Ютуқларимда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” гуруҳи аъзоларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, дейди партия фаоли

14.07.2021, 15:48

Ютуқларимда O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” гуруҳи аъзоларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор, дейди партия фаоли

Одатда бугунги кун ёшлари ҳақида сўз кетганда, кимдир уларнинг спортда, адабиёт ва санъатда, тадбиркорлик борасида қўлга киритаётган ютуқларидан фахрланиб гапирса, кимдир уларнинг юриш-туришидан, кийиниш маданиятидан ва яна бошқа жиҳатларидан нолиб қолади.  Баъзан  ёши улуғ кишилардан  “Эҳ сенинг ёшлигинг менда бўлсайди” ёки “ Бизнинг давримизда шундай шарт-шароитлар бўлгандами?” деган армонли хитобларни ҳам эшитиб қоламиз. Бироқ, барча бир фикрда яхлит: Бугун Ўзбекистонимизда ёшларга барча соҳаларда манаман деган давлатлар аҳли ҳавас қиладиган шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.

Дарҳақиқат, ёшларга эътибор мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Айниқса, сўнгги беш йилда ёшлар муаммоларини ҳал қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар, уларнинг ўз иқтидорларини барча жабҳаларда намоён қилишлари, таълим олишлари учун яратилаётган шароитлар билан уйғунлашган ҳолда олиб борилмоқда. Буларнинг барчаси истиқлол яратган имкониятлар эканини яхши англаган ва яратилаётган бу шароит ва имкониятлардан унумли фойдаланаётган, тилда эмас, дилда “Ватан менга нима берди, деб эмас, мен Ватанга нима бердим”, деб яшаётган ёшлар борки, уларнинг интилишлари, амалга ошираётган ишлари, қўлга киритган ютуқлари ҳар бир кишида беихтиёр ўзбек ёшларидан фахр ифтихор туйғусини уйғотади.

Шундай ёшлардан бири - O‘zLiDeP фаоли, Зомин тумани, Тошкесган ҚФЙда истиқомат қилувчи Қодири Қоплонбек Сафаровдир. Зиёлилар оиласида таваллуд топган Қодири болалигиданоқ турли хил техник анжомларга, янгиликка ўч бўлиб ўсди. Бунда унга дадаси олий маълумотли инженер иқтисодчи Абдужалаил ака ва “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби халқ маорифи аълочиси онаси Салима опанинг  таъсири катта бўлди.

Қодири дастлаб Зоминдаги 37 умумтаълим мактабини, сўнгра тумандаги мелиорация ва сув хўжалиги коллежини аъло баҳоларга тамомлаб, 2019 йилда Жиззах политехника институтига ўқишга кирди.

Ўқувчилик чоғларидан-оқ янгилик, замонавий тил билан айтганда инновацион лойиҳалар яратишга ҳавасманд бўлган Қодири  кўплаб вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги конференция ва илмий анжуманларда иштирок этди. O‘zLiDeP томонидан ташкил этилган “Ёш инновациячи” кўрик танловида иштирок этиб, энг самарали инновацион лойиҳа муаллифи сифатида ғолиблар қаторидан жой олди ва махсус стипендияга сазовор бўлди. Инновацион ишланмаларининг 3 таси учун патент гувоҳномасини қўлга киритди. Ёш бўлишига қарамай 10дан зиёд ишланмалар ва ихтиролар муаллифига айланди. Билими, камтарлиги, муомалаа маданияти билан кўпчиликнинг меҳрини қозониб улгурган Қодири Қоплонбекнинг жорий йил 30 июнь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган Ўзбекистон Ёшлари Форумида  “Мард ўғлон” Давлат мукофотига сазовор бўлгани ҳақидаги хушхабар барчани қувонтирди.

Яқинда мукофот соҳиби O‘zLiDeP Жиззах вилоят ҳудудий партия ташкилотига таклиф қилиниб, “Ёшлар қаноти” гуруҳи аъзолари билан суҳбат ташкил этилди. Учрашув давомида Қодири Форумда олган таассуротлари, келгуси иш режалари ҳапқида сўзлаб берди.

- Камтарона меҳнатларимнинг бундай юксак эътироф этилишида  O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” гуруҳининг ҳам ҳиссаси бор. Яратаётган инновацион ишланмаларим электоратимиз вакиллари бўлмиш тадбиркорларга, фермерларга қўл келиб, уларнинг оғирини енгил қилишидан умидворман, - дейди Қодири Қоплонбек.

Халқимизда бирники ўнга, ўнники мингга, деган нақл бор. Партиядошимизнинг қўлга киритган ютуқлари бошқа маслакдош ёшларимизни ҳам янги марралар сари ундаши табиий.

Холбек АСАДОВ,

O‘zLiDeP Жиззах вилоят Кенгаши

“Ёшлар қаноти” гуруҳи раҳбари

  • Кўрилди
    390
  • Чоп этиш
  • Дўстлар билан улашиш
← Орқага қайтиш

Фикрингизни қолдиринг

Расмдаги мисолнинг жавобини киритинг, агар расмдаги сонлар кўринмаса "Ctrl+F5" тугмасини босинг.

+