Аҳоли бандлиги ва фаровонлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифалар

10.06.2021, 11:21

Аҳоли бандлиги ва фаровонлиги ҳар қачонгидан ҳам муҳим вазифалар

Жорий йилда бандлик дастури доирасида 457 мингта доимий иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилган бўлиб, бунинг асосий манбалари қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, савдо ва сервис соҳаларидир. Хусусан, магистрал йўллар бўйида савдо ва хизматларни йўлга қўйиш, шаҳар ва туман марказларида махсус кўчалар ташкил этиш орқали 150 мингта иш ўрни яратиш мумкин.

Мамлакатимизда меҳнатга лаёқатли кишиларнинг бандлигини таъминлаш, фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш, ҳаёт даражасини юксалтириш масаласига катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки ишсизлик ўз ортидан кўплаб муаммоларни етаклаб келади. Шу боис, ҳар бир инсоннинг турмуш даражасини янада яхшилаш, маҳаллаларда одамлар учун муносиб шароитларни яратиш ҳозирги пайтда ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.

Ишсизликни камайтиришнинг энг самарали йўлларидан бири —аҳолини касбга ўқитиш, одамларда томорқа ерларига, ерга бўлган муносабатни ўзгартиришдир. Бу жараёнда ҳар бир туманнинг имконияти ва ривожланиш йўналишидан келиб чиқиб, деҳқончилик билан шуғулланадиган оилаларга 10 сотихдан 1 гектаргача ер майдонлари ажратилаётгани юқори самара бераётир.

Жорий йилдан бошлаб ёшларга экин майдонларидан ер ажратилаётгани туфайли жойларда минг-минглаб йигит-қизларнинг бандлиги таъминланди, даромад манбаига эга бўлди. Сурхондарёда бошланган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилиниши эса миллионлаб юртдошларимизнинг дилидаги гап бўлди.

Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалаларига бағишлаб 8 июнь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муҳим йўналишлар белгилаб берилди.

Эндиликда бу йўналишдаги ишлар жадал давом эттирилиб, жорий йилдан бошлаб қарийб 100 минг гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши, пахта ҳосилидан кейин ушбу мақсадлар учун яна 100 минг гектар ер ажратилиши давлатимиз томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун катта ислоҳотлар бошланганидан далолат беради.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари ерни ҳақиқий эгасига — халққа бериш учун ҳокимлар, сектор раҳбарлари билан биргаликда қайси пахта ва ғалла майдонини қисқартиришни аниқлаб, уларни ишсиз аҳолига бериш юзасидан зарур чораларни кўради. Ўз навбатида, ер олган аҳолига уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, етиштирилган маҳсулотларни сотиб олишни молиялаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Бу тизим орқали эса юз минглаб фуқароларимизни иш билан, даромад билан таъминлашга эришилади.

Ер ажратишда тенглик ва шафофлик таъминланади

Ер умуммиллий бойлик, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланиб, унинг ҳисобини аниқ юритиш ва самарали фойдаланиш қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, ишлаб чиқариш каби кўплаб соҳалар учун жуда муҳимдир. Лекин тартиб-интизом, ҳисоб-китоб бўлмагани сабабли ер участкаларини ажратиш масаласи энг чигал муаммо, коррупциялашган жараён эди.

Шу сабабли соҳада юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш учун тизимни ислоҳ қилиш бошланди. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлашга қаратилган муҳим ҳужжат бўлди.

Унга биноан, жорий йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга — мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилиниб, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолинади.

Фармонда белгилаб қўйилганидек, энди тадбиркорлик учун ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиётидан бутунлай воз кечилиб, ерлар ҳамма учун бир хил ва ошкора, электрон аукцион орқали хусусий мулк қилиб сотилади ёки ижарага берилади. Туман ва шаҳар ҳокимларининг ер ажратиш ва уларни қайтариб олиш билан боғлиқ барча ваколатлари бекор қилинди.

Мазкур ҳужжатда туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш каби муҳим вазифалар ҳам ўз ифодасини топган.

Йиғилишда мазкур фармоннинг жойларда унинг ижросини ташкил этиш, ҳалоллик ва қонунийликни таъминлаш бўйича топшириқлар берилдики, бу ўз навбатида, барча даражадаги раҳбарлар қатори, биз депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди. Бундан буён парламент қуйи палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари тегишли ташкилотлар билан биргаликда жойларда доимий назорат ва мониторинг олиб боради, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг ҳаётийлигини таъминлайди.

Талаб ва таклиф мутаносиблигига қандай эришиш мумкин?

Озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу жиҳатдан мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини ошириш, бозорларни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боиси аҳоли фаровонлигига дахлдор яна бир масала — озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлигидир.

Аммо нарх-навони арзон қилиш бу тадбиркор ва чорвадорларни мажбурлаш, уларга маҳсулотини паст нархларда соттириш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, бозорда таклифни кўпайтириб, қисқа муддатларда юқори натижа берадиган йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Масалан, паррандачиликни ривожлантириш орқали ҳам бу масалага ечим топса бўлади.

Чунончи, парранда 1 килограмм вазн олиши учун 1,7 килограмм, қорамолга эса 8 килограмм озуқа-ем талаб этилади. Лекин юртимизда парранда гўшти ҳам, тухум ҳам аҳоли жон бошига ҳисоблаганда кам етиштирилади. Шу боис парранда саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича янги механизмлар белгиланиб, тухум учун субсидия миқдори 3 баравар, парранда гўшти учун эса 2 баравар ошириладиган бўлди. Бунда омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга айланма маблағни тўлдириш ва паррандачилик лойиҳалари учун кредитларнинг Марказий банк асосий ставкасидан юқори қисми қоплаб берилиши тадбиркорларни ҳам, аҳолини ҳам мамнун этяпти.

Паррандаларни сўйишга мўлжалланган замонавий комплекс лойиҳалари бўйича харажатларнинг бир қисми компенсация қилиниб, паррандачилик корхоналари учун фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилиши, бу тармоқдаги лойиҳаларни амалга ошириш учун Микрокредитбанк орқали давлат томонидан 50 миллион доллар ресурс ажратилиши тадбиркорлар учун катта имконият ва рағбат бўлди.

Ички истеъмол бозорини гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳам долзарб вазифалардан саналади. Кейинги йилларда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантиришга доир муҳим қарорлар қабул қилиняпти.

Давлатимиз раҳбари ҳар доим вазифа қўяр экан, аввало, унинг маблағини ҳал этиб беради. Бу гал ҳам худди шундай бўлди. Жумладан, чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти фаолиятини қайта ташкил этиб, шароитимизга мос, наслли парранда зотларини яратиш вазифаси қўйилиб, мазкур институтни зарур ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш, наслли зотлар олиб келиш учун 10 миллиард сўм ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда чорвачилик соҳасида 1 мингдан ортиқ, балиқчилик йўналишида 317 та лойиҳани ишга тушириб, гўшт етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари кўриб чиқилар экан, жорий йилда сув танқислигини инобатга олиб, қудуқ қазишга 200 миллиард сўм ажратилиши ҳисобидан камида 10 минг гектар ерни озуқа-ем етиштиришга мослаштирилиши уларнинг нархларини мақбуллаштириш ва барқарорлаштиришга хизмат қилиши, шубҳасиз. Бу эса ички истеъмол бозорини гўшт, сут, тухум ва бошқа чорвачилик маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга қаратилган муҳим қадамдир.

Бугун янги Ўзбекистонда катта ўзгаришлар, янгиликлар кўз ўнгимизда юз бермоқда. Илгари ишсиз ва даромад манбаига эга бўлмаган ёшлар, хотин-қизлар бугун доимий иш жойига, даромад манбаига эга бўлиб хотиржам ҳаёт кечирмоқда. Жамиятга, давлатга, маҳалла-кўйга, қишлоғига, юртига фойдаси тегяпти. Бу Президентимиз ўз вазифасига киришган илк кунларданоқ халқни рози қилиш, одамларни бахтли ва фаровон яшашлари учун барча чораларни кўриб келаётганликлари туфайлидир.

Хулоса ўрнида айтганда, бугун ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлардан кўзланган бош мақсад — ишсиз, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га киритилган фуқароларга ер ажратиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, қишлоқ аҳлининг турмуш шароитини янада яхшилаш, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишдан иборат. Шу нуқтаи назардан йиғилишда белгилаб берилган ҳар қачонгидан муҳим вазифалар, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ижросини ўз вақтида таъминлашда фаол ва ташаббускор бўлишимиз лозим.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    644
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+