Спикер ўринбосари ишчиларга яратилган шароитлар билан танишди

10.06.2021, 17:10

Спикер ўринбосари ишчиларга яратилган шароитлар билан танишди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Актам Хаитов Бухоро вилояти Ромитан туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вакиллари билан учрашди.

Тадбирда OʻzLiDeP қуйи бўғини вакилларининг келгусидаги ишлари, жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш, партиядан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастурига таклифларни ўрганиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур таклифлар орасида энг ўринлилари албатта жойлардаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиши таъкидланди.  

Спикер ўринбосари туман кенгаши депутати, туман ҳокими Хуршид Тоҳиров билан учрашди. Ёшларга ер ажратиш масаласида қилинаётган ишларнинг ҳолатини ўрганди.  

Туманда ҳозирги кунда “Ёшлар дафтари”га киритилган 1 минг 208 нафар ишсиз ёшлардан 1 минг 45 нафари www.daftar.mehnat.uz электрон платформасидан чиқарилган. 177 нафар ёшлар доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилган. Мазкур дафтарга киритилган 259 нафар ёшга 34,2 гектар ер майдони ажратилган. Уларнинг 219 нафарига туман тижорат банклари томонидан 3 миллиард 194 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

“Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида «Ёшлар: 1+1» дастури доирасида тумандаги 431 та ташаббускор тадбиркорлик субъектларининг ҳар бирига ёшларни бириктириш режаси тасдиқланди. Бугунги кунда 577 нафар ишсиз ёшлар тадбиркорларга бириктирилди. 577 нафар ёшлар бандлиги таъминланди. 63.7 миллион сўм маҳаллий бюджет, 28,7 миллион сўм бюджетдан маблағ ажратилди.

Жорий йилнинг ўтган икки ойи мобайнида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаларида 96 та корхона ва ташкилотлар, хусусий иш берувчилар 1 минг 724 та бўш иш ўрни билан қатнашган. 16 нафар ёшлар доимий ишга жойлаштирилган. 52 нафарига ҳуқуқий маслаҳат берилган.

Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга қисқа муддатли (3-6 ойлик) ўқув курслари ташкил этилган. Жумладан, 30 нафар ёшлар тикувчилик, ошпазлик, электр-газ пайвандлаш йўналишида ўқитилган.

“Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларнинг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда касб-ҳунарга ўқитиш мақсадида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун 26 нафар ёшларга 55 миллион сўм тўловлари тўлаб берилган. Бир марталик моддий ёрдам сифатида 8 нафар ёшларга жами 7,84 миллион сўм маблағ ажратилган. 78 нафар ёшларга субсидия асосида 381,3 миллион сўмлик асбоб-ускуналар олиб берилган.

Суҳбатда ёшлар бандлигини таъминлаш, уларга шу жойнинг ўзида қулай шарт-шароитлар яратиб бериш, келажагимиз эгаларини тадбиркорликка йўналтириш борасида яна бир қатор келишувларга эришилди.

Актам Хаитов Қоракўл туманидаги “REAL TEKS QORAKOʻL” МЧЖ томонидан “Ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди.

8,34 гектар майдонни эгаллаган корхона замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган. Йиллик қуввати 5 минг 113 тонна ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил қилмоқда. Ўтган йили 4 688,3 минг АҚШ долларлик маҳсулот экспорт қилинган. Айни пайтгача 420 та янги иш ўрни яратилган.

Спикер ўринбосари ўрганиш жараёнида келгусида жамиятда янада юқори технологиялардан фойдаланиш, корхонани кенгайтириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, экспорт ҳажмини ошириш борасида ўз маслаҳатларини берди. Ишчи-ходимларга яратилган шароитлар билан танишди, улар билан суҳбатлашди.

Зариф Комилов, ЎзА

  • Кўрилди
    620
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+