Нохолис ахборот тарқатиб халқни чалғитманг!

10.06.2021, 10:30

Нохолис ахборот тарқатиб халқни чалғитманг!

Сўз эркинлигига йўл очиб берилган бугунги кунда таҳлилий, асосли чиқишлардан кўра, кўпик маълумотлар интернет оламида тез оммалашмоқда. Бу ўз навбатида аҳоли фикрини чалғитишга, улар орасида давлат идоралари ва бошқа ташкилотларга нисбатан нафақат ишончсизлик, балки ҳурматсизлик уйғонишига сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Чортоқ тумани Ҳ.Олимжон Агрофирмаси ҳудудидаги “Баланд адир” массивида “GOLDEN NUTS NAMANGAN” томорқа агрохизмати МЧЖ иштирокида қурилган иссиқхоналар бўйича эълон қилган танқидий видеоматериал муаммо тўлиқ ўрганилмай олиб чиқилган нохолис хабар, десак муболаға бўлмайди.

Видеоматериалда иссиқхоналар абгор ва қаровсиз эканлиги ёритилган.

Ушбу хабар ижтимоий таромоқларда тарқалгандан кейин мавжуд ҳолатни ўрганиш ва масалага тўғри баҳо бериш мақсадида O'zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши томонидан депутатлар ва фаоллардан иборат тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганилди. Ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, жорий йилнинг 31 май ва 2 июнь кунлари бўлиб ўтган кучли шамол натижасида иссиқхоналарнинг бир қисмига жиддий зарар етган. Кучли шамол иссиқхона плёнкаларини йиртиб юборган. Қисқа вақт ичида иссиқхонанинг зарар етган қисми қайта тикланди. Айни пайтда аҳолининг кам таъминланган қатламига фойдаланиш учун берилган иссиқхоналарда сабзавотлар, кўкатлар ва турли полиз экинлари етиштирилмоқда.

Журналистиканинг ўзгармас қоидаларидан бири шуки, ҳар қандай ҳолатда ҳам вазиятга холис, ҳаққоний ёндашиши керак. Тўғри, журналистлар ахборотни эркин тарқатиш, савол бериш ва унинг жавобини олиш ҳуқуқига эга. Лекин холисликни, виждонни ҳам унутмаслик керак. Ваҳима қилишдан, кўпиртириб кўрсатишдан, боринг ана бировнинг мусибатини томоша учун кўз-кўз қилишдан муддао нима? Ақли расо, бутун одам шу ишга қўл урадими? Четдан туриб Чортоқдаги иссиқхона ҳақида нотўғри маълумот етказган журналист бундан нима наф кўради?

Биз бу ҳолатни вазиятга юзаки ёндашиш, деб биламиз, халқимиздан эса юқоридаги ҳолатга ўхшаган нохолис ёндашиб, тарқатилаётган турли кўринишдаги хабарларга токи у ҳақида расмий, ҳаққоний, холис маълумот чиқмагунча ишонмасликларини сўрардик.
Хулоса шуки, сўзнинг қудрати атомдан кучли. Шундай экан, ҳар қандай ахборотни тарқатишдан олдин холисликни қасддан эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ.

Икромжон ХОЛМИРЗАЕВ,

Халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати,

O'zLiDeP Чортоқ туман кенгаши раиси.

  • Кўрилди
    442
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+