Ўзбекистон – Тожикистон: ўзаро муносабатлар янги ўсиш босқичида

11.06.2021, 17:29

Ўзбекистон – Тожикистон: ўзаро муносабатлар янги ўсиш босқичида

Ўзбекистон ва Тожикистон халқларини биродарликнинг ўзига хос ришталари боғлаб туради. Асрлар мобайнида ёнма-ён, бир оила аъзоларидек, аҳил-иноқ яшаб келаётган бу икки халқ хурсандчиликда ҳам, ғамда ҳам доимо бирга бўлганлар. Бу икки тилда сўзлашувчи бир халқдир.

Давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли қўшни мамлакатларнинг муносабатлари тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликнинг янги даражасига кўтарилди. Икки мамлакат халқлари сўнгги бир неча йил ичида ўзбек-тожик муносабатлари ривожида юз берган беқиёс ўзгаришларнинг шоҳиди бўлмоқдалар.

Буларнинг барчаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи давомида ўз аксини топди. Юқори даражадаги учрашувлар давомида ўзбек-тожик мамлакатларининг дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар стратегик шерикчиликни ривожлантириш учун аниқ чораларни амалга оширишга қатъий содиқлиги ва тайёрликларини билдирдилар. Айтиш жоизки, ЎзЛиДеП фаоллари ва унинг депутатлик корпуси умумий тарих, маданият, дин, маънавий қадриятлар ва анъаналарни чамбарчас боғлаб турган Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг кўп асрлик дўстона алоқаларини қадрлайдилар.

Ишончли муносабатлар даражаси шу билан белгиланадики, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмоннинг “тет-а-тет” форматида бўлиб ўтган учрашувида иккала давлат раҳбарлари ўзбек-тожик стратегик шерикчилиги, кўп қиррали ўзаро ҳаракатларини ҳар томонлама кўриб чиқиб, конструктив сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алмашинувларни ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Марказий Осиёда хавфсизлик, барқарорлик ва қатъий ривожланиш, шунингдек, халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ўзаро ҳаракат масалалари бўйича фикр алмашилди.

Шу нуқтаи назардан биз тадбиркорлар, ишбилармонлар ва фермерлар манфаатларини ҳимоя қилувчи партия сифатида расмий ташриф натижаларини таҳлил қилишда амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг аниқ лойиҳаларини узоқ муддатли истиқболга илгари суришга кўмак берувчи кўп қиррали ўзаро ҳаракатлардаги ўша янги “ўсиш нуқталари”га алоҳида эътибор қаратдик.

Албатта, бунинг учун зарур база ҳам мавжуд. Масалан, 2017 йилда товар айланмаси 70 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йил натижаларига кўра, ҳатто пандемия шароитларига қарамай, бу кўрсаткич 500 миллион долларни ташкил этди. Ташриф олдидан минтақалар форуми ўтказилиб, унда таҳминан 700 миллион доллар миқдордаги аниқ лойиҳа ва битимлар имзоланди.

Партиямиз янги “ўсиш нуқталари” келаси йилдан бошлаб товар айланмасининг икки баробар ўсишига туртки бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Электоратимиз томонидан товар айланмасини ошириш, вилоятлар салоҳиятини ишга солиш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида саноат кооперациясини ошириш, транспорт соҳасида ўзаро ҳаракатни, хусусан, иккала мамлакат шаҳарлари ўртасидаги транспорт алоқаларини кенгайтириш каби ҳамкорлик йўналишлари ажратиб кўрсатилмоқда.

Фикримизча, ўзаро маҳсулотлар етказишни кенгайтириш, учинчи дунё мамлакатлари бозорига биргаликда чиқиш имкониятларини излаш зарур. Ишончимиз комилки, Тожикистон томон билан эркин савдо тартибидаги мусодара қилишларни бекор қилиш ва тарифсиз тўсиқларни бартараф қилиш муаммолари бўйича келишиб олиш лозим. Чегараолди ҳудудлари тадбиркорлари Тожикистон билан ҳамкорликда Чегараолди савдо маркази ташкил этиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайдилар.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги кейинги “ўсиш нуқтаси” икки мамлакат вилоятлари ҳамда етакчи корхоналари ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтириш бўлиши мумкин. Бу иккала мамлакатда ўзбек автомобилларини йиғиш, замонавий трансформаторлар, қишлоқ хўжалик асбоб-ускуналари, маиший техника, калава ип ва газлама ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва бошқа қўшма лойиҳаларга тааллуқлидир.

Буларнинг барчасини илғор чет эл тажрибаси асосида янги қўшма инвестиция компанияси доирасида ташкил этиш ва унинг имкониятларидан максимал равишда лойиҳаларни илгари суришда фойдаланиш мумкин. Бу борада қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” алоҳида эътиборга молик.

Ўсиш шароитларида Ўзбекистон ва Тожикистон иқтисодиёти иккала мамлакатнинг улкан гидроэнергетик салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича ўзаро манфаатли мулоқотни амалга оширишни талаб этади. Зарафшон дарёсида ГЭС қуриш тўғрисидаги лойиҳа бўйича қўшма акционерлик жамияти ташкил этиш ҳақидаги келишув бу йўналишдаги аниқ қадамлардан бири бўлди.

Шу ва бошқа “ўсиш нуқталари” Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари томонидан имзоланган Қўшма баёнотда акс этган бўлиб, унда икки мамлакат ўртасида кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик, стратегик шерикчилик муносабатларини янада ривожлантириш, кенгайтириш бўйича асосий келишувлар узоқ муддатли вазифалар белгиланган. Энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, илм-фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган 35 та ҳужжат шулар жумласидандир.

Муболағасиз айтиш мумкинки, кейинги йилларда икки томонлама муносабатларда улкан ўзгаришлар рўй берди. Уларни Ўзбекистон ва Тожикистондаги миллионлаб одамлар ўз ҳаётида ҳис этмоқда. Бу Ўзбекистон – Тожикистон муносабатларининг янги модели, янги муҳитида ўз аксини топмоқда. Барча саъй-ҳаракатлар ва амалий ишлар халқларимиз манфаатлари ва орзу-интилишларига тўлиқ мослиги янада аҳамиятлидир.

Президентимиз ўз вазифасига киришган илк кунларданоқ ўзаро муносабатлардаги музлар эриди, халқларимиз бир-бири билан яна топишди. Йиллар давомида қариндош-уруғлари, дўстлари ва яқинлари билан дийдор кўришиш имконидан бебаҳра бўлган одамларнинг кайфияти ҳам ўзгарди. Ўзбекистон ва Тожикистоннинг мана шу 4-5 йил ичида ўзаро муносабатларда эришган ютуқларини бошқа мамлакатларга бемалол намуна қилиб кўрсатса бўлади. Буни халқаро экспертлар ҳам эътироф этаётир.

Хулоса шуки, бўлиб ўтган расмий ташриф натижалари икки биродар давлат ва халқлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш, кўп қиррали шерикчиликни кенгайтириш бўйича янги аниқ натижаларга эришиш учун мустаҳкам негиз яратди. Бу муносабатларимизда янги давр бошланганидан далолатдир.

Актам Ҳаитов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    774
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Jovliyev Ulug`bek Omondavlat o`g`li2021-06-14 13:48:05

O`zbekiston ko`p millatli yurt va bu ko`p millatlilikni yanda mustahkamlashimiz kerak...


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+