Суви йўқ саҳрода Нуроталик фермер 300 гектар боғ яратди

29.06.2021, 11:39

Суви йўқ саҳрода Нуроталик фермер 300 гектар боғ яратди

Бу галги қаҳрамонимни Нурота марказидан 80 км узоқликда, тоғлар орасида жойлашган кичиккина қишлоқдан топдим. Қишлоқ Сувли дея аталса-да, унда ичимлик суви-ку йўқ, қудуқдан тортиладиган сув ҳам нафақат ичишга, ҳатто  ўсимликларни суғориш  учун-да  яроқсиз. Шундай бўлишига қарамай, қаҳрамоним 300 гектарга яқин лаълми ернинг эгаси, фермер. Фермер бўлганда ҳам, миллион-миллион долларлик экспортни амалга оширишни режалаштирган фермер.

У 650 миллион шахсий жамғармасига 140 миллион сўмлик кредит ҳамда  400 миллион сўмлик субсидия асосида “Улуғберди бобо” фермер хўжалигини бунёд этганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Шундай бўлса-да, ернинг 35 гектарига экилган экспортбоп йирик қора кишмиши узумлар ҳосил беришни бошлади. Афғон тужжорлари билан тузилган битим асосида ҳар уч метр квадратга бир тупдан қадалган кавраклар эса бир-икки йил орасида доривор ширасини бериши, шубҳасиз.

Чўл зонасидаги сув танқислигини томчилатиб суғориш механизми билан бартараф этиб, суви йўқ саҳрода боғ яратаётган “Улуғберди бобо” фермер хўжалиги асосчилари Н. Улуғбердиев ва рафиқаси Г. Қўшабоеваларнинг айтишича, айни пайтда уларнинг 10 нафар доимий ва 20 дан ошиқ мавсумий ишчилари бор.

Оилавий фермерлар каврак ва узум даромадини кўрсатгунга қадар ҳам шахсий маблағларининг айланмасини тўхтатмаслик учун чорвани ривожлантирди. Айни пайтда 400 бош қўй –қўзисига 300 дан ошиқ кластер учун олинган майда шохли уй ҳайвонларини қўшиб, 20 бош қорамол билан бирга боқмоқда.

Шунингдек, қишлоқ шароитини ҳисобга олган ҳолда, хусусий уй-боғча очиб, 30га яқин мактабгача таълим ёшидаги болаларнинг тарбиясига масъулиятни бўйинларига олишган.

-Бизнинг етти авлодимиз деҳқончилик билан шуғулланган. Ўзим жисмоний тарбия йўналиши бўйича олий маълумотли бўлсам ҳам, барибир  ота-бобомнинг касби ўзига тортди.

Бобомнинг катта бобоси деҳқончилиги ортидан 17 туя (ҳар бир туяга 500 кило буғдой ортишган) ўлпон тўлаб, Бухоро хони амир Музаффархоннинг назарига тушган экан. Бу тўғрисидаги маълумотлар Бухоро тарихи битилган архив ҳужжатларига муҳрланган. Энди, ўзингиз ўйланг, 17 туяда ўлпон тўлаш учун озмунча ҳосил олиш керакми?, —дейди Н.Улуғбердиев.

Дарҳақиқат, катта ер эгаси бўлишнинг катта масъулияти ҳам бор. Энг олис ҳудуддаги кичик бир қишлоқдан улкан ниятлар билан шахдам одимлаётган юртдошларимиз талайгина. Зеро, Янги Ўзбекистон катта масъулиятни зиммасига ола билганлар билан мустаҳкамланади.

М.Пирнафасова,

O'zLiDeP Навоий вилояти кенгаши

матбуот котиби

  • Кўрилди
    459
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Беҳзод Қўчқоров2021-07-02 09:10:44

100 гектарлаб ерларда ҳалол меҳнат қилиб меҳнатидна барака топаётган шундай фидойи ҳамюртларимиз купаяверсин.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+