Хўжайли педагогика коллежида “Ишбилармон аёл – 2021” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди

08.06.2021, 17:54

Хўжайли педагогика коллежида “Ишбилармон аёл – 2021” кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан ўтказилаётган танловда мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ҳақида сўз борди.

Партиянинг Сайловолди дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга ошириш, мамлакатимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида тадбиркор ва фермер хотин-қизларнинг қўшаётган ҳиссаси, ишбилармон аёлларни кашф этишда мазкур танловнинг аҳамияти қайд этилди.

Туман босқичида 10 нафар тадбиркор ва фермер хотин-қиз иштирок этди. Танлов якунида биринчи ўринни «Қорақалпоқтекстиль» масъулияти чекланган жамияти раиси Н.Худайбергенова, иккинчи ўринни ҳунарманд Г.Сабирова ва якка тадбиркор Г.Ержанова, учинчи ўринни “Анорбой бўзчи” фермер хўжалиги раҳбари Ш.Худайбергенова эгаллади.

– Қарийб олти йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланаман, – дейди танлов ғолиби, «Қорақалпоқтекстиль» масъулияти чекланган жамияти раиси Норгул Худайбергенова. – Корхонамизда асосан миллий кийимлар, мактаб ва ишчи ходимларнинг махсус кийимлари харидорлар талабидан келиб чиқиб, буюртма асосида тикиб берилмоқда. Бугунги кунда 20 нафар ишчи хотин-қизнинг бандлиги таъминланган. Бу каби танловлар биз тадбиркорларга ўз устида кўпроқ ишлаш ва изланишга, бир-биримиз билан тажриба алмашишга хизмат қилади.

Туман босқичи ғолиблари ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА

  • Кўрилди
    531
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+