Энди ер фақат аукционда сотилади ёки ижарага берилади

10.06.2021, 16:59

Энди ер фақат аукционда сотилади ёки ижарага берилади

Халқимизда “Ери бойнинг эли бой” деган ҳикмат бор. Бу бежиз айтилмаган, албатта. Бунинг замирида жуда катта маъно бор. У том маънода одамларни боқади, кийинтиради. Демак, ерни асрашимиз, унинг ҳар бир қаричидан самарали фойдаланишимиз ва табиат неъматини борида қадрлашимиз лозим.

Кейинги йилларда ушбу ресурсдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, ер муносабатлари соҳасида қонунийликни таъминлашга катта эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Пировард мақсад – ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ер ажратишда тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерни ўз эгасига беришдир.

Давлатимиз раҳбарининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ер ажратишда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда муҳим ҳуқуқий ҳужжат бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Фармон матни билан танишар эканман, у кейинги йилларда ердан фойдаланиш бўйича қабул қилинган энг муҳим ҳужжатлардан бири эканига амин бўлдим. Негаки, соҳа равнақига тўсиқ бўлаётган камчиликларни узил-кесил бартараф қилишга қаратилган мазкур ҳужжатда бугунги куннинг устувор вазифалари аниқ, чуқур ёндашилган ҳолда белгилаб берилган.

Масалан, 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга – мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилиши кўпчиликнинг дилидаги гап бўлди.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар эса барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилиши белгиланди.

Ёдингизда бўлса, жорий йилдан бошлаб ёшларга экин майдонларидан ер ажратиш тизими йўлга қўйилган эди. Ушбу тизим ўтган қисқа вақт ичида ўзини тўла оқлади. Бу орқали жойларда минг-минглаб йигит-қизлар ишли бўлди, даромад манбаига эга бўлди. Эндиликда бу борадаги ишларни давом эттирган ҳолда, Сурхондарёда бошланган тажриба асосида, ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилинишини жуда оқилона қарор, деб ҳисоблайман.

Албатта, жараёнга жиддий ёндашув бежиз эмас. Ахир табиат инъом этган табиий ресурслар ичида ер ўзига хос ҳуқуқий мақомга эга саналади. Демак, энди ерни ҳақиқий эгаси – халққа бериб, ҳокимлар, сектор раҳбарлари билан биргаликда қайси пахта ва ғалла майдонини қисқартиришни аниқлаб, уларни ишсиз аҳолига бериш бўйича зарур чораларни кўришимиз лозим бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур фармоннинг аҳамиятини аҳоли орасига кенг тарғиб қилиш, жойларда унинг ижросини ташкил этишда фаол иштирок этишимиз, ер майдонларини ажратиш ва фойдаланишда назорат ўрнатишимиз керак. Зотан, тириклик манбаи бўлиб келган ернинг ҳар қаричидан оқилона фойдаланиш иқтисодий барқарорлик кафолатидир.

Одинахон ОТАХОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    514
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+