O'zLiDeP Президентимиз маърузасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

01.07.2021, 18:11

O'zLiDeP Президентимиз маърузасидан келиб чиқувчи асосий устувор вазифаларни белгилаб олди

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларга муносабат бутунлай ўзгарди. Чунки ёшлар Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси ҳисобланиб, юртимизда аҳолининг 60 фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шу боис, янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ёшларга доир давлат сиёсати ва унинг амалий натижалари жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда.

O'zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилишида бу ҳақда сўз юритилди.

Унда Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларидан келиб чиқувчи асосий вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ушбу тарихий нутқда яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг бошлиқ расмий делегация мамлакатимизга ташриф буюргани, суҳбат чоғида у киши бир фикрни афсус билан таъкидлагани билдирилди. Сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмаслиги, Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошгани юқори баҳолагани қайд этилди. Бу ғоят муҳим йўналишдаги ишларни давом эттирган ҳолда, Парламентлараро иттифоқ кўмагида “Биз парламентда ёшларни қўллаб-қувватлаймиз!” деган эзгу ташаббус амалга оширамиз”, деди Президентимиз.

Ушбу тизим асосида сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига янада кенгроқ жалб этилиши, халқ депутатлари кенгашлари тавсияси асосида ёш, ғайратли, фидойи ўғил-қизларимиз бундан буён Олий Мажлис депутати ва сенаторларига бириктирилиши таъкидланди. Маҳаллий кенгашларда ҳам, худди Сенат ва Қонунчилик палатасидаги каби, ёшлар парламенти вакиллари мактаби ташкил этилиши, иқтидорли ёшлар орасидан янги авлод захира кадрлари – “Келажак лидерлари”ни шакллантирилиши билдирилди.

Йиғилишда айни шу масалалар ҳақида сўз борар экан, ёшларнинг билим ва касб-ҳунар эгаллаши, улар учун муносиб иш ва турмуш шароити яратиш O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракциясининг доимо эътибор марказида бўлиши таъкидланди.

Депутатларнинг фикрича, ёшларнинг ҳаётий муаммоларига янада кўпроқ эътибор қаратиш, уларга мос бўлган замонавий иш ўринларини кўпайтириш, эзгу интилиш ва ташаббуслари, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш – партия олдида турган энг муҳим вазифалардан саналади.

Қайд этилганидек, бугун ҳаётимизнинг қайси соҳа ва тармоғини олмайлик, ёшларга эътибор ва ғамхўрлик асосий ўринга кўтарилиб, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Сўнгги 4 йилда 30 ёшгача бўлган тадбиркорлар сони 5 баробар кўпайиб, улар 500 мингдан ошгани, бунинг яққол далилидир. Хорижий инвестициялар иштирокида замонавий корхоналар барпо этиб, кўплаб янги иш ўринлари яратаётган, ўз маҳсулотларини экспорт қилаётган тадбиркор ёшларимиз сафи кун сайин кенгайиб бормоқда.

Йиғилишда кейинги пайтларда келажагимиз эгалари бўлган ўғил-қизларимиз билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга татбиқ этилаётгани, олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида “Ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилгани маълум қилинди.

– Президентимизнинг Ёшлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаси депутатлар, сенаторлар ва уни тинглаган барча-барчанинг қалбидан, юрагидан чуқур жой эгаллади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси А.Ҳаитов. – Ушбу нутқда бундан буён ҳар қандай инвестиция лойиҳасининг бош мақсади, аввало, ёшлар бандлиги масаласини ҳал этишга қаратилиши кераклиги тилга олинди. Жорий йилнинг ўзида 92 мингдан зиёд ўғил-қизларнинг тадбиркорлик лойиҳалари учун, 2 триллион 300 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилгани, ҳудудларда ташкил этилган 186 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”даги 3 мингта лойиҳа доирасида ёшларимиз учун 50 мингта янги иш ўринлари яратилгани қайд этилди. Бу эса янги Ўзбекистонда эртанги кун эгаларига бўлган муносабат тубдан ўзгараётгани, бу йўлда маблағлар, имкониятлар иқтисод қилинмаётганини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу маърузасида мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилиши, бу борада Андижон вилоятида жами 41 минг мактаб битирувчиларининг 25 минг нафарини касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича шаклланган тажриба барча ҳудудларда кенг қўлланиши лозимлиги тилга олинди.

O'zLiDeP ва унинг парламентдаги фракцияси мамлакатимизда ишсизлик, айниқса, ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси бўлмаслиги керак, деб ҳисоблаган ҳолда фуқаролар бандлигини тўлиқ таъминлаш, меҳнатга муносиб ҳақ тўлаш, янги иш ўринларини яратиш, меҳнат бозори инфратузилмасининг мувозанатланганлиги ва ривожланишига эришиш, ишсизлик даражасини қисқартириш йўлида бир қатор истиқболли лойиҳаларни амалга оширади. Ўз навбатида, ёшларнинг ўз бизнесини йўлга қўйиши, стартап лойиҳаларини амалга ошириши, ёшлар тадбиркорлиги кластерларини яратишига қаратилган чораларни қўллаб-қувватлайди.

Йиғилиш якунида Президентимиз нутқидан келиб чиқадиган чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.

  • Кўрилди
    384
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Беҳзод Қўчқоров2021-07-02 09:07:59

Президентимизнинг Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган бу гали учрашуви ҳар доимгиданда кўтаранки руҳда билан ўтганлаги, яқин келажакда ёшлар билан боғлиқ амалга оширилши белгиланган устувор йўналишлар жойларда катта мамнунитя билан қабул қилинди


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+