Таҳлилсиз танқид – чангга қурилган қаср кабидир!

10.06.2021, 10:37

Таҳлилсиз танқид – чангга қурилган қаср кабидир!
Энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш – бугун нафақат Ўзбекистонда, балки инсоният яшаб турган Ер шарида ҳам глобал масала ҳисобланади. Юлий Юсупов ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали эълон қилинган “Экономика катастроф: когда реформа в энергетике?” сарлавҳали постида бу борада ўз таклифларини илгари суради. Унинг фикрлари ва таклифларини ўқиб, киши таажжубга тушади. Гўёки, соҳада ҳеч қандай ислоҳотлар амалга оширилмаётгандек. Ёки бўлмаса, 4 йил олдинги энергия таъминоти билан боғлиқ ҳақиқий ҳолатни билмагандек.
 
Шу ўринда, 2021 йил 12 февраль куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган “Электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасига эътиборни қаратсак.
 
Ҳужжат билан Президент ва Олий Мажлисга ҳисобдор орган – Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозори регулятори ташкил этилиши белгиланмоқда ва қуйидагилар регуляторнинг асосий вазифалари экани келтирилади:
 
энергетика соҳасида давлат улушини камайтириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратилишини таъминлаш ҳамда энг яхши таклифлар ва энг замонавий технологияларни жалб қилиш орқали электр энергиясини якуний истеъмолчиларга етказиб бериш нархларининг асоссиз ошишининг олдини олиш;
 
энергетика соҳасида рақобатли бозорни шакллантиришни ташкиллаштириш, барча иштирокчилар учун тенг ҳуқуқлар ва шаффофликни таъминловчи бозор қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда барча бозор иштирокчилари томонидан мазкур қонун-қоидаларга риоя этилиши устидан доимий назоратни ўрнатиш;
 
электр энергияси тарифларини шакллантиришда аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид нормаларни жорий этиш;
 
асосий қурилмалари маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг технологияларидан ташкил топган электр станцияларни рағбатлантирувчи механизмни жорий этиш;
 
халқаро бизнес амалиётига мувофиқ, табиий ва суюлтирилган газ савдосини эркинлаштириш ва хизматлар сифатини яхшилаш;
мамлакат ичида суюлтирилган газ ташиш ва тарқатиш хизматлари учун иқтисодий асосга эга бўлган алоҳида тўланадиган тарифларни белгилаш.
 
Кўриниб турибдики, жаноб Юсупов илгари сураётган таклифлар қарийб 4 ой олдин ҳужжат лойиҳасидан ўрин олиб, халқ муҳокамасидан ўтказилиб бўлинди. Биз фақатгина энг сўнгги лойиҳа ҳақида гапириб ўтдик.
 
Умуман олганда, энергия ресурслари ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларнинг тизимли равишда ўз ечимини топаётганини барчамиз ўз ҳаётимизда кўриб, гувоҳи бўлаяпмиз. Бундан 4-5 йил олдин мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларида соатлаб, жадвал асосида электр энергиясидан узиб қўйилишига деярли барҳам берилди. Истеъмол қилинган энергия учун тўловнинг замонавий ва шаффоф тизими йўлга қўйилди. Жорий узилишлар эса, узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг оқибатидир.
Кўрилаётган чора-тадбирлар соҳада яқин вақтлар ичида ўзининг ижобий самараларини беради, албатта.
 
Нодир ЖУМАЕВ,
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
 
Қонунчилик палатаси депутати,
 
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор
  • Кўрилди
    108
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+