Яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда

11.06.2021, 16:44

Яхши қўшничилик муносабатлари янада мустаҳкамланмоқда

Мамлакатимизни яқин истиқболда тараққий эттиришга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш устувор вазифалар қаторида белгиланган. Бу мақсадлар амалда ўз ифодасини топмоқда.

Биргина мисол: беш йил илгари ўзбек-тожик давлат чегарасини кунига 150-200 киши кесиб ўтарди, холос. Чунки 17 та чегара пункти қарийб ёпиқ эди. Тожикистон билан шартнома имзолангандан кейин улар тўлиқ ишлай бошлади. Ҳозирга келиб кунига 22 мингдан зиёд фуқаро икки давлат сарҳадларидан ўтяпти. Шунингдек, ўтган бир неча йилда давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш, транспорт коммуникацияларидан фойдаланиш, давлат чегараларини кесиб ўтиш каби мураккаб ва чалкаш муаммоларга ечим топилгани алоҳида эътиборга молик.

Кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан мазкур давлатга расмий ташриф буюрди.

Учрашув чоғида, жумладан, 2017 йилда товар айирбошлаш 70 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2020 йилда – мураккаб пандемия йилида ушбу кўрсаткич илк бор 500 миллион долларга етгани, қўшма корхоналар сони 8 баробарга ошгани ҳам қайд этилди.

Давлат раҳбарлари қўшма баёнот имзоладилар. Унда эришилган асосий келишувлар мустаҳкамлаб қўйилди ҳамда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланди.

Қисқаси, мазкур ташриф Ўзбекистон яқин қўшниларига нисбатан очиқ, хайрихоҳ ва дўстона сиёсатнинг қатъий тарафдори эканини яна бир бор яққол намоён этди. Яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларининг янги босқичга кўтарилиши эса ушбу икки давлатнинг ҳар томонлама янада ривожланишига хизмат қилади.

Дилбар УСМОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси депутати,

O'zLiDeP фракцияси аъзоси

  • Кўрилди
    911
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+