Давлат герби — мустақиллик тимсоли

02.07.2021, 15:01

Давлат герби — мустақиллик тимсоли

Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли бўлиб, эл-юртимизнинг ғурури, ифтихори бўлган бу рамзларда тарихимиз, бой маънавий-маданий меросимиз, миллий урф-одат ва анъаналаримиз ўз ифодасини топган.

Миллий рамзларимиз — Ватанимиз суверенитети, халқимизнинг нафақат азалий умид ва истаклари, балки порлоқ келажаги тимсоллари бўлгани туфайли уларни ҳурмат қилиш, асраш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир. Зеро, «Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонуннинг 8-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербини ҳурмат қилишлари шарт», деб белгилаб қўйилган.

Бинобарин, Давлат герби мамлакатнинг сиёсий, миллий, географик, этник ва бошқа ўзига хос хусусиятлари, бой тарихий анъаналарини ифодалайди. Ундаги ҳар бир тимсол эса миллий анъана ва қадриятларимизнинг боқийлиги, маънавиятимиз юксаклиги, ирода ва эътиқодимиз мустаҳкамлиги рамзидир.

Гербдаги ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маъно бор. Ўнг томондаги пахта ва ғарқ пишган буғдой бошоқлари халқимизнинг меҳнати ҳалол, ризқи бутун эканлигини ифодаласа, гербнинг юқори қисмида мамлакатимиз жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Унда ўз ифодасини топган яримой қўлга киритилган мустақиллигимизни, юлдуз эса халқимиз ҳамиша комилликка интилиши ҳамда саодатга элтувчи йўлни танлаганини билдиради.

Бахт ва эрксеварлик тимсоли ҳисобланган афсонавий Ҳумо қуши қадимдан бахт, давлатмандлик рамзи, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган. Ҳазрат Алишер Навоий «Лисон ут-тайр» достонида Ҳумони бахт ва иқбол, эзгулик ҳамда улуғворлик келтирувчи қуш сифатида тасвирлаган. Ушбу рамзлар ва тимсоллар xалқимизнинг тинчлик, яxшилик, баxт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди. Ундаги гуллаган водий узра нур сочаётган қуёш тасвири заминимизнинг серқуёшлигига, халқимиз интилаётган нурафшон манзилларга ишорадир.

Бундан роппа-роса 29 йил аввал, яъни 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида»ги қонун қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжатда Давлат герби мустақиллигимиз рамзларидан бири экани ҳуқуқий асосда мустаҳкамлаб қўйилиб, унинг қандай кўринишга эгалиги яққол ифодалаб берилди. Қонунинг 4-моддасига мувофиқ, Давлат герби тасвири Ўзбекистон Республикаси Президенти қароргоҳлари, Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, республика давлат бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари биноларининг олд томонига жойлаштирилди. Шунингдек, олий рамзимиз тасвири муҳрларда ва давлат идоралари зарварақларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролар паспортида ҳамда қонунда белгиланган бошқа ўринларда акс эттирилди.

Герб тасвири муҳрларда ва давлат идоралари бланкаларида, расмий нашрларда, қоғоз ва танга пулларда, қимматли қоғозлар ва фуқаролик паспортида, қонунда белгиланган бошқа ҳужжатларда акс эттирилган. Мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро давлат рамзлари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат гербига ҳурмат билан муносабатда бўлиши қонунчилик билан белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон халқларининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассамлаштирган гербимиз жонажон Ватанимизнинг бетакрор тимсоли, ўзига хос ва ўзига мос давлат рамзларидан бири бўлиб қолгани бекорга эмас. Чунки, гербимиз ҳам Ўзбекистонимиз каби бетакрор. Ундаги ҳар бир тасвир, ҳатто ҳар бир чизиқда мамлакатимиз салоҳияти, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари мужассам.

Барча давлат рамзлари қатори герб ҳам халқимизнинг ғурури, ор-номуси, миллий ўзлигини англаши ва тарихий хотираси ҳамда орзу-умидларини ўзида мужассам этади. У олий саодат — Истиқлолимиз рамзи, ўзини шу юрт фарзанди деб билган ҳар бир инсон учун чексиз фахру ифтихор манбаидир. Шундай экан, ўзини мана жаннатмакон юрт ва табаррук замин фарзанди деб билган ҳар бир инсон давлат рамзларимизни Ватанимиз каби азиз ва муқаддас деб билиши, эъзозлаши керак.

Актам ҲАИТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Спикери ўринбосари,

O'zLiDeP фракцияси раҳбари

  • Кўрилди
    267
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-07-02 15:48:21

2- июнь мустакил давлатимиз герби каъбул килинган кун. Хурматли Раисмиз уз маколасида гербимизни яхши тарифлаган. Бу кунни хакикатдан хам байрам сифатида каъбул килишимиз керак. Тинч фарован ва осойишта юртимизга куз тегмасин. Мустакиллигимиз обадий булсин


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+