Ерга муносабат – элга муносабат

09.06.2021, 18:20

Ерга муносабат – элга муносабат

Ўзбек тилида баъзи бир сўзларнинг мазмун-моҳиятини янада кучайтириш мақсадида энг мўътабар сўз “Она” сўзи билан бирга қўшиб тилга олинади. Она табиат, Она замин, Она юрт, Она Ватан, Она ер...

Агар эътибор берилса, унчалик кўп бўлмаган бу сўзларнинг аксари Ватан, юрт, табиат ва замин, яъни ер билан боғлиқ сўзлардир.

Халқимизга ато этилган ва ҳар бир қаричи тўтиё қилиб кўзга суриладиган, аждодлар хоки қўйилган, киндик қонимиз тўкилган мўътабар Она еримиз энг катта бойлигимиздир.

Ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, ерни асраб-авайлаш, аҳоли фаровонлигини оширишда, озиқ-овқат хавфсизлигини, аҳоли бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади. 

Президентимиз  Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Президентимиз аҳоли бандлигини таъминлашдаги яна бир катта захира – ер эканлигини, эндиликда Сурхондарёда бошланган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинишини, бунинг учун жорий йилдан бошлаб қарийб 100 минг гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилишини, пахта ҳосилидан кейин ушбу мақсадлар учун яна  100 минг гектар ер ажратилишини таъкидлаб ўтди.

– Ёшларга ер берилиши тажриба бўлган эди. Энди катта тизимга ўтяпмиз. Ерни ҳақиқий эгасига – халққа берамиз. Ҳокимлар, сектор раҳбарлари қайси пахта ва ғалла майдонини қисқартиришни аниқлаб, уларни ишсиз аҳолига бериши зарур. Берганда ҳам, манфаатдор қилиб, адолатли ажратиш керак. Бу юз минглаб одамларимизни иш билан, даромад билан таъминлайди, – деди давлатимиз раҳбари.

Сир эмаски, ер участкаларини ажратиш масаласи энг чигал муаммо, коррупциялашган жараён эди. Шу боис 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Йиғилишда Президентимиз мазкур фармоннинг аҳамиятига ҳам тўхталиб ўтди.

Энди, тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилади ва ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинди.

Умуман, Фармон билан яқиндан танишар эканмиз, унда белгиланган ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини қўллашда вужудга келаётган муаммоларни аниқлаш, уларни бартараф этиш, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

- ердан оқилона фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиб, миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда уларни жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

- ер тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши аҳволини мунтазам ўрганиб бориш, соҳада ҳуқуқни қўллашнинг ягона амалиётини шакллантириш;

- ерга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини бевосита таъминлаш ва давлат назоратини олиб боришга масъул давлат органларининг соҳага доир фаолиятини ўрганиб, мувофиқлаштириб бориш, тегишлича ушбу органлар ва уларнинг қуйи тузилмалари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

- ерларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни муҳофаза қилиш, қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш ва амалга ошириш;

- ерга оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишда кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этиш каби бир қатор долзарб вазифалар ижросини таъминлаш партия фаоллари, депутатларимизга ҳам катта масъулият юклашига амин бўламиз.

Айни пайтда O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши, Халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳлари аъзолари, электорат вакиллари мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, унинг ижросини таъминлаш мақсадида мазкур ҳужжатни ҳар томонлама чуқур ўрганмоқдалар.

Эркин ХОЛМАТОВ

O`zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги

O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    690
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+