таси давлат хусусий шерикчилик асосидаги  МТМ эканлиги ҳам бу соҳага тадбиркорлар кенг жалб этилаётганини кўрсатмоқда.  Энг қувонарлиси, бугунга келиб вилоятда МТМлар сони 1897 тага етди. Ёки вилоятда МТМларга жалб қилинган жажжи ўғил-қизлар сони 136 293 нафарга етди.

Қарши шаҳридаги “Араловул” МФЙ да очилган 210 ўринли 37-давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими байромано руҳда ташкил этилди. Одатга кўра, меҳмонлар мовий лентани кесишди, болажонлар қўлига қурувчилар рамзий калитни топширди. Бу жараёнларни кузатиб турган кексалардан бири Муборак Элмуродова фикрлари билан қизиқдик.

-37-мактабгача таълим ташкилотида 15 йил боғча мудираси бўлиб ишлаганман,- дейди у. – 2009 йилда Қарши шаҳар ҳокимига кириб, боғча деворлари ёрилиб бораётганини, бу ерда болаларни тарбиялаш хавфли эканини айтдим. Шундан сўнг боғчани ёпиб қўйишди. Аҳолининг мурожаатлари ҳам эътиборга олинмади. Мана, бир неча йил олдин янги лойиҳа асосида эски боғча ўрнида янги қўшқаватли иморат қад ростлади. Ҳамма шароитлар муҳайё эканини кўриб, бола бўлиб кетгим келди. Ҳавас қилса арзигулик бундай чиройли МТМ маҳалламиз аҳлига муборак бўлсин!

Бугун қашқадарёликларнинг қувончи чексиз. Чунки Қарши шаҳрида 11 та, Шаҳрисабз шаҳрида 25 та, Ғузорда 6 та, Деҳқонободда 14 та, Касбида 18 та, Китобда 37 та, Косонда 3 та, Қамашида 2 та, Қарши туманида 4 та, Миришкорда 15 та, Муборакда 5 та, Нишонда 4 та, Чироқчида 23 та, Шаҳрисабз туманида 22 та ва Яккабоғда 11 та МТМлар ўз фаолиятини бошлади. Бу албатта, мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига катта эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунасидир.

  O’zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

  • Кўрилди
    444
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+