Мақсад битта: қийнoққa coлишнинг oлдини oлиш

30.06.2021, 17:30

Мақсад битта: қийнoққa coлишнинг oлдини oлиш

Инсон қадр топса, эркинликка эга бўлса, унда яратувчанлик, изланиш, ўз устида ишлаш, ҳаётдан розилик кайфияти пайдо бўлади. Шу боис, мамлакатимизда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик бўйича тизимли ва ортга қайтмайдиган ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Бош қомусимизнинг 26-моддаси иккинчи қисмида ҳам “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки қадр-қимматни камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”, 25-моддасида эса “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас”, деб белгилаб қўйилган.

Мамлакатимиз ривожининг ҳозирги босқичида ҳаётга татбиқ этилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг асосий мақсади инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама таъминлаш, кафолатлашдан иборатдир. Чунки фуқаролар ҳуқуқлари таъминланган юртда тинчлик, осойишталик ҳукм суради, одамлар ҳаётдан рози яшайди. Бу борада Ўзбекистоннинг тинчликпарвар сиёсати, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари дунё ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Лекин ҳозирги давр қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ишларини давом эттиришни тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давомидир.

Айтиш мумкинки, мазкур ҳужжат Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси ҳамда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси доирасида қабул қилинган. Пировард мақсад – БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштиришдир.

Қарорнинг аҳамиятли томони шундаки, унда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича энг устувор вазифалар белгилаб берилган.

Биринчидан, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш;

Иккинчидан, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга юборилган мурожаатларнинг муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилмаслигини ҳамда қабул қилувчига зудлик билан юборилишини қатъий таъминлаш;

Учинчидан, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш;

Тўртинчидан, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш.

Шунингдек, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг давлат органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлашдек муҳим вазифалар ҳам ўрин олган.

Муболағасиз айтиш мумкинки, қарорга мувофиқ, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш амалиёти йўлга қўйилгани айни муддао бўлди. Бу орқали ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсни қабул қилишга асос бўлган ҳужжат нусхаси ва ушбу шахс ҳақидаги маълумотлар шахс ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган вақтдан бошлаб уларнинг маъмурияти томонидан дарҳол ягона электрон реестрга киритиб борилади.Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Омбудсман эса мазкур маълумотлар билан танишиш имкониятига эга бўлади.

Булар ҳали ҳаммаси эмас. Ушбу ҳужжат билан Олий Мажлис палаталарига Жамоатчилик гуруҳларини шакллантириш, фаолиятини ташкил қилиш ва мониторинг ўтказиш тартибини назарда тутувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш, шунингдек, Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича иш фаолияти кўлами ортишини инобатга олиб, Омбудсман Котибияти тузилмасида бошқарув ходимларининг чекланган сонини қайта кўриб чиқиш вазифаси юкланди. Ўз навбатида, Олий Мажлис палаталари ҳар йили омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш бўйича маърузасини эшитиб, бу иллатга бутунлай барҳам бериш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаши кўрсатиб ўтилди.

Шу нуқтаи назардан мазкур қарорни инсон ҳуқуқ ва манфаатларини олий қадрият сифатида баҳолайдиган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси тўла қўллаб-қувватлайди. Биз учун шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликлари жамият ва давлат манфаатларидан устун ҳисобланади. Фикримизча, инсоннинг индивидуал ҳуқуқлари жамият ва иқтисодий тартибнинг ҳуқуқий базаси ҳисобланади ва биз “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни ва тамойилни изчиллик билан ҳаётга жорий этиш, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, шахснинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш тарафдоримиз.

Хулоса шуки, ҳар қандай жиноят жамият ва давлат манфаатларига зарар етказади. Ана шундай жиноятлардан бири қийноққа солишдир. Ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш, қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, айниқса, Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги ислоҳотларига халқаро ҳамжамиятнинг ижобий фикрини шакллантиришга хизмат қилиши муқаррар.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    377
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-07-01 08:21:27

Хурматли раисимиз маколасида аник курсатилганидек, бизнинг Узбекистонимиз инсон манфаатлари хамма нарсадан устун куйиладиган давлат. Хаттоки жамиятимиздаги айрим билиб билмай килмиш кучасига кириб кетган инсонларга хам кулайликлар яратиш тугрисида суз булмокда. Накадар богрикенглик бу . Юртимиз тинчлиги, турмушимиз ободанчилиги, жамиятимиз мустахкамлиги обадий булсин!


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+