Соғлом, бахтли ва бунёдкор аёллар – янги Ўзбекистон истиқболлари!

11.06.2021, 18:15

Соғлом, бахтли ва бунёдкор аёллар – янги Ўзбекистон истиқболлари!

O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” томонидан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” шиори остида “Соғлом, бахтли ва бунёдкор аёллар – янги Ўзбекистон истиқболлари!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Республика миқёсида ташкил этилган онлайн мулоқотда O‘zLiDeP “Аёллар қаноти”нинг ҳудудлардаги вакиллари, фаоллари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакиллари ҳамда маҳалла фуқаролари иштирок этди.

Тадбирда асосий эътибор Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш, жойларда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” тизими бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада оширишга масаласига қаратилди.

Партия “Аёллар қаноти” давлатимиз раҳбари белгилаб берган ушбу устувор вазифаларни ижросини таъминлаш борасида қатор амалий ишларни бошлаб юборди.

Бугунги кунда партия сафидаги 1 миллиондан ортиқ аъзоларнинг 420 минг 318 нафарини хотин-қизлар ташкил этишининг ўзида ҳам жамиятдаги аёлларнинг сиёсий жараёнларга қанчалик фаоллигини кўриш мумкин.

Жорий йил бошидан хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, аёлларни кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик соҳаларига кенг жалб этиш, шунингдек, бугунги ислоҳотлар мазмун-моҳиятини жамиятимизнинг илғор қатлами бўлмиш тадбиркор, фермер хотин-қизларга етказиш, уларнинг тажрибасини оммалаштириш,  фермер хўжаликларида замонавий экспортбоп ва рақобатдош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигида саноатни жадал суръатлар билан ривожланишга кўмаклашиш, жойларда айниқса, чекка қишлоқларда янги иш ўринлари яратишга қаратилган қатор партиявий лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Биргина партия Аёллар қанотининг “Бунёдкор аёллар” лойиҳаси доирасида 261 та тадбирлар ташкил этилиб, уларда 7045 нафар иштирокчилар қатнашган. Шулардан 343 нафарига 4 млрд 19 млн. сўм миқдорида кредитлар олиб берилишига кўмаклашилган. Бунинг натижасида мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига эришилди.

Бундан ташқари ҳар бир маҳаллада ишсиз, уйда ўтирган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб қилиш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳудудларда ҳурматга сазовор бўлган маҳалла фаоллари, тадбиркор, фермер, ишбилармон хотин-қизларни партия сафига жалб этиш мақсадида амалга оширилиб келинаётган “O‘zLiDeP аёллари – Янги Ўзбекистон бунёдкори!” лойиҳаси доирасида маҳаллалар қошида 515 та “O‘zLiDeP фаоли - ислоҳотлар тарғиботчиси!” клублари ташкил этилди. Ушбу клубларда 3408 нафар фаол аёлларимиз аъзо қилинди. Мазкур лойиҳа Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан меморандум имзоланган бўлиб, ҳамкорликда фаолият олиб борилмоқда.  

Шунингдек, “Соғлом оила – мустаҳкам оила” лойиҳаси доирасида умумий 2610 та тадбирлар ўтказилиб, уларда 10 261 нафар иштирокчилар қатнашдилар. Шунингдек, 110 та бепул тиббий кўрикларда 6980 нафар хотин-қизлар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди.

Яна бир партия Аёллар қанотининг “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида оилаларнинг ажримларини олдини олишга қаратилган 155 та давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этилиб, 200 дан ортиқ низоли оилаларнинг яраштирилишга эришилди.

Хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларни қўллаб-қувватлаш, жамиятда муносиб ўрнини эгаллашда халқ вакиллари ҳисобланган депутатларнинг ролини ошириш, жорий йилда партиянинг камбағалликни қисқартириш бўйича 2020-2021 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар ишбилармонлигини ошириш дастурини амалга ошириш орқали тадбиркор аёллар сафини кенгайтириш, O’zLiDePдан сайланган барча депутатлар томонидан хотин-қизларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Бир депутат-юз аёлга кўмакчи!” лойиҳаси  амалга оширилмоқда. Лойиҳада “Аёллар ва ёшлар” дафтарига кирган хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларга амалий кўмак кўрсатишга қаратилган бўлиб, шу кунга қадар 606 нафар депутатларимиз фаол иштирок этиб, лойиҳа доирасида умумий 3077 нафар хотин-қизларга тиббий, хуқуқий, моддий кўмак берилди. Бундан ташқари партия электорати бўлган тадбиркорлар кўмагида ишга жойлаштирилди.

Давра суҳбатида мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан партиявий лойиҳаларнинг самарадорлигини янада ошириш, катта ютуқларга эришиб келаётган тадбиркор, фермер аёлларимизнинг эришган ютуқларини оммашлаштириш, “темир дафтар” ва “аёллар дафтари”га кирган ишсиз хотин-қизлар билан доимий ишлаш, уларнинг муаммоларини тегишли ташкилотлар орқали ечим топиш каби қатор аниқ вазифалар белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    147
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+