Андижон музқаймоқлари бўйича текширув ўтказилди, бу яхшими ёки ёмон?

14.06.2021, 17:06

Андижон музқаймоқлари бўйича текширув ўтказилди, бу яхшими ёки ёмон?

Ижтимоий тармоқлар, ахборот сайтларида кўчаларда сотилаётган андижон музқаймоқлари тегишли идоралар томонидан текширилиши туфайли билдирилаётган фикрлар, тахмин-гумонлар, тортишувлар ҳали тингани йўқ.

Бир ойча аввал ана шу музқаймоқдан харид қилмоқчи бўлгандик. Иссиқда терлагани учун йигитча – сотувчидан нохуш ҳид келарди. Либослари унчалик тоза эмас. Нақд пулларни ушлаган қўллари билан “морожний” сузиб берилувчи қошиқни ҳам, вафли ё картон идишчаларни ҳам бемалол ушлаб, савдо қиляпти. Махсус қўлқоплардан фойдаланмаяпти. Хуллас, таъбимиз тортмади,  сотиб олмадик.  (Эҳтимол, биз асл эмас, сохта фирма ишчисига дуч келгандирмиз?) Демоқчимизки, мазкур маҳсулот реализацияси жараёни камчиликлардан холи эмас. Балки, маҳсулот сифати ҳам белгиланган талабларга юз фоиз жавоб бермас.   Бироқ, дейлик, ҳозир кўчаларда ўрик, лимон шарбати, ҳар хил коктейллар,  айрон, гўжа, сомса, тандир нонлар ва ҳоказоларнинг аксарияти ҳам шу тарзда сотиляпти-ку.  Уларнинг сифати  юксак бўлмаса керак. Аммо бундай ичимликлар, озиқ-овқатлар бўйича рейд тадбирлари ўтказилаётганини деярли кўрмаяпмиз, эшитмаяпмиз. Балки ўтказилаётгандир, аммо қани натижа?!

Ваҳоланки, айрончилар, шарбатчилар ва шу кабиларда маҳсулот тайёрлаш, кўчада сотиш учун ҳеч қандай рухсат, ҳужжатлар  бўлмагани ҳолда тилга олинган музқаймоқни ишлаб чиқарувчи ва сотувчи фирма лицензия ва бошқа зарур ҳужжатларга эга.  Давлатга солиқ тўлаяпти. Республикамиздаги минглаб ишсиз ёшларни иш билан таъминлаяпти. Алоқадор тармоқларни (керакли хом ашёлар, музлатгичлар, дастгоҳлар ишлаб чиқарувчилар, таъмирловчилар ва б.) ҳаракатга келтиряпти. Бинобарин, бу тадбиркор йўлига ғов қўйилаётгани одамга бироз ғалати туюлади. Аксинча, юртимизга муайян наф келтираётган ишбилармонлар қўллаб-қувватланиши керак. Текширувлар ўтказилсин, лекин улар ишбилармон бизнесига раҳна солмасин, зиён-заҳмат етказмасин, билъакс, унинг натижалари асосида фаолиятни такомиллаштириш, камчиликларни бартараф этиш юзасидан тадбиркорга маслаҳатлар, тавсиялар, йўл-йўриқлар берилсин. 

Давлатимиз, ҳукуматимиз бизнес муҳитини яхшилаш, ҳақиқий тадбиркорларга кўпроқ эркинлик беришга қаратилган катта ислоҳотларни амалга оширди ва оширмоқда. Хусусий сектор бунинг самараларидан баҳраманд бўляпти. Шу каби шов-шувли рейдлар тадбиркорлар, айниқса, ёш ишбилармонларнинг  ишлаш, фаолиятни кенгайтириш,  ўз бизнесини бошлашга иштиёқини,  олиб борилаётган ислоҳотларга ишончини сўндириб қўймасмикин?

Беҳзод Исроилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими

  • Кўрилди
    1476
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Самидилло2021-06-14 18:04:08

Айнан шунинг учун ҳам қайд этилган бренд билан музқаймроқ ишлаб чиқаручи тадбиркор билан бевосита боғланиб, муаммо пайдо бўлса бизга мурожаат қилиши мумкинлигини биллирдик..


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+