Навоийда “Маънавий саховат” шиори остида ўтказилган ош чемпионатида O'zLiDeP вакиллари ҳам муносиб иштирок этди

04.06.2021, 17:55

Навоийда “Маънавий саховат” шиори остида  ўтказилган ош чемпионатида O'zLiDeP вакиллари ҳам муносиб иштирок этди

Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номли истироҳат боғида “Маънавий саховат” шиори остида ош чемпионати бўлиб ўтди.

12 ташкилот ўртасида ўтган миллий таом танлови ўзига хос кўтаринкилик билан қизиқарли ва мунозарали тарзда давом этди.

Навоий вилоят ҳокимлиги, вилоят маънавият ва маърифат маркази ҳамкорликда ташкиллаштирган мазкур тадбирга ҳудудлардан қизиқувчилар таклиф этилди. Шунингдек, нафақат вилоятда, балки республикада ном қозонган таниқли санъаткорлар иштироки ҳам таъминланиб, кўнгилочар мусиқий дастур намойиш этилди.

Мусобақа шартига кўра чемпионатда қатнашаётган ташкилот раҳбарлари ошпазлик бўйича ўз маҳоратларини намойиш эта олиши керак эди. Шунинг билан бирга ош тайёрлаш давомида ҳар бир ташкилот ходимларининг баҳамжиҳатлиги, раҳбар ва ходим муносабатларидаги бирдамлик ҳисобга олинди.

Томди туман маънавият ва маърифат бўлими вакиллари ошни ясатишда қази-қартадан фойдаланган бўлса, нуроталик ошпаз тайёрлаган таом пиширилган тандир гўштлари билан янада иштаҳа очар тарзда дастурхонга тортилди.

Айниқса, O'zLiDeP вилоят Кенгаши ходимларининг ўзаро аҳиллиги ва якдил ҳаракати ҳакамлар ҳайъатининг эътиборини ўзига тортди.

Пиширилган ошнинг таъми, масаллиқларга бойлиги малакали мутахассислар ҳукмига ҳавола этилиб, уларнинг бир овоздан берган баҳоларига асосан, Навоий шаҳар маънавият ва маърифат бўлими 1-ўринни, Қизиллтепа туман ҳокимлиги 2-ўринни, Учқудуқ туман маънавиятчилари эса 3-ўринни қўлга киритишиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Шунингдек, жамоанинг ўзаро аҳиллиги ва якдиллиги, қолаверса, ташкилот раҳбарининг ошпазлик иқтидори инобатга олиниб, O'zLiDeP Навоий вилоят Кенгаши ходимлари ҳам рағбатлантирувчи мукофотга эга бўлишди.

Миллий қадриятларга ҳурмат маънавий етукликка далолатдир. Шу маънода, Навоий шаҳрида ўтказилган ош чемпионати ўзига хос бир жозиба касб этди.

Чемпионат якунида 12 дошқозонда дамланган  бири-биридан мазали паловлар истироҳат боғига сайрга келган катта-кичик навоийликларга тортиқ этилди. Шунингдек, тадбирга олиб келинган меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари ҳам бир пиёла чой устида ош билан меҳмон қилинди.

М.Пирнафасова,

ЎзЛиДеП Навоий вилояти Кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    699
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+