Актам Хаитов: Машаққатли ва шарафли синовларга тайёрмиз!

08.07.2021, 17:58

Актам Хаитов: Машаққатли ва шарафли синовларга тайёрмиз!

Очиғини айтганда, бу суҳбатни тайёрлаш жараёни жуда осон кечмади. Негаки, партия лидерининг бўш вақтини топишнинг ўзи мушкул. Деярли ҳар ҳафта сафарда бўлади. Вилоятма-вилоят, туманма-туман, ҳудудма-ҳудуд сайловчилар, мамлакатимиз тараққиё­тининг ўзига хос локомотиви бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонлар, фермерлар билан юзма-юз мулоқот, учрашувлардан ҳеч қачон толиқмайдиган, аксинча, ўзгача руҳ, мотивация оладиган O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Хаитов билан гурунгимиз партия фаолиятида содир бўлаётган янгича ўзгариш, янгиликлар, қизғин муҳокама ва мунозаралар хусусида бўлди.

– Актам Аҳмадович, Янги Ўзбекистон деган атама урфга кирганига ҳали кўп вақт бўлмади, тўғрими? Лекин бу иборани ҳам ҳар хил талқин қилувчилар орамизда бисёр. Майли-да, ҳар кимнинг диди, савияси, ижтимоий-сиёсий қарашини битта қолипга солиш мушкул иш. Шу маънода айтинг-чи, сизнингча, янги деган жарангдор сўзнинг зиммасига юкланаётган залворли юк нима ўзи?

– Тарих шоҳид, биласиз, ҳамма замонларда ҳам янгилик истовчи, янгиликка интилувчиларга ўзгача нигоҳ, бошқача назар билан қаралган. Бу инсон фарзандининг табиатида бор нарса. Оддий мисол, жадид боболаримиз тақдирини эсланг. Қанчалар оғир синовларни бошдан кечирган. Ҳеч бир жамиятда янгиланишлар оммавий равишда ижобий қабул қилинмайди.

Шундан келиб чиқиб айтмоқчиманки, мамлакатимиз сиёсий саҳнасида, жумладан, ижтимоий, маънавий, иқтисодий ҳаётида, жуда қисқа фурсат – яқин 4-5 йиллик муддат тарихий бурилиш даври бўлди, дейишга ҳаммамизда тўла асослар етарли. Демак, Ўзбекистонда бутунлай янги ўзгаришлар замони бошланди, десам муболаға бўлмайди. Ана шу мезондан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, “янги” деган сўз бизга бегона эмас. Ва табиийки, ушбу атаманинг ўзига хос мазмун-моҳияти партиямизнинг бугунги амалий фаолиятига ҳам ҳамоҳанг, десам мақтанчоқликка йўймайсиз.

– 30 йил балки тарих учун арзимас фурсат бўлиб туюлар, лекин бизнинг ота-боболаримиз орзу қилган мустақиллик деган улуғ бойлик, бебаҳо неъматга эга бўлган халқимиз учун бу унутилмас йиллар азиз ва қадрлидир. Шу ўринда қарийб 18 йиллик машаққатли ва шарафли довонни босиб ўтаётган O‘zLiDeP учун 2021 йил янада  масъулиятли ва тарихий йил бўлиши кутил­япти. Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллиги, қолаверса, яна бир муҳим сиёсий жараён, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига мамлакатда етакчи партия деган мақомга эга бўлган сиёсий куч қандай тайёргарлик кўрмоқда деган саволлар кўпчиликни қизиқтиряпти?

– Сиёсий жабҳада, биласиз, ҳеч қачон танаффус бўлмайди. Президентлик сайловини оласизми, парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўладими, аслида жараён тугамайди, аксинча, қайтадан янгича руҳ ва куч билан навбатдаги синовлар, курашларга тайёргарлик бошланади. Демак, биз ҳам бу борада тўхтаб қолганимиз йўқ. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – O‘zLiDeP ҳам халқ билан бевосита мулоқот тамойилини танлагани бежиз эмаслигини ушбу сиёсий куч фаолиятини бевосита кузатган киши чуқур англаб етади. Масалан, биз ўз электоратимиз бўлган тадбиркорлар, фермерлар ҳамда аҳолининг турли қатламлари вакиллари билан ўтказаётган мунтазам мулоқот, учрашувлар доирасида улар фаолиятига тўсиқ бўлаётган омиллар ва муаммоларни ўз вақтида аниқлаш билан бирга, имкони борича ижобий ечим топишга ҳаракат қиляпмиз. Аҳоли билан мулоқотларда бутунлай янгича, жонли ва халқчил усуллардан фойдаланилмоқда. Партия раҳбарияти ва фаоллари, депутатлик корпуси вакиллари жойларда кўпроқ бўлиб, асосий вақтини аҳоли орасида ўтказишга ҳаракат қилаётгани ҳам одамларда ўзгача ишонч уйғотяпти. Айниқса, ҳудудлардаги  O‘zLiDeP тузилмаларида аҳоли мурожаатлари, шикоятлари билан ишлаш тизими кенг йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати, парламентдаги партия фракцияси орқали ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини такомиллаштириш борасида ҳам мутлақо ўзгача ёндашувлар жорий этилмоқда. Депутатлар томонидан киритилаётган қонунчиликка оид ташаб­бусларнинг аксарияти айнан бугун аҳолини ўйлантираётган масалалар ечимига қаратилганини алоҳида таъкидлаш лозим.

– Бевосита сиз лидерлик қилаётган партия аъзоларининг сони 1 миллиондан ошгани катта натижа, албатта. Ўз навбатида, жиддий масъ­улият ҳам юклаши табиий. Шундай экан, ҳар қандай партиянинг нуфузи, жамиятда тутган ўрнини рақамлар эмас, балки сифат даражалари белгилайди. Бу ҳақда нима дея оласиз?

– Фикрингизни юз фоиз қўллаб-қувватлаган ҳолда, қўшимча фикр сифатида айтишим керакки, биз ҳам ҳали сон кетидан қувганимиз йўқ. Сўзимга ишонмаганлар бўлса, марҳамат, исталган ҳудудга бориб, шунча йилдан бери партиямиз сафида собит юрганлар ва, ўз навбатида янги аъзолар билан ҳамсуҳбат бўлишсин. Оддий ҳақиқат шуки, O‘zLiDeP кейинги уч-тўрт йил орасида ўз фаолиятини мутлақо қайтадан кўриб чиқиб, ишларини максимал даражада халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширишга ҳаракат қил­япти. Партиямиз томонидан жойларда олиб борилаётган ислоҳотларга уйғун ҳолда, самарали ишлар қилинаётгани сабабли кўпчилик юртдошларимиз мутлақо ихтиёрий ва кўнгилли бўлиб аъзо бўлишяпти. Юзлаб, минглаб мисоллар келтиришим мумкин.

– Куни кеча қизиқ бир янгилик бўлибди: O‘zLiDeP жаҳон сиёсий луғатида кенг қўлланиладиган “ребрендинг” сари янгича қадам ташлабди – партиянинг кўп йиллик рамзи (логотипи) ўзгарибди!

– Аввалданоқ айтиб қўяй: бу ўзгариш ҳақида кеча ёки бир ой аввал ўйлангани йўқ. Аксинча, Президентимизнинг сиёсий партиялар вакиллари билан жорий йил 2 февралда бўлиб ўтган учрашувида кўтарилган долзарб вазифалар ижросини ҳаётга кенг татбиқ этиш жараёни билан боғлиқ кечди. Яъни, O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг парламентдаги фракцияси томонидан шу йил 8 февралда ўтказилган йиғилиши қарори билан ребрендингни амалга ошириш бўйича махсус экспертлар гуруҳи тузилди. Ушбу масала партия Сиёсий Кенгаши муҳокамасига киритилгунга қадар бўлган даврда логотип борасида партия аъзолари ва аҳоли вакиллари фикрларини ўрганиш  бўйича барча вилоятларда мулоқотлар ташкил қилинди. Мақсад янги рамзнинг кенгроқ даврада ҳақиқий халқчил логотип сифатида шаклланишига эришишдан иборат эди. Қувонарли жиҳати, аксарият ҳудудларда  бу янгилик илиқ кутиб олинди. Мисол учун, шу кунга қадар
2 682 та тарғибот тадбири ташкил этилган бўлса, унинг 14 та ҳудудий кенгаш йиғилишлари, 255 та туман кенгаши ҳамда 2 441 та йирик бошланғич партия ташкилотида айнан шу мавзуга оид тадбирлар ўтказилди. Сабаби, ребрендинг кенг жамоатчилик, айниқса, электоратимиз вакиллари билан ўтказилган жонли мулоқотлар, учрашувларда ўз аксини топиши керак эди.

– Шу ўринда O‘zLiDePнинг янги рамзи логотипига қисқача тавсиф берсангиз.

– Янги логотип тўртбурчак шаклда бўлиб, тўртбурчакнинг ўнг томони яшил, чап томони кўк рангда ва улар ўзаро уйғунлашган. Кўриб турганингиздек, тўртбурчакнинг ичида O‘ZLIDEP деган сўз лотин алифбосида ёзилган.

Эътибор бераётган бўлсангиз, тўртбурчакда O‘ZLIDEP сўзи оқ рангда, унинг пастки қисмида қалин тўғри чизиқ сариқ рангда тасвирланган. O‘ZLIDEP сўзидаги “I” ҳарфи устидаги 8 қиррали юлдуз ҳам сариқ рангда тасвирланган.

– Кўпчилик учун қизиқ-да барибир, бу ранглар қандай мазмун касб этади?

– Мовий кўк ранг – беғубор осмон ва тиниқ сув, иккиси ҳам ҳаётнинг, тирикликнинг асосий тимсоллари ҳисобланади. Яшил ранг – навқиронлик, умид ва шодмонлик белгиси. Оқ рангни ҳаммамиз биламизки, поклик, беғуборлик, софлик, ойдин орзу-хаёллар, ички гўзалликка интилишни англатади.

Сариқ ранг ҳақида гап кетганда таъкидлаш лозимки, бу дунё либерал-демократик ҳаракатининг ранги саналиб, инсоният йўлларини ёритгувчи қуёш ёғдусини, эркинликка интилиш, эртанги кунга умид, фаровон турмуш қуришга ишончни билдириб, она юрт ва халққа садоқатни ифодалайди.

8 қиррали юлдуз – бу энди мустақил, жонажон Ўзбекистонимиз жипслиги, бирдамлигининг ажойиб рамзи.

Сариқ рангдаги тўғри қалин чизиқ O‘zLiDePнинг либерал-демократик ғояларга содиқлигини намоён этади.

– Ребрендингга аниқ, лўнда ва соддагина таъриф бердингиз, раҳмат. Олдинда эса Янги Ўзбекистонимиз тараққиёти ва кенг кўламли ислоҳотларнинг бардавомлигини  белгилаб берувчи янада жиддийроқ ва масъулиятли жараён ­президентлик сайлови сиз раҳбарлик қилаётган партия аъзолари ва хайрихоҳларини кутиб турибди...

– Саволингиз моҳиятини тушундим. Бу сайлов нафақат бизнинг маслакдош­ларимиз ёки электоратимиз вакиллари, балки бутун халқимиз учун ҳам ўзига хос унутилмас тарихий воқеа бўлиши кутиляпти. Ва айтиш мумкинки, бу йилги сайлов аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Сабаби аён, бугунги сайловчининг сиёсий саводхонлиги, тафаккури, ҳаётга, жараёнларга муносабати  бундан 10-15 йил бурунги сайловчи билан солиштирсангиз бутунлай ўзгарган. Шу маънода тўла ишонч билан айта оламанки, партиямизнинг бир миллиондан ошаётган ҳар бир онгли аъзоси, фаоллари, депутатларимиз бу борада ўрнак бўларли даражада ўзига хос жонбозлик кўрсатади. Зеро, барчамизнинг мақсаду ниятларимиз ёруғ.

Учинчи Ренессанс пойдевори қўйилаётган Ватанимизда тинчлик, осойишталик, фаровонлик барқарор бўлсин. Асосий мезон, халқимизни рози қилишдек ғоят машаққатли ва шарафли ишларимизда ҳаммамизга омад ёр бўлишини тилайман!

Норқобил ЖАЛИЛОВ

суҳбатлашди.

  • Кўрилди
    779
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+