Ўзбекистон – Тожикистон: ҳамкорлик икки халқнинг дўстлик ришталари асосида жадал ривожланиб бораверади

14.06.2021, 11:51

Ўзбекистон – Тожикистон: ҳамкорлик икки халқнинг дўстлик ришталари асосида жадал ривожланиб бораверади

Ўзбекистон ва Тожикистонни умумий тарих, маданият, узвий маънавий қадриятлар риштаси боғлаб туради. Кўп асрлик яқин қўшничилик ва ўзаро ҳурмат анъаналари икки давлат ўртасидаги муносабатларда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бугунги кунда ўзаро алоқаларда жуда катта амалий ўзгаришлар юз бераётгани айни ҳақиқат. Буни қуйидаги рақамлар ҳам исботлаб турибди. Хусусан, 2020 йилда икки томонлама товар айланмаси 502 миллион долларга етди, шу жумладан экспорт – 404,5 миллион доллар, импорт – 97,3 миллион доллар. Бу 2017 йилга нисбатан икки баробарга кўп ва сўнгги 20 йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. Бу икки томонлама алоқалар тарихида янги саҳифа очилганлиги, шериклик муносабатлари эса сифат жиҳатидан янада юқори даражага олиб чиқилганлиги ва амалий мазмун билан бойитилганидан далолатдир.

Эътиборли жиҳати шундаки, оғир пандемия шароитида ҳам (2020 йил) савдо алоқаларининг ўсиш жараёни сақлаб қолинди ва 5 фоизни ташкил этди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Тожикистон иқтисодиётида қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган етарли даражадаги озиқ-овқат ва саноат тармоқларига эга бўлиб келажакда фармацевтика, гўшт ва гўшт маҳсулотлари, кийим кечак ва тўқимачилик ҳамда ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари бўйича иккитарафлама фойдали лойиҳаларни амалга ошириш мумкин.

Алоҳида эътибор ҳудудлараро иқтисодий ҳамкорлик ва савдо алоқаларини ривожлантиришга қаратилмоқда. Хусусан, Сурхондарё вилояти билан Хатлон вилояти, Самарқанд вилояти билан Сўғд вилояти ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисида битимлар қабул қилинди. 2018 йил апрель ойида Самарқанд шаҳрида Сўғд вилояти ишбилармон доиралари иштирокида “Саноат ярмаркаси” ўтказилди. Биринчи марта ўтказилган мазкур саноат ярмаркаси икки қўшни вилоятларнинг ишбилармонлари ўртасида ўзаро кооперация алоқаларини боғлашга ва уни мустаҳкамлашга хизмат қилди. Тадбир доирасида икки вилоят тадбиркорлари ўртасида 20 га яқин бизнес ва ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатларининг иқтисодий соҳада ривожланишининг яна бир муҳим сабаби бу – самарали кооперация алоқаларини ривожлантиришга бўлган қизиқишдир. Таъкидлаш керакки 2016 йилдан 2020 йилгача бўлган муддатда Ўзбекистон ҳудудида тожик капитали иштирокидаги корхона ва ташкилотлар сони 8 баробарга, яъни 25 тадан 202 тага кўпайди. Эътиборли жиҳати уларнинг 50 фоиздан кўпроғи қўшма корхоналардир.

БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини беради.

Бундан ташқари Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг тобора ривожланиб бораётганининг яна бир муҳим омили бу – икки мамлакатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконият ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланишнига алоҳида аҳамият бераётганидир. Бунга яққол мисол сифатида 2018 йилда «Тошкент – Хўжанд», «Самарканд – Панджикент», «Денов – Душанбе» ва «Термиз – Душанбе» йўналишларида мунтазам автобус қатновини йўлга қўйилганлигини келтириш мумкин.

Шу билан бир қаторда 2017 йилда Тошкент ва Душанбе ўртасида авиақатновларни қайта тикланганди. Ўзбекистон Ҳаво Йўллари Миллий авиакомпанияси Тожикистонга парвозлар сонини уч баробарга, яъни 60 тадан 208 тага оширди.

2018 йилда эса «Ғалаба-Амузанг» перегони (икки қўшни станция орасидаги масофа) орқали ўтувчи темир йўл тармоғи ҳам қайта тикланди. Натижада 2017-2019 йилларда автотранспорт орқали юк ташиш ҳажми 60 фоиз, ҳаво орқали юк ташиш ҳажми эса 2,6 баробарга ошди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, транспорт ва логистика соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши келажакда икки давлат иқтисодий алоқалариниг бунданда гуллаб-яшнашига замин яратади, зеро пандемия ва унинг оқибатида қабул қилинган карантин чоралари очиқ савдо оқимларини ушлаб туришда юкларни бошқариш соҳасидаги минтақалараро ҳамкорлик нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Ҳеч шубҳасиз айтиш мумуикнки, икки давлат томонидан иқтисодий ва савдо алоқаларини яхшилаш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар ягона эзгу мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, янги иш-ўринларини яратиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришдан иборатдир. 

Бир сўз билан айтганда Ўзбекистон қардош Тожикистон билан шериклик муносабатларини изчил ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича қатъий сиёсий ирода намойиш этмоқда. Шубҳасиз, икки давлат раҳбарларининг узоқни кўзлаб амалга ошираётган сиёсати туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бундан буён ҳам янада самарали бўлади, икки халқнинг тарихан шаклланган дўстлик ришталари асосида жадал ривожланиб бораверади. Зеро Президентимизнинг шу йил 10 июнь куни Тожикистон Республикасисига расмий ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасида имзоланган энергетика, транспорт, автомобилсозлик, электротехника, тоғ-кон ва енгил саноат, фан, таълим, спорт ва бошқа соҳаларни қамраб олган жами 35 та ҳужжат ҳамкорликнинг кейинги босқичи учун муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Гавхарой Тухтасинова,

O'zLiDeP Бектемир туман Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    85
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+