Ишончнинг нишонаси эртага пойдевор қўяди

05.07.2021, 18:27

Ишончнинг нишонаси эртага пойдевор қўяди

“Хабарингиз бор, яқинда таниқли сиёсатчи, Парламентлараро Иттифоқнинг Бош котиби Мартин Чунгонг бошлиқ расмий делегация мамлакатимизга ташриф буюрди. Суҳбат чоғида у киши бир фикрни афсус билан таъкидлади. Яъни, сайёрамиз аҳолисининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлган инсонлар ташкил этса-да, бутун дунё бўйича ёш депутатларнинг улуши 2,6 фоизга ҳам етмас экан. Олий мартабали меҳмон Ўзбекистонда бу кўрсаткич 6 фоиздан ошганини юқори баҳолади.”

Бу давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 июнь — Ёшлар кунида сўзлаган нутқида айтиб ўтилди. Сиёсий етук ва фаол ёш йигит-қизларимизни миллий парламентимиз ва маҳаллий кенгашлар фаолиятига жалб этилишидан ҳам билиш мумкинки, бугун ўсиб келаётган навқирон вакилларимизга катта ишонч билдирилмоқда.

Наинки ишонч, балки уларнинг аксар қисми ҳаётда ўз йўлини топиб олиши, илм олиши учун қўллаб-қувватланаяпти ҳам. Ёшларга ер берилишидан тортиб, уларни турли касб-ҳунарларга ўқитилаётганию тадбиркорлигини бошлаш учун берилаётган кредит маблағлари буларнинг барчасига мисол бўлади. Биргина оилавий шароити оғир оилаларнинг фарзандлари, чин етим ва етим йигит-қизларга контракт пулларининг тўлаб берилиши ҳам қанчадан-қанча ўғил-қизларимизнинг олий маълумотли бўлишига, тўғрироғи келажагига сармоя киритилаётганидан далолатдир. Чунки, шартнома пулини тўлашга имкони етмай, ўқиёлмай, чет элда қора ишчи бўлиб ишлашга мажбур бўлган ёшларимиз қанча. Буни тан олиш керак. Айрим оилаларда эса 2-3 талаб фарзанди турли йўналишларда олий маълумот олиш учун таълим даргоҳларида ўқимоқдалар. Биласиз, талабанинг шартнома пулидан ташқари, юриш-туришию еб-ичишига кетадиган харажатлар ҳам ота-онани яхшигина чарчатади.

Мисол учун, яқинда Сурхондарё вилоятидаги 252 нафар талабанинг 1 миллиард 135 миллон сўмлик ўқув-шартнома тўловлари тўлаб берилгани ҳам воҳа ёшлари учун катта воқеа бўлди. Улар сафида бўлган бойсунли Назира Ўринова билан боғланганимизда, унинг мамнуниятини сездик:

— Термиз давлат университетида кимё технология йўналишида таҳсил олаяпман. Укам ҳам шу университетнинг санъатшунослик факультетида ўқийди. Иккаламиз ҳам контрактда ўқиймиз. Ота-онам эса II гуруҳ ногирони. Шартнома пулини тўлашда бироз қийинчилик бўлгани боис, вилоят ҳокимлигига мурожаат қилгандик. Яқинда менинг шартнома пулим тўлаб берилди. Қийин дамда чўзилган ёрдам қўли айни муддао бўлди. Бундан жуда миннатдорман.

1 миллиардга яқин суммани айтиш оғизга осондир, аммо муҳими, шунча маблағнинг келажак учун қурилаётган пойдеворга сарфланганида.

Олиб борилган амалий ишлар натижасида ўтган 8 ой мобайнида республика миқёсида “Ёшлар дафтари”га кирган 430 минг нафар йигит-қизнинг муаммоларини ҳал этиш учун 300 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Жумладан, “Темир дафтар”даги оилалар фарзандлари бўлган 2 мингдан зиёд талабаларнинг контракт пули тўлаб берилди. Эндиликда  “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг фарзандларига олийгоҳдаги ўқишнинг биринчи йили учун, контрактни бюджетдан тўлаб бериш тартиби жорий этилади. 

Ёнимиздаги қўшни мамлакат — Афғонистон ёшлари билан суҳбатлашсангиз, улар бизникиларга ўзгача ҳавас билан боқишади. Ўзбекистонлик тенгдошларининг, энг аввало, осойишта юртда яшаётганликлари, сўнгра, ёшлар учун қилинаётган ҳар бир эътибор ва қўллаб-қувватловнинг қадрига етиш лозимлигини бот-бот таъкидлашади. Чунки, уларнинг юртида айни пайтларда ҳам бўлаётган вазият ўзингизга маълум. Шу сабабли ҳам кўп имкониятлари чекланган. Тинчликда, фаровонликда умргузаронлик қилишни орзулаб яшашади.

Бу мисолни келтиришимиздан мақсад, уларнинг бу гапларидан ёш авлод хулоса чиқаришлари лозим. Шунга яраша меҳнат қилиши, ўз имкониятларини намоён этишдан чекинмаслиги керак. Шундагина натижа бўлади, шундагина ўйлаганларимизга эришамиз.

Алишер РЎЗИЕВ,

O'zLiDeP Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати. 

Теглар
Муносабат
  • Кўрилди
    316
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+