Нега АЭС қуришни бошладик?

05.07.2021, 18:22

Нега АЭС қуришни бошладик?

Ўтган ҳафтада юртимиздаги оммавий ахборот воситалари томонидан Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) экспертлари республикамизда атом электр станциясини қуриш учун танланган жойни ўрганиб чиқишгани ва бу борада олиб борилаётган барча ишлар хавфсизлик талабларига жавоб беради, деган хулосага келишгани ҳақидаги материаллар эълон қилинди. Шу мазмундаги хабарларга, аввал ҳам бўлганидек,  айримлар салбий муносабатлар билдирди. Яъни, “АЭС жуда хатарли, фойдасидан зиёни кўпроқ” қабилида. Атом станцияси қурилишини қоралаётганларга жавобан қуйидагиларни баён қиламиз:

Аввало шуни айтиш керакки,  касб-кори, ёши, жинси ва бошқа хусусиятлари турли-туман бўлса-да, қаршилар, қораловчиларни  ягона хусусият бирлаштириб турибди – барчаси атом энергетикаси масаласида чаласавод ёки мутлақо саводсиз.

Иккинчидан. Мамлакатимизда барпо этилиши режалаштирилаётган ВВЭР-1200 туркумидаги реакторлар дунёдаги энг мустаҳкам ва хавфсиз қурилмалардир. Улар Чернобиль ва Фукусима атом станцияларида юз берган авариялар чуқур ўрганиб чиқилган ҳолда лойиҳалаштирилган. 9 баллик зилзила, кучли ёнғин, сув тошқини ва бошқа фалокатлар рўй берганда қурилма ичидаги махсус блок радиоактив моддаларни “ютиб юборади”.

Учинчидан. Германия ва Японияда АЭСлар ёпилаётгани ҳам тилга олиняпти. Аслида бу давлатларда эски,  иш ресурси тугаган, хавфсизлик талабларига жавоб бера олмай қолган объектлар фаолияти тўхтатиляпти.

Тўртинчидан.  Атом станцияларининг табиатга таъсири “нол”га тенг. У ўзидан на тутун, на бошқа нарса чиқаради. Аксинча, иссиқлик электр станцияларининг хавфи тўғрисида бонг уриш керак. Масалан, республикамиздаги ИЭСлар ҳар йили ҳавога миллионлаб тонна ис гази ва бошқа заҳарли унсурлар чиқаради.  

Бешинчидан. “Қуёш, шамол қувватидан кенг фойдаланиш керак” дейишмоқда АЭСдан воз кечишга ундовчилар. Тўғри. Бироқ  гелиостанциялар, ел парракларининг самарадорлиги паст. Ядровий реакция маҳсулдорлиги эса ҳаттоки газ, кўмирникидан минглаб марта юқори. Қуёш панеллари ишлаб чиқариш бўйича ҳаммадан ўзиб кетган Хитой ҳам атом энергетикасини фаол ривожлантираётгани,  кейинги йилларда учта янги АЭСни ишга туширгани (шундан кейин ХХРдаги атом станциялари сони 17 тага етди), яна 30 та ядро реактори қуришни режалаштирилаётгани ҳам кўп нарсадан дарак беради.

Олтинчидан. Иссиқлик электр станцияларидаги асосий технологик ускуналар 15-20 йилдан кейин яроқсиз ҳолга келади.  Республикамизда қурилаётган атом энергоблокларининг хизмат муддати  эса 65 йил.

Еттинчидан. Мутахассисларнинг айтишича, мамлакатимиздаги кўмир, газ захиралари 40-50 йилдан кейин тугайди. Уран маъданларимиз эса битмас-туганмас. Кўп йиллар уранни экспорт қилиш билан шуғулландик. Эндиликда мазкур хом ашёнинг муайян қисми тайёр маҳсулот – арзон электр энергиясига айлантирилади.

Саккизинчидан. Атом станцияси шарофати билан энг илғор ва ноёб технологиялар жорий этилади, дахлдор тармоқлар жадал ривожланади, унинг қурилиши жараёнида 8 минг, ишга тушгач эса 2,5 минг янги иш ўрни вужудга келади. 

Тўққизинчидан. 2030 йилга бориб, мамлакатимизда электр энергиясига эҳтиёж икки баробарга ошади. Бу талабни қондириш – улкан муаммо. АЭС қурилиши ана шу мураккаб масалани ҳал қилишнинг энг мақбул йўлидир.   

Шунинг учун ҳам O‘zLiDeP бу йўналишдаги позициясини ўз дастурида аниқ-равшан белгилаб қўйган: “...Атом фани, технологиялари ва энергиясидан хавфсиз фойдаланиш инфратузилмаси, ядровий ва энергетик машинасозлик, ядровий ёқилғи ишлаб чиқарилиши ва атом энергетикасини ривожлантириш асосида АЭС иншоотини бунёд этиш ва ундан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш (...) тарафдоримиз”.

Беҳзод Исроилов,

O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши

Ижроия қўмитаси ходими

  • Кўрилди
    1073
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+