Партиянинг сайловолди дастури лойиҳаси тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилинди

08.06.2021, 18:01

Партиянинг сайловолди дастури лойиҳаси тадбиркорлар иштирокида муҳокама қилинди

O'zLiDeP Хоразм вилояти Кенгаши тадбиркорлик субъектларида ҳам партиянинг сайловолди дастури лойиҳасини муҳокама қилишяпти.

Урганч туманида жойлашган “ECO-COMPANY” МЧЖда O`zLiDeP сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Унда O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири Гулжон Ҳолмуратова, партия вилоят Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Шухрат Атажановлар ҳамда жамият ишчи-ходимлари  мулоқот қилишди.

2003 йилда 3 нафар ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган мазкур корхона юртимизнинг барча вилоятларига ичимлик сувини фильтрловчи ускуналар ишлаб чиқариб етказиб бермоқда. Бугунги кунда мазкур корхонада 35 нафар маҳаллий ёшларнинг бандлиги таъминланган. Дастлаб Хитой давлатидан тайёр сув фильтрлари келтирилган бўлса, ҳозирги келиб 70-80 фойиз ускуналар маҳаллийлаштирилиб, корхона томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Мазкур корхона буюртма асосида барча ташкилотлар ва таълим муассасаларига соатига 500, 1000 литргача ичимлик сувини фильтрловчи ускуналарни етказиб бермоқда. Маълумки, Хоразм вилояти ҳудудининг шўрланиш даражаси юқорилиги туфайли аҳоли ўртасида турли касалликлар учрайди. Бу каби сув фильтрларининг ишлаб чиқарилиши оқибатида аҳолига тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятини яратиш баробарида турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Партия вакиллари корхона фаолияти билан танишар эканлар ишчилар билан самимий суҳбат қурдилар. Уларга партиянинг дастурий мақсад вазифалари, ғоялари ҳамда партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси борасида маълумотлар берилди. Партия электорати бўлган тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларни янада қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида амалий мисоллар келтирилди.

Хусусан, саноатга янги технологиялар жорий қилиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини босиш жараёнларини янада чуқурлаштириш, саноат корхоналарини модернизация қилиш, ускуналарни замонавийларига алмаштириш каби таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида мазкур корхонада бошланғич партия ташкилоти тузилиб, 35 нафар ишчи ходимлар партия сафига қабул қилинди.

Насиба Ваисова,

O`zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

  • Кўрилди
    409
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+