Олтиариқ узумлари мазаси ва ўзига хос хусусиятлари билан довруқ қозонган

09.07.2021, 16:54

Олтиариқ узумлари мазаси ва ўзига хос хусусиятлари билан довруқ қозонган

Жорий йил 7 июлда Президентимиз раислигида ўтказилган узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда ҳудудларда энотуризмни йўлга қўйиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида узумчилик соҳасини янада кенгайтириш борасида бир қатор ислоҳотлар амалга оширилиши айтиб ўтилди.

– Узумчилик бу – халқимизнинг асрлар давомидаги миллий деҳқончилик маданияти, қадрияти, ғурури ва даромад манбаи ҳисобланади. Узум халқимизнинг турмуш тарзи ва урф-одатлари билан бевосита боғланиб кетган. Ҳар бир кўчада, хонадонда ток бўлган. Хусайни, тойфи, ризамат ота, келинбармоқ ва кишмиш каби узумларимизнинг довруғи узоқ-узоқларгача танилган, – дея таъкидлади Юртбошимиз.

Бугунги кунда юртимизда фермер хўжаликлари томонидан 90 минг гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Бу тармоқда 900 минг аҳоли доимий ва мавсумий иш билан банд.

Узумчиликнинг иқтисодий самарадорлиги ҳам, ижтимоий аҳамияти ҳам катта. Масалан, 1 гектар хўраки узум етиштириш учун ўртача 100 миллион сўм харажат қилиб, 4 йилдан кейин йилига 250 миллион сўм соф фойда олиш мумкин. Шунингдек, узум данагидан олинадиган ёғ ҳам жаҳон бозорида юқори баҳоланиши ҳам ушбу йиғилишда алоҳида эътироф этилди.

Мисол учун, ўтган йили Олтиариқ туманида ғалла майдонлари қисқартирилиб, 2 минг гектар ерда йирик узумзорлар барпо этилган эди. Уларда тумандаги 5 минг нафар аҳоли доимий иш билан таъминланди.

Энг асосийси, бунинг эвазига қўшимча 60 минг тонна узум етиштирилиб, унинг экспорти кейинги йилда қарийб 100 миллион долларга, тўлиқ ҳосилга киргандан кейин эса йилига 200 миллион долларга етади.

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Актам Ҳайитов бугун Олтиариқ туманида бўлиб узумчилик соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишди, миришкор деҳқонлар билан суҳбатлашди.

Туманнинг Чинортаги маҳалласи 94-уйда истиқомат қилувчи Нумонжон ҳожи ота Низомов 85 ёшда. Отахон умри давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳисобчи бўлиб фаолият юритди. Шу билан бирга, деҳқончилик илмини ҳам ўрганди. Ҳозирда 10 сотихдан ортиқроқ томорқасида сархил узумлар етиштирилмоқда. Ҳар йили деҳқончиликдан мўмай даромад орттирадиган отахон 7 нафар фарзандини юрт корига ярайдиган инсонлар этиб элга қўшди.

— Олтиариқликлар ерни эъзозлашади. Узумчилик бизга ота касб, шу билан бирга, сердаромад соҳа. Биз фақат узумдан олинадиган даромадга қараб қолмаймиз. Узум пишгунича тагида бодринг, помидор, бақлажон ва қалампир каби маҳсулотларни етиштирамиз, – дейди Нумонжон ҳожи ота Низомов.

Ҳа, Ўзбекистон Халқ шоири Анвар Обиджон таъкидлаганидек, олтиариқликлар иш билгич халқдир. Бунга шу кўчада истиқомат қилувчи, Олтиариқда машҳур узумчилардан бири Ҳусанбой Ғофуров хонадонида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳ.Ғофуровнинг томорқасида бир қарич бўш жой топа олмайсиз. Томорқа узум боғ билан кўзни қувонтирса, узумлар орасидан танаси тепага қараб интилиб, сўриток тепасида ҳосил бераётган олмаю киви ва бошқа мевали дарахтлардан ҳам яхшигина ҳосил олинмоқда. Ана буниси эса ҳақиқий инновацион усулдир. Яхшигина боғбон дея эътироф этилучи Ҳусанбой ака хонадонида йил 12 ой узум сақланади. Ҳозирда «Чилги», «Чарос», «Ризамат ота» каби узумлар пишиб етилган бўлсада, ўтган йилги ҳосилдан сақланган шу каби узумлар бир ҳафта олдин сотиб тугатилди. Деҳқоннинг таъкидлашича, узумни сақлаш йўллари борасида узоқ йиллар изланишлар олиб борилди ҳамда бунинг уддасидан чиқилди. Узумлар йил давомида табиий ҳолатда сақланмоқда.

Актам Ҳайитов миришкорлар билан суҳбатлашаркан, бу тажрибаларни мамлакатимиз бўйлаб ёйиш лозимлигига алоҳида урғу берди. Шу кунларда Олтиариқ республикамизнинг юзлаб деҳқонларига ўз бағрини очади. Боиси туманнинг узумчилик соҳасини юртимиз бўйлаб оммалаштириш, янги навларни яратиш ва инновацион усулларни ҳаётга татбиқ этиш борасида куни-кеча Юртбошимиз томонидан ўтказилган йиғилишда топшириқ берилган эди. Ҳа, Олтиариқ бугун тиллоранг ва мазаси тилни ёрадиган узумлари билан бутун дунёга маълуму машҳур бўлмоқда. Бунда Давлатимиз раҳбари томонидан томорқачиларга яратилаётган қулай шароитлар бош омил бўлиб хизмат қилмоқда. Эндиликда ушбу туман тажрибаси юртимиз бўйлаб оммалашади ва ушбу соҳа яна тараққий этади.

Шоҳсултон Тўхтаматов,

журналист.

  • Кўрилди
    771
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Билдирилган фикрлар

Рахманова Гульнара Арзеновна 2021-07-12 09:27:29

Мамлакатимизда узумчилик соҳасини юртимиз бўйлаб оммалаштириш, янги навларни яратиш ва инновацион усулларни ҳаётга татбиқ этиш борасида куни-кеча Юртбошимиз томонидан ўтказилган йиғилишда топшириқ берилган булса, хозирги кундаги барча жойлардаги амалийи ишлар самарасини куриб куз кувонади. Узум- бу соглик учун энг фойдали витаминларга бой мевалардан саналади. Узумчилик буйича махсус мастер класс ташкиллаштирилса максадга мувофик булари сузсиз.


Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+