Олтинкўлда “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

29.06.2021, 11:36

Олтинкўлда “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди

 Зуҳраҳон Чинбердиева олтинкўллик тадбиркор аёллардан. Асли касби педагог бўлган бу аёлнинг тиниб-тинчимас шижоати бор. Изланувчанлиги, ташаббускорлиги билан O’zLiDeP Аёллар қанотининг қатор лойиҳаларини амалга оширишда партия Олтинкўл туман Кенгашига елкадош. 2019 йилда туманда оилавий мактабгача таълим муассасаси ташкил қилди. Боғчага яқин ҳудуддаги 15 нафар аҳоли вакилларининг муқим бандлигини таъминлади. Улар орасида “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтари рўйхатларига киритилганлари ҳам борлиги ҳар бир кўмакка муҳтож инсон эътиборда эканлиги исботидир. Шунингдек, тадбиркор аёл яшаш хонадонида кичик паррандачилик фермаси ташкил қилишга улгурди. Чорва моллари ҳам парваришда. Ҳар икки йўналишдан олинаётган маҳсулотлар бевосита оилавий боғча тарбияланувчилари таомномасига етказиб берилади.

“Ишбилармон аёл” кўрик-танловининг Олтинкўл туман босқичида иштирок этган туманнинг нуфузли, салоҳиятлари фермер ва тадбиркор хотин-қизлари орасида З.Чинбердиеванинг тақдимотлари алоҳида эътибор тортди. Тумандаги мутасадди ташкилотлар, ҳокимлик, ОАВ вакиллари ҳамда депутатлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан З.Чинбердиева фаолияти кўрик-танлдовнинг 1-ўринига муносиб топилди.

-Аслида иштирокчиларимизнинг барчаси фахрли ўринларга муносиб эдилар, - дейди ҳакамлар ҳайъати раиси, партия туман Кенгаши раиси Бегали Азимов. – Маслан, 2-ўринга сазовор бўлган Барнохон Ҳамрақулованинг ҳунармандчилик йўналишидаги фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. Ёш бўлишига қарамай, 15 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаган ҳунарманд қизимиз ва шогирдлари томонидан тайёрланган миллий ва замонавий қўғирчоқлар аллақачон харидорларига эга. Бундан ташқари, 3-ўринни эгаллаган оилавий тадбиркор Шоирахон Акбарова раҳбарлигида тайёрланаётган эркаклар спорт пойабзаллари сифати билан эътироф этилди.

Дарҳақиқат, аёл боши билан ишбилармонлик муҳитида муносиб ўрин эгаллашга интилаётган ҳар битта хотин-қиз ғолиба бўлишга арзийди. Бироқ танловнинг шартлари улар орасидан энг муносибларини саралашни тақозо қилади. Якунда ғолибларга махсус диплом ва барча қатнашчиларга партия туман Кенгашининг ташаккурномалари, эсдалик совғалари топширилди.

Қимматой Ашқулова,

OzLiDeP Олтинкўл туман Кенгаши

ижрочи котиби

  • Кўрилди
    555
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+