Ер муносабатларида адолат, ошкоралик тамойиллари қарор топмоқда

10.06.2021, 17:01

Ер муносабатларида адолат, ошкоралик тамойиллари қарор топмоқда

Ер аҳоли бандлигини таъминлашда катта заҳира эканлиги, айниқса, кейинги йилларда яққол исботини топмоқда. Негаки, шу бир парча ернинг дастурхонимиз файз-баракаси, юрт ободлигини таъминлашда аҳамияти катта.

Жорий йилдан бошлаб ёшларга экин майдонларидан ер ажратилаётгани натижасида минглаб йигит-қизларимиз даромад манбаига эга бўлди. Эндиликда, Сурхондарёда бошланган тажриба асосида ишсиз аҳолига қишлоқ хўжалиги ерларини 10 йил муддатга деҳқончилик билан шуғулланиш учун ижарага бериш тартиби жорий қилиниши бандликни таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтиришга хизмат қилиши муқаррар.

Жорий йилнинг 8 июнь куни қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йўналишда аниқ вазифалар белгилаб берилгани айни муддао бўлди.

Ҳудудларни ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларнинг бажарилиш ҳолатини ўрганиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жойларга тушиб, аҳоли билан мулоқот қиламиз. Учрашувлар чоғида кўп ҳолларда бандлик муаммосига дуч келамиз. Йиғилишда бу борада юзага келаётган муаммолар ечими аниқ таҳлиллар асосида белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, энди ер ҳақиқий эгасига – халққа бериляпти. Хусусан, жорий йилда қарийб 100 минг гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари ишсиз аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши, пахта ҳосилидан кейин ушбу мақсадлар учун яна 100 минг гектар ер ажратилиши аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган дадил қадамдир.

Сир эмас, яқин-яқингача ер участкаларини ажратишда турли муаммоларга дуч келар эдик. Президентимизнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида бу масаланинг ечими ўз ифодасини топгани катта аҳамиятга эгадир.

Унга мувофиқ, 2021 йил 1 августдан бошлаб қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади.

Мазкур ҳужжат билан прокуратура органлари Ер тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишга қаратилган фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ва жойларда ҳудудий кенгашлар ташкил этилиши эса ер ажратиш ва ундан фойдаланиш соҳасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда ўз самарасини беради.

Эътиборга молик томони, давлатимиз раҳбарининг ушбу фармонига мувофиқ, Кадастр органлари ердан мақсадсиз фойдаланишни аниқлаганда ушбу ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши мумкин.

Бир сўз билан айтганда, ер ажратилиши ва ундан фойдаланилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштириш айни вақтда энг асосий масалалардан саналади. Мазкур фармоннинг ижроси эса ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Демак, унинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишда биз депутатлар фаол бўлишимиз керак. 

Тоҳиржон АҲМАДАЛИЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    77
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+