Қоидабузар ҳайдовчиларга қарши янгича кампанияни маъқуллайман, бироқ...

12.07.2021, 16:44

Қоидабузар ҳайдовчиларга қарши янгича кампанияни маъқуллайман, бироқ...

Яқинда бир йиғинда баобрў бир одам “йўллардаги қоидабузарларни расмга тушириб тегишли жойга жўнатиш – сотқинлик” деган гапни баралла айтди. Лекин фикрини изоҳламади,  асослаб бермади. Менимча, бу борада аниқ-тиниқ, конкрет далил-исбот ҳам йўқ ўзи. Гарчи мазкур масалада бутунлай ўзгача фикрда бўлсам-да, у билан баҳслашмадим.

Ўша кишига айтмоқчи бўлган гапларим эса кўп.

Дастлаб шуни тилга олиш керакки, машина ҳайдашга талабгорларнинг ҳаммаси бўлмасаям, катта қисми “права”ни ўқиб эмас, сотиб олаяпти. Агар белгиланган муҳлат мобайнида тўлиқ таҳсил олганларида, масъулият ва бурчни чуқурроқ ҳис қилган бўлармидилар...   Автомобилда ҳаракатланиш кўпгина юртдошларимиз феъл-атворидаги қусурларни юзага чиқараётганини кўриб турибмиз: белгиланган қоидалар ва бошқа ҳайдовчилар, пиёдалар ҳақ-ҳуқуқларини менсимаслик, уларга ҳурматсизлик, фақат ва фақат ўз манфаатини ўйлаш, йўлларда безорилардек  хатти-ҳаракатлар қилиш, бўлар-бўлмасга сигнал чалиш ва ҳоказолар.

 Илгари, айниқса, чеккароқ ҳудудларда  йўлнинг светофор билан тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтишга анча қийналардим – чунки деярли ҳеч қайси ҳайдовчи тўхташни ўзига эп кўрмасди. Агар сал нарироқда “гаи”  ёки камера кўзга ташланмаса, ҳозир ҳам аксарият ҳайдовчилар пиёдага йўл бермайди. Шунга ўхшаш мисолларни яна кўп келтириш мумкин. Демоқчиманки, фақатгина жарима – жазодан қўрқишгина талай “учар” шофёрларни, ўзларининг “шеваси”да айтсак, “рамкага солиб” турибди. Халқда “ўзида бўлмаса қийин” деган ибора бор. Дарҳақиқат, ҳайдовчи онг-шуурида виждон, ўзгаларга ҳурмат, қонун-қоидаларга итоаткорлик сингари туйғулар, фазилартлар бўлмаса, йўлларда тартиб ўрнатиш оғир кечар экан.

Рақамларга диққат қаратамиз: ўтган йилнинг 9 ойида республикамиз йўлларида жами 3,9 млн. қоидабузарлик қайд этилган. 2,1 млн. таси қўпол қоидабузарликдир. (Расман қайд этилгани шунча. Ҳисобга кирмаганлари бундан неча баробар зиёда бўлиши мумкин?)  4294 та ЙТҲ содир қилинган. Оқибатда 1 минг 293 киши ҳалок бўлган, деярли 4 мингтаси жароҳат олган, уларнинг ярми умрбод майиб-мажруҳ бўлиб қолган. Аварияларнинг қарийб 90 фоизи айнан ҳайдовчилар айби билан рўй берган...(2021 йилги статистикани топа олмадим, лекин бунинг ҳожати йўқ, деб ўйлайман, чунки бир неча ойда аҳвол кескин ўзгариб кетган бўлиши эҳтимолдан йироқ).

Йўллардаги вазиятни яхшилаш учун неча йиллардан буён зарур чора-тадбирлар амалга ошириляпти. Ижобий ўзгаришлар бор, лекин аҳвол том маънода яхшиланди, деб айтолмаймиз. Шу боис яна бир навбатдаги чора қўлланиляпти. У анча-мунча таъсирлироқ чоғи, “сотқин” “стукач” каби сўзлар тез-тез тилга олинадиган бўлди. Муҳокамалар эса тинмаяпти. Демак, “рақиб”нинг заиф жойи топилганга ўхшайди. Ахир, давлат ҳар бир столбага камера ўрнатолмайди, ҳар бир машинага ЙПХ ходимини назоратчи қилиб қўёлмайди. Жамоатчилик назорати эса қудратли куч! Шу ўринда ажабланарли бир ҳолни баён этаман: интернетда ички ишлар, ҳокимликлар ва бошқа давлат органлари ходимлари ножўя хатти-ҳаракатларини ошкор қилувчи фото, аудио, видеоматериаллар тарқалганда деярли ҳеч ким норози бўлмаган, қораламаган, “чақимчи” деган гап-сўзлар эшитилмаган, кўринмаганди. Ваҳоланки, ўша материаллар “қаҳрамон”ларига турли жазо чоралари қўлланилган. Бундан чиқдики, иккиюзламачилар ҳам кўп экан-да орамизда.

Хуллас, бир ҳақиқат аён бўлди: ҳуқуқбузарликка мойил ҳайдовчилар фақат молиявий “калтак”ни тан олар экан. Демак, турли иддаоларга парво қилмай, жамоатчилик назоратининг бу туридан кенг фойдаланиш даркор.

Аммо, фикримча, қоидабузарликлар акс этган видеоларни жўнатиш ҳуқуқини пенсионерларга берсак тўғрироқ бўларди. Айрим ривожланган мамлакатларда шундай. Сабаби, бундай йўсинда пул топиш ёшларни ўқишдан, меҳнатдан, изланишдан чалғитади. Уларни осонлик билан, белини оғритмасдан пул топишга ўргатиб қўяди. Қолаверса, тарбиясига, маънавий-руҳий оламига салбий таъсир кўрсатади. Қисқаси, ўз меҳнати, лаёқати билан жамиятимизга фойдаси тегиши мумкин бўлган нисбатан ёш юртдошларимизнинг ҳуқуқбузарларни “овлаш”га берилиб кетишига бутунлай қаршиман.

 Гавҳарой Тўхтасинова,

O'zLiDeP Бектемир туман Кенгаши депутати

  • Кўрилди
    379
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+