Давлат раҳбарларининг учрашуви ўзбек-тожик халқларининг азалий дўстлик анъаналарини янада мустаҳкамлайди

11.06.2021, 17:41

Давлат раҳбарларининг учрашуви ўзбек-тожик халқларининг азалий дўстлик анъаналарини янада мустаҳкамлайди

Ўзбек-тожик халқларининг тили, дини, урф-одатлари ва қадриятлари муштарак ва азалий дўстлик ҳамда яхши қўшничилик анъаналари узоқ тарихга бориб тақалади. Турк хоқонлиги, Aраб халифалиги, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Темурийлар, Шайбонийлар, Aштархонийлар каби хонликлар даврларда ҳам ўзбек-тожик халқлари бир-бирига ҳамнафас бўлиб, аҳил ва иноқ умр кечирганлар.

Бугунги кунда ҳам икки мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон саъй-ҳаракатлари туфайли ўзаро муносабатлар янада яхшиланиб бормоқда. Жорий йилнинг 10 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи бу алоқалар ва азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Шуни мамнуният билан эътироф этиш жоизки, 2017 йилдан буён икки мамлакат раҳбарлари ўртасида 8 маротаба икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди, Президентларимиз халқаро доирадаги тадбирларда иштирок этдилар. 2018 йил 9-10 март кунлари Ўзбекистон Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи амалга оширилган бўлса, айнан ўша йили 17-18 август кунлари Тожикистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи уюштирилди. 2018 йил 27-28 сентябрь кунлари Президентимиз МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши саммити доирасида, 2019 йил 14-15 июнь кунлари Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари йиғилишида иштирок этиш мақсадида Тожикистонга амалий ташриф билан борди.

Шу билан бирга, Тожикистон Президенти 2019 йил 29 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрди.

Бундан ташқари, 2018 йилда 4 марта (2 марта Душанбе ва Фарғонада), 2019 йилда 2 марта (Термиз ва Бекободда), 2020 йилда Душанбеда 1 марта Бош вазирлар даражасидаги учрашувлар ташкил этилди.

Жорий йил 24 апрель куни Хўжандда Ҳукумат раҳбарлари учрашуви ташкил этилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга бўлажак расмий ташрифига тайёргарлик кўриш ва икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга доир масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Тожикистон Бош вазири 2021 йил 14 май куни Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келди.

Шу ўринда мамлакатларимиз ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳам мунтазам мулоқот йўлга қўйилганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, 2016 йил сентябрь ойидан буён икки мамлакат ташқи ишлар вазирларининг 23 маротаба учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигининг ҳуқуқий асосини шу пайтгача имзоланган турли даражадаги 165 та ҳужжат ташкил этади. Улар орасида, айниқса, «Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома» (17.08.2018 й, Тошкент) ва “Aбадий дўстлик шартномаси» (2000 йил 15 июнь, Душанбе) аҳамиятлидир.

Бу галги учрашувда Президентлар Қўшма баёнот имзоладилар. Икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича узоқ муддатли вазифалар белгиланган. Хусусан, Ўзбекистон — Тожикистон инвестиция компаниясини ташкил этиш тўғрисида, саноат ва янги технологиялар соҳасида, тоғ-кон саноатида ҳамкорлик тўғрисида, Зарафшон дарёсида ГEС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида, Юклар транзити тўғрисидаги битимлар, шунингдек, Дипломатик ваколатхоналар учун ер майдонларини ўзаро тақдим этиш тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш, Фуқароларнинг ўзаро қатновлари тўғрисидаги битимга қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённомалар, икки мамлакат ташқи сиёсий идоралари ўртасидаги ҳамкорлик Дастури ва қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси» алмашилгани эса икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиради.

Умуман олганда, энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат имзоланди.

Албатта, бу келишув ва ўзаро ҳамкорлик давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлайди ва иккала халқнинг азалий дўстлиги бардавом бўлади, деб ишонамиз

Ҳазратқул ХЎЖАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

O'zLiDeP фракцияси аъзоси.

  • Кўрилди
    733
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+